English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тимоти Смарт: “Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотларнинг жадал суръати ҳар қандай кишини ҳайратга солади”
09:06 / 2024-08-30

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА сайтида ташкил этилган  “Дипломатик ракурс” лойиҳасида мамлакатимизда фаолият юритаётган халқаро ташкилотлар раҳбарлари, хорижий давлатлар элчилари билан интервью ва суҳбатлар бериб борилади.

Лойиҳанинг навбатдаги сонида Буюк Британиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Тимоти Смарт билан суҳбатлашдик.

– Элчи жаноблари, дипломатлик қизиқарли ва шу билан бирга жуда масъулиятли иш. Ушбу соҳани танлашингизга ким ёки нима сабабчи бўлган? Фаолиятингиз давомида қайси давлатларда ишлагансиз?

Иккинчи Жаҳон урушида боболарим Қироллик ҳаво кучлари таркибида фашистларга қарши курашган. Мен уларнинг душман зулмини енгиш, дунёни адолатли ва демократик манзилга айлантириш учун берилган қурбонликлар ҳақидаги ҳикояларини эшитиб улғайганман. Боболаримнинг давлат хизматига садоқати, демократияга ишончи мени дипломат бўлишга ундаган.

Фаолиятим давомида Исроил, Фаластин ва Ироқда дипломат, Соломон ороллари, Фужи ва Мадагаскарда элчи бўлиб ишладим. Ҳозир Ўзбекистонда фаолият юритаётганимдан жуда мамнунман.

Юртимизга келишдан олдин Ўзбекистон ҳақида қандай фикрда эдингиз? 

Университетда антик тарихни ўрганганимда қадимги Эрон ва Сўғд  диёри мени доимо ҳайратга солган. Марказий Осиёнинг глобал ғоя, маданият, савдо, илм-фан ва дин алмашинуви билан боғлиқ тарихий аҳамияти хусусида кўп маълумот тўплаганман. Тахминан икки минг йил давомида дунёнинг маркази ҳисобланган ушбу минтақа Шарқ ва Ғарб ўртасида асосий кўприк вазифасини ўтаган. Бугун Марказий Осиё айнан ўша мавқейини, жаҳон саҳнасидаги ўрнини қайта тикламоқда. Ўзбекистон эса жадал суръатда ривожланаётган, ташқи дунё учун очиқ мамлакатга айланди. Зеро, республика XXI асрда адолатли ва демократик жамият сифатида тараққий этиш учун янги ғоя, технология излаш баробарида ажойиб анъаналари, тарихини тикламоқда. Бундай юртда яшаш ва ишлаш кишига завқ бағишлайди.

– Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар, савдо-иқтисодий ҳамкорлик самаралари ҳақида тўхталсангиз?

 Йиллик савдо айланмаси ярим миллиард долларга яқинлашди. Табиийки, бу кўрсаткични янада кўпайтириш учун кенг имконият мавжуд. Ўзбекистонда таълим, инфратузилма, кончилик ва профессионал хизмат каби турли соҳаларда иш юритишни истаган Буюк Британия корхоналари билан яқин ҳамкорлик қиляпмиз. Ҳукумат даражасида келишувлар тузяпмиз. Масалан, жорий йил апрель ойида собиқ ташқи ишлар вазири Лорд Кэмерон ва Ўзбекистоннинг амалдаги ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов имзолаган ўзаро англашув меморандуми бизнес вакилларини йирик инфратузилма лойиҳаларида бирга ишлашга ундайди. Шунингдек, биз рақобатбардош молиялаштиришни қўллаб-қувватлаймиз ва ривожланаётган мамлакатлар савдо тизими орқали Буюк Британияга экспорт қилаётган ўзбек бизнесига қулай имтиёзлар таклиф этамиз. Шу ўринда айтиб ўтмоқчиман, Буюк Британия Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ва халқаро савдо алоқаларини янада ошириш мақсадини қатъий қўллаб-қувватлайди.

Таълим соҳасида амалга оширилаётган лойиҳаларга ҳам тўхталиб ўтсангиз?

Таълим плюралистик жамият асоси сифатида иқтисодий-ижтимоий ривожланиш ва барқарорликни мустаҳкамлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ўзбекистон таълим соҳасида, жумладан, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида муайян ютуқларга эришди. Шу билан бирга таълим сифати масаласида айрим бўшлиқ сақланиб қолаётгани ҳам бор гап. Бу камчиликни бартараф этиш учун ҳамкорликда бир қатор лойиҳалар амалга ошириляпти. Жумладан, Таълим учун глобал ҳамкорлик – Global Partnership for Education дастури ишлаб чиқилган. Британия Кенгаши олий таълим сифатини таъминлаш, университетларни бошқариш, инглиз тили ўқитувчилари билан кенг қамровли иш олиб боришга интиляпти.

