Тошкентда ўтказилган “Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик” мавзусидаги халқаро илмий анжуман иштирокчилари кўҳна ва боқий Бухорода бўлди.
Анжуман қатнашчиси Мичиган университети профессори Тимур Хожаўғли бугун Бухоро давлат Педагогика институти ректори, профессор Баҳодир Маъмуров ҳамроҳлигида профессор-ўқитувчилар ҳамда ёшлар билан учрашди.
Дастлаб меҳмонга институт фаолияти тўғрисида маълумот берилди. Талабалар томонидан тайёрланган кўргазма Тимур Хожаўғлига катта таассурот қолдирди.
Меҳмон “Туркистонда турк зобитлари” номли китобини институт кутубхонасига эсдалик учун топширди. Учрашувда меҳмон “Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик” мавзусидаги халқаро илмий анжумани ҳақида ўз фикрларини билдирди.
[gallery-15078]
– Бундан бир аср илгари жадидлар асос солган “Дорил муаллимин” деб айтилган Бухоро давлат Педагогика институтида бу ерга келганимдан бахтиёрман, – дейди Мичиган университети профессори Тимур Хожаўғли. –Таълим даргоҳидаги профессор-ўқитувчилар ва ёшлар билан учрашдим. Бундан жуда хурсанд бўлдим. Институтда талабалар томонидан тайёрланган кўргазмалар мени жуда ҳам ҳайратга солди. Бундан бир аср олдин фаолият бошлаган мазкур институт бугун давлат раҳбарининг ташаббуси билан яна дунёга юзланмоқда. Ҳаммага маълумки, Бухоро тарихда замонавий мустақил жумҳурият бўлиб, Москва, Истанбул, Берлинга талабаларни юборган. Талабалар олий таълим олиб ватанига қайтган. Бир қисми эса қайтиб келганда совет тузуми уларни ҳибсга олиб совуқ ўлкаларга сургун қилган, қатл этган. Тарих гувоҳлигида уларнинг аксарияти Туркия ва бошқа мамлакатларда қолиб, илм олган, олим бўлган. Натижада қолиб кетган мамлакатларнинг илмига катта ҳисса қўшган. Афсуски, Бухоро шу жумладан, Ўзбекистон ўзининг олимлари илмидан фойдалана олмаган. Аммо энди давлат раҳбарининг ташаббуси билан Тошкентда“Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик” мавзусидаги халқаро илмий анжумани ўтказилди. Унинг давомида кўҳна ва боқий Бухорога келиб Усмон Хўжа ўғли (Усмонхўжа Пўлатходжаев) ва унинг укаси Атаулла Хўжа ўғли яшаган уйларни жадидлар мероси музейига айлантириш бўйича очиқ илмий мунозараларни ўтказдик. Мазкур ҳовлида тез кунлар орасида жадидлар мероси халқаро музейини ташкил этамиз.
Учрашувда профессор Тимур Хожаўғлига Бухоро давлат Педагогика институтининг совғалари топширилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.