Фавворалар “қўшиғи”га қулоқ солганмисиз? Фаввора киши хаёлини сўлим масканлар томон етаклайди. Фаввора олдида бир муддат ёлғиз қолиб уни тинглаганда, сизга у кўплаб ҳаяжонли ва сокин, шунингдек,узоқ хотираларни ҳадя этади.
Шаршара товушига қушларнинг ноласи қўшилса ва ранглар рақс айласа баҳри дилингиз янада яйрайди. Кундалик ҳаёт ташвишларини бир фурсат бўлса-да унутасиз, шунинг баробарида руҳан тетиклашасиз. Эртанги кунга теран нигоҳ билан боқишга, янгилик ва эзгу амалларга қўл уришга ошиқасиз.
Фаввора... Енгил шаббода, салқин сув тафти одамга чексиз ҳузур бахш этади. Фаввора ёнида нурли келажак ҳақида хаёлларга ғарқ бўламан. Кўкка томон кўтарилаётган зилол сув томчиларига термулганим сайин фикрим тиниқлашиб, кўнглим равшан тортиб бораётгандек бўлаверади.
Кейинги йилларда пойтахтимизнинг турли манзилларида кўплаб тураржойлар ва меҳмонхоналар, анжуманлар ўтказишга мўлжалланган бинолар қад ростлади ва бундай бинолар қурилиши давом этмоқда. Уларнинг олди қисмида эса бир-бирини такрорламайдиган, киши эътиборини тортадиган фавворалар ҳам кўрк бериб турибди. Уларни нома-ном санаш мумкин.
Янги фавворалар орасида яқинда таъмирдан чиқарилган Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театрига кўрк бағишлаб турган фаввора биз тенқур инсонларга ёшлик йилларини эслатиб туради.
Ҳар сафар шу манзилга келсам, фаввора атрофида сайр қилиб юрган кекса ёшдаги кишилар ва кўплаб ёшларга кўзим тушади. Шу билан бирга кўплаб хорижлик сайёҳларнинг ҳам театр ва фавворани ҳайрат билан кузатиб турганига гувоҳ бўламан.
Кўҳна хотиралар жонланади. Балким сизнинг ҳам фаввора билан боғлиқ ўзбек фильмлари орасидаги энг сара асарлар қаторидан ўрин олган “Чинор остидаги дуэл” фильми хотирангизга келган бўлса ажаб эмас. Айниқса, фаввора билан боғлиқ кадрлар сизни бутун бошли фильмни тўлиқ ёдга олишга, ўша давр билан бирга яшашга чорлайди.
Фавворалар... Ёзнинг жазирама кунлари бошланди. Инсонлар бу кунларда соя-салқин жойларга ошиқади. Дам олиш кунлари эса шаҳардан чекка жойларда ҳордиқ чиқаришни ният қилади. Жуда бўлмаганда шу каби фавворалар улар жонига оро кириши ҳам бор гап. Кечки томон фарзандлар ва набиралар билан бирга мен учун болалик хотираларни ёдга олувчи фаввора томон йўл олдим. У ердаги ўзгаришларни кўриб янада хурсанд бўлдик.
Бундан етти-саккиз йиллар илгари фаввора атрофидаги йўлаклар тартибсиз ва аҳоли учун етарли ўриндиқлар йўқ, ҳар ердаги ўйдим чуқурлар киши дилини ранжитарди. Бугун ҳаммаси ўзгача. Театр майдони тўлиқ таъмирдан чиққан. Кўкаламзор майдонлар анча кенгайган, йўлакларга замонавий шаклдаги тошлар ётқизилган. Шу билан бирга ҳар бир йўлакларга миллий усулдаги ўриндиқлар ва турли чиқиндиларни ташлаш учун шинам қутилар ўрнатилган. Майсалар суғориш тизимига уланган. Бир сўз билан айтганда, атрофдаги гўзаллик ҳар қандай дам олувчини бефарқ қолдирмайди.
Театр майдонида тез-тез ташкил этилаётган турли мусиқий тадбирлар дам олувчиларни доимий ўзига чорлаб турибди. Фавворадан кўкка томон отилаётган сув зарралари мусиқа оҳангига мос рақс тушаётгандек, гўё.
[gallery-23810]
Дилларни яйратувчи, кўнгилларга ҳузур, руҳиятга тетиклик бағишловчи фаввора “қўшиғи” яхшилик ва эзгулик улашишда давом этмоқда. Тинч ва осуда юртга шундай фавворалар ярашади.
Асрор Сулаймонов, ЎзА