Ҳозир 3 мингга яқин ўзбекистонлик талабалар Буюк Британияда таҳсил оляпти. Талабалар учун ўқиш, иш топиш, виза билан боғлиқ жараённи ҳал этишда қандай қўшимча имкониятлар мавжуд?

– Буюк Британиядаги жаҳоннинг етакчи университетларида нуфузли “Chevening” стипендиясини қўлга киритган магистрантлар билан бир қаторда Ўзбекистондан борган кўплаб талабалар таҳсил олаётганидан хурсандмиз. Қироллик олий таълим муассасалари ҳуқуқ, молия, муҳандислик, тиббиёт, санъат каби турли соҳаларда самарали таълим ва тадқиқот тизимига эга кенг доирадаги курсларни таклиф қилади. Мен маҳаллий ёшларни Буюк Британияда ўқиш ҳақида ўйлаши, ўзлари хоҳлаган даража эҳтиёжига мос келишига ишонч ҳосил қилиши учун университетлар танлови акс этган рисолаларни кўриб чиқишга ундаган бўлар эдим. Мавжуд тизим уларга ёрдам беришига ишончим комил.

Виза борасида берадиган маслаҳатим шу: фирибгарлик қурбони бўлмаслик учун фақат расмий манбалардан маълумот олиш тавсия қилинади. Британия университетлари юқори малакали чет эллик талабалари билан машҳур ва ўз талабалари мамлакатга кириши, маҳаллий ҳаётга мослашиши учун зарур ҳужжатларни олишга доим кўмаклашади.

Ўзбекистон Бирлашган Қироллик билан меҳнат миграцияси соҳасида ҳам кенг алоқани йўлга қўйган. Британияда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини иш билан таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида қандай ишлар олиб бориляпти? Бу борада элчихона  томонидан қандай ёрдам ёки тавсия берилади?

 Қайд этиш этиш керак, Ўзбекистонда меҳнат миграцияси соҳасида жиддий ислоҳот олиб бориляпти. Географияни кенгайтириш, айниқса, Европа давлатлари билан шерикликни кенгайтириш борасидаги ишлар таҳсинга сазовор. Шундай самарали ҳамкорлик Бирлашган Қироллик билан ҳам тизимли йўлга қўйилмоқда. Ҳозир меҳнат муҳожирларимиз учун Буюк Британияда ишга жойлашишнинг асосий йўналиши мавсумий ишчилар тизими (SWS) ҳисобланади. Бу талабгорга боғдорчилик ёки паррандачилик соҳасида исталган 12 ойлик даврда 6 ойгача ишлаш имконини беради. 2023 йил 4091 нафар Ўзбекистон фуқароси Буюк Британияга мавсумий ишчи визасини олди.

Хабарингиз бор, Ўзбекистонда катта байрам – Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллиги кенг нишонланяпти. Ушбу айём муносабати билан Ўзбекистонда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларга муносабатингиз?

– Фурсатдан фойдаланиб, ўзбекистонликларни ажойиб шодиёна – Мустақилликнинг 33 йиллиги билан муборакбод этаман. Тантаналарда қатнашишни интиқлик билан кутяпман. Шу ўринда эътироф этишни истардимки, сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотларнинг жадал суръати ҳар қандай кишини ҳайратга солади. Биз жадал иқтисодий ўсиш, иқтисодиётни либераллаштириш, юзлаб сиёсий маҳбусларни озод этиш, коррупцияга қарши муросасиз курашиш, халқаро савдо ва дипломатик алоқаларни диверсификация қилиш, Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш йўлидаги беқиёс саъй-ҳаракатларга гувоҳмиз. Мамлакатда камбағаллик даражаси кескин пасайди, гендерга асосланган зўравонлик барҳам топяпти, диний ва сўз эркинлиги таъминланяпти, хорижий тилларни ўрганишга эътибор ортди. Айниқса, оммавий ахборот воситаларида очиқлик ва эркинлик таъминланиши борасида самарали ишлар қилинди.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ҳукумати ва халқи билан ҳамкорликда давлатларимиз манфаатига хизмат қиладиган ислоҳотларга ҳисса қўшаётганимдан мамнунман.

Ўзбекистонда ишлаётганим ва яшаётганимдан бахтиёрман!

ЎзА мухбири

Гўзал Сатторова суҳбатлашди.