Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тимоти СМАРТ: Британия Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши тарафдори
09:39 / 2023-08-31

30 август куни мамлакатимизга янги тайинланган хорижий элчилар томонидан ишонч ёрлиқларини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Президент Шавкат Мирзиёевга ишонч ёрлиқларини топширган Буюк Британия элчиси Тимоти Смарт мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар кўламини юқори баҳолаб, миссияси давомида Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги оқилона сиёсатини инобатга олиб, икки томонлама муносабатларга янги руҳ бағишлашини таъкидлади.

– Мамлакатингиз жуда тез суръатларда ривожланиб бормоқда. Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилаётган таклиф ва ташаббуслар, шунингдек, амалдаги ислоҳотлар дастурининг кўлами жуда кенг. Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси сифатида ўзаро ҳамкорлигимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрман.

Таълим соҳасини оладиган бўлсак, деярли барча вазирлар ва ҳукумат расмийлари инглиз тилида аъло даражада гапирмоқда. Бу, албатта, жуда ҳайратланарли. Савдо-инвестициявий алоқалар ҳам кенгайиб бормоқда. Республиканинг инфратузилмавий қиёфаси кундан-кунга янгиланаяпти, дейиш мумкин. Бунинг замирида эса қулай бизнес юритиш муҳити ва қонун устуворлиги ётибди.

Британия томони Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши тарафдори. Британиялик инвесторларни ҳамкорликка чорлаб, мамлакатингиз иқтисодиётини юксалтиришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик. Қандайдир масалалар юзага келса, барчасини ўзаро ҳурмат ва манфаатли ҳамкорлик орқали енгиб ўтамиз.  

Икки мамлакатни боғлаб турувчи жиҳатлар бисёр, бир-биримиздан кўп нарсани ўргансак бўлади. Менинг вазифам эса мана шу ўзаро ришталарни мустаҳкамлаш ва демократик жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишдан иборат. Ўзбекистонда ўз миссиямни олиб бораётганимдан жуда хурсандман.

ЎзА мухбири

Б.ХУДОЙБЕРДИЕВ

 ёзиб олди.