Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тинч-тотув яшаш ва умумий тараққиётга интилиш – Ўзбекистон ва Туркманистоннинг мустақиллик йилларида тўплаган ноёб бойлигидир
11:53 / 2021-05-02

Халқаро экспертлар Ўзбекистон ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 29 апрель куни амалий ташриф билан Туркманистонда бўлди. Давлатимиз раҳбарининг мазкур ташрифи, унинг доирасида ташкил этилган қўшма тадбирлар халқаро ҳамжамиятда катта қизиқиш уйғотди.

Меҳмет Сейфитдин Эрол, Анқаранинг “AnkaSAM” таҳлилий маркази директори, профессор:  

– Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга ташрифи, унинг доирасида ўтказган музокаралари, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг отаси – Маликгули Бердимуҳамедовни хотирлаш тадбирларида иштирок этгани икки қўшни мамлакат ва уларнинг халқлари ўртасидаги азалий дўстлик ва биродарлик алоқалари тимсолидир. Ташриф давомида ташкил этилган қўшма тадбирлар Ўзбекистон – Туркманистон яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ва минтақавий ҳамкорликни кенгайтиришга ҳисса қўшади.

 Ташриф давомида ҳукм сурган дўстона муҳит, иккала томоннинг ўзаро ишончи, минтақавий масалалар бўйича қарашлари ва нуқтаи назари ўхшашлиги туркий дунёнинг Марказий Осиёдаги икки муҳим давлати ўртасидаги муносабатларни чуқурлаштириш учун катта салоҳиятдан далолат беради.

Эътиборга молик жиҳати шундаки, Президент Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида ўзининг илк хорижий ташрифини 2017 йилда Туркманистонга амалга оширган эди. Ушбу қадам нафақат Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги икки томонлама алоқалар, балки бутун минтақа учун муҳим аҳамиятга эга эди. Чунки бу Тошкентнинг ташқи сиёсатда қўшни мамлакатлар билан яхши қўшничилик ва қўшилмаслик муносабатларига содиқлигини яққол кўрсатиб берган эди. Бу Ўзбекистоннинг Россия, Хитой ва АҚШ каби йирик мамлакатларнинг Марказий Осиёдаги манфаатларидан тенг масофада мустақил ташқи сиёсатни давом эттиришидан далолат берганди. Узоқни кўзлаган сиёсатга оид бу каби мисоллар Ўзбекистон раҳбариятига бўлган ҳурматни оширади, мамлакатнинг халқаро муносабатларнинг мустақил ва фаол субъекти сифатидаги обрўсини мустаҳкамлайди.

Меҳмет Коже Карагўз, «Sahipkiran» стратегик тадқиқотлар маркази директори (Туркия):

– Ўзбекистон Президентининг Туркманистонга ташрифи қўшни мамлакатга бўлган дўстона муносабатнинг самимий табиати ва олий даражадаги учрашувларга бой бўлгани билан эътиборни тортди.

Музокаралар чоғида Президентлар Ш.Мирзиёев ва Г.Бердимуҳамедов икки томонлама ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалаларини муҳокама қилди, халқаро транспорт ва транзит йўлагини ташкил этиш тўғрисидаги Ашхабод келишувини бундан буён ҳам биргаликда илгари суриш, шунингдек, Хитой – Марказий Осиё – Жанубий Кавказ – Туркия мультимодал  маршрутининг самарали ишлатилишини таъминлаш ва транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканликларини таъкидлашди.

Ўзбекистон ва Туркманистон раҳбарларининг минтақавий  масалалар бўйича қарашларининг ўхшашлиги 150 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган туркий дунё маконида бозор, экспорт-импорт, транзит ва  инвестициявий имкониятлардан самарали фойдаланиш учун қулай шароит яратиши мумкин.  

Умуман, тинч-тотув яшаш ва тараққиётга бўлган ўзаро интилиш Ўзбекистон ва Туркманистоннинг мустақиллик йилларида тўплаган ноёб бойлигидир. Қарийб 30 йиллик мустақил тараққиёт даврида минтақанинг икки мамлакати ўртасидаги ўзаро муносабатлар мустаҳкамланди. У суверен тенглик, чегаралар дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал қилиш, куч ишлатмаслик, ички ишларга аралашмаслик ва халқаро ҳуқуқнинг бошқа умумэътироф этилган меъёрларига асосланади. Ҳар икки мамлакат ҳам узоқ муддатли ҳамкорлик учун кенг имкониятларга эга ва бугунги кунда стратегик шерикликнинг янги, янада юқори поғонасига кўтарилмоқда.

ЎзА