Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тимоти Смарт: Ўзбекистон ва Буюк Британия муносабатлари янги динамик босқичга кўтарилди
17:28 / 2026-02-18

Ўзбекистон Республикаси ҳамда Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига жорий йилнинг 18 февраль санасида 34 йил тўлди. Ушбу давр икки давлат ўртасидаги изчил ҳамкорлик, юксак ўзаро ишонч ва мустаҳкам стратегик шериклик тарихига айланди.

Сўнгги йилларда икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Айниқса, сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқалар, таълим, хавфсиз миграция, инфратузилмани ривожлантириш ҳамда “яшил” иқтисодиёт йўналишларидаги шериклик жадал ривожланмоқда. Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар Британия ишбилармон доиралари ва давлат тузилмалари билан алоқаларни янада чуқурлаштириш учун янги имкониятлар эшигини очди.

Шу муносабат билан ЎзА мухбири Буюк Британиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Тимоти Смарт билан суҳбатлашди. Суҳбат давомида икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболдаги муҳим лойиҳалар хусусида сўз борди.

– Жаноб Элчи, 18 февраль – мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилган кун. Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон ва Буюк Британия алоқаларининг эволюцион ривожланишини қандай баҳолайсиз?

– Авваламбор, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг 34 йиллиги Буюк Британиянинг савдо бўйича махсус вакили Лорд Олдердайснинг Ўзбекистонга ташрифи билан нишонланаётганидан ғоят мамнунман. Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилиниш шарафига муяссар бўлдик. Ўзбекистон ҳукуматининг самимий қабули ва юксак меҳмондўстлиги учун миннатдорлик билдирамиз. Шунингдек, келаси ҳафта Лондонда бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё – Буюк Британия” (C5+1) шаклидаги ташқи ишлар вазирлари саммитини катта қизиқиш билан кутяпмиз.

Ўтган ўттиз йилдан зиёд вақт мобайнида муносабатларимиз қамрови сезиларли даражада кенгайди. Дастлабки босқичда оддий дипломатик алоқалар сифатида бошланган ҳамкорлик бугунги кунда ўзаро манфаатлар ва муштарак қадриятларга асосланган кенг қамровли ҳамда конструктив шериклик даражасига кўтарилди. Сиёсий мулоқот, таълим, савдо, хавфсизлик ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқалар изчил ривожланди. Айниқса, сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда ҳаётга татбиқ этилаётган тизимли ислоҳотлар ушбу жараёнларга янги суръат бағишлади. Бугунги муносабатларимиз ҳар қачонгидан ҳам динамик, истиқболга йўналтирилган ва ўзаро манфаатли хусусиятга эга.

– Бугунги кунда миграция глобал миқёсдаги долзарб масалалардан бирига айланди. Хавфсиз ва қонуний миграцияни таъминлаш борасидаги икки томонлама ҳамкорлик истиқболларини қандай тавсифлайсиз?

– Буюк Британия Ўзбекистон билан хавфсиз ва қонуний миграцияни таъминлаш ҳамда миграция йўналишларини диверсификация қилиш борасидаги шерикликни мустаҳкамлаш тарафдоридир. Таъкидлаш жоизки, Буюк Британия ўзбекистонлик фуқаролар учун истиқболли меҳнат бозорига айланиб бормоқда. Биз Халқаро миграция ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда Ўзбекистон Миграция агентлиги билан яқин ҳамкорликда “Мавсумий ишчилар дастури” (SWS) доирасида махсус лойиҳани амалга оширмоқдамиз. Ушбу ташаббус меҳнат мигрантларининг ўз ҳуқуқларини англаши, асосли қарорлар қабул қилиши ҳамда сохта ваъдалар ва нотўғри ахборот хатарларидан ҳимояланишига хизмат қилади.

Лойиҳа миграция жараёнининг барча босқичларини қамраб олади: жўнаб кетиш олдидан йўриқномалар бериш, инглиз тилига ўқитиш ва ахборот кампанияларидан тортиб, ватанга қайтгандан сўнг молиявий саводхонлик, бизнес кўникмаларини шакллантириш ва кичик грантлар ажратишгача бўлган жараёнларни ўз ичига олади. Яқинда мазкур дастурнинг тўрт нафар иштирокчисига Ўзбекистонда ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун грантлар топширилди.

Бизнинг узоқ муддатли мақсадимиз – хавфсиз ва шаффоф меҳнат мобиллигини таъминлаш орқали ижтимоий-иқтисодий тараққиётга ҳисса қўшиш ҳамда Марказий Осиё ва Буюк Британия ўртасидаги масъулиятли шерикликни янада чуқурлаштиришдир.

– Таълим соҳаси мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг энг муҳим устунларидан бири саналади. Британия олий таълим муассасалари билан йўлга қўйилган алоқалар ўзбекистонлик ёшлар учун қандай имкониятлар эшигини очмоқда?

– Дарҳақиқат, таълим соҳасидаги шериклик Ўзбекистон ва Буюк Британия муносабатлари ўрнатилган илк даврлардан буён устувор йўналиш бўлиб келмоқда. 2002 йилда Тошкент шаҳрида Вестминстер халқаро университетининг ташкил этилиши мамлакатингиздаги илк хорижий олий таълим муассасаси сифатида тарихда қолди ва у бугунги кунда ҳам етакчи таълим масканларидан бири бўлиб қолмоқда. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Британия университетлари дипломларини таклиф этувчи 13 та трансмиллий таълим муассасаси муваффақиятли фаолият юритмоқда. Бу ўз навбатида жаҳон даражасидаги таълим стандартларига бўлган юксак ишончнинг ифодасидир. Айни пайтда 15 минг нафар ўзбекистонлик талаба Британия даражаси ёки дипломи асосида таҳсил олмоқда. Таққослаш учун, ўтган йили бу кўрсаткич 10 минг нафарни ташкил этган эди.

Шунингдек, “Chevening” стипендия дастури иқтидорли мутахассисларга Буюк Британияда билим олиб, Ватан равнақи учун хизмат қилиш имконини бермоқда. Британия Кенгаши эса 35 йиллик фаолияти давомида инглиз тили таълимини оммалаштириш ва маданий-академик алоқаларни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келяпти. Кембриж баҳолаш тизимининг Президент мактаблари билан ҳамкорлиги эса таълим сифатини халқаро андозаларга мослаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси глобал рақобатбардош кадрлар авлодини шакллантиришга қаратилган.

– Маълумки, Буюк Британия олий таълим сифатини назорат қилиш ва стандартлаштириш борасида бой тажрибага эга. Ушбу тажриба Ўзбекистон таълим тизимидаги ислоҳотларга қай даражада интеграция қилиниши мумкин?

– Буюк Британия шаффоф ва халқаро миқёсда эътироф этилган сифатни таъминлаш тизимларини шакллантиришда катта тажриба тўплаган. Ўзбекистонда таълим ислоҳотлари изчил тус олган бир пайтда, биз ушбу тажрибани баҳам кўришга тайёрмиз. Британия университетлари ва сифатни баҳолаш институтлари ўзбекистонлик ҳамкорлари билан аккредитация механизмларини модернизация қилиш, университет бошқарувини такомиллаштириш ва педагоглар малакасини ошириш йўналишларида яқин ҳамкорлик қилмоқда. Биз Ўзбекистонда таълим стандартларини юксалтириш борасидаги қатъий сиёсий иродани юксак қадрлаймиз. Техник кўмак ва институционал шериклик орқали биз талабалар ва жамият манфаатларига хизмат қиладиган замонавий таълим тизимини барпо этишда иштирок этаётганимиздан мамнунмиз.

– Иқтисодий алоқалар, хусусан, савдо ва инвестициялар соҳасидаги кўрсаткичлар сезиларли даражада ўсмоқда. Сизнингча, қайси йўналишлар икки томонлама иқтисодий ҳамкорлик учун энг истиқболли ҳисобланади?

– 2016 йилда икки томонлама савдо айланмаси ҳажми 73 миллион фунт стерлингни ташкил этган бўлса, бугунги кунда бу рақам 2,2 миллиард фунт стерлингга етди. Бу ўсиш динамикаси иқтисодий алоқаларимизнинг нақадар салоҳиятли эканидан далолат беради. Яқинда ўтказилган Буюк Британия – Ўзбекистон инфратузилма конференциясида 30 дан ортиқ Британия компаниялари иштирок этди. Улар қурилиш, лойиҳалаш, шаҳарсозлик ва соғлиқни сақлаш каби соҳаларда дунёдаги энг илғор тажрибага эгадир. Шунингдек, туризм, маданий мерос объектларини реставрация қилиш ва “яшил” иқтисодиётга ўтиш учун зарур бўлган стратегик минералларни қазиб олиш соҳаларида ҳам ҳамкорлик имкониятлари ниҳоятда кенг. Ўзбекистонда инвесторлар учун яратилаётган шаффоф муҳит Британия ишбилармонларининг мамлакатингизга бўлган қизиқишини янада оширмоқда.

– Иқлим ўзгариши ва “яшил” тараққиёт бугунги куннинг энг долзарб масаласи. Бу борада мамлакатларимиз қандай амалий қадамларни биргаликда ташламоқда?

– Ҳар икки давлат иқлим ўзгаришига қарши курашишда кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўриш зарурлигини теран англайди. Биз қайта тикланувчи энергия манбалари, сув ресурсларини оқилона бошқариш ва “яшил” молиялаштириш йўналишларида мунтазам мулоқотдамиз. Техник тажриба алмашиш ва тоза технологияларга сармоя киритиш орқали Ўзбекистоннинг “яшил” трансформация жараёнларини тезлаштириш устувор вазифамиздир.

– Жаноб элчи, шахсан сизни Ўзбекистонда энг кўп нима ҳайратлантирди? Британия жамоатчилиги учун Ўзбекистоннинг ҳали кашф этилмаган қандай салоҳиятли жиҳатлари бор, деб ўйлайсиз?

– Мени энг кўп ҳайратлантирган жиҳат – ўзбек халқининг юксак меҳмондўстлиги, инсоний самимияти ҳамда қадимий анъаналар билан замонавий модернизациянинг ажойиб уйғунлигидир. Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарлар — инсоният тамаддунининг нодир дурдоналари. Ишончим комилки, Буюк Британияда кўпчилик ҳали Ўзбекистоннинг бой маданий ва табиий салоҳиятидан тўлиқ хабардор эмас. Туризм — мамлакатингизнинг ҳали тўлиқ кашф этилмаган улкан бойлигидир. Британиялик сайёҳлар Ўзбекистоннинг бетакрор меъморчилиги, пазандачилик санъати ва табиатини кашф этар экан, мамлакатингизнинг халқаро нуфузи янада юксалаверади.

Хулоса қилиб айтганда, 34 йиллик ҳамкорлик давомида биз мустаҳкам стратегик шериклик пойдеворини яратдик. Таълим, хавфсиз миграция ва “яшил” тараққиёт каби йўналишлардаги натижалар истиқболдаги муносабатларимиз янада порлоқ бўлишидан далолат беради.

– Мазмунли суҳбат учун ташаккур, жаноб элчи.

ЎзА мухбири Мусулмон Зиё суҳбатлашди