Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Times of India” газетаси: Ўзбекистон хорижий сайёҳлар ташрифи учун энг қулай мамлакатлардан биридир
18:08 / 2021-03-25

Ҳиндистонда чоп этиладиган “Times of India” газетасида 23 март куни “Ўзбекистонда саёҳат қилиш учун тавсия қилинадиган энг машҳур манзиллар” сарлавҳали мақола чоп этилди. Мақола муаллифи – Панчали Дей.

Мақолада юртимизнинг географик жойлашуви, қадимий тарихи ва бой маданий мероси, сайёҳлар учун жозибали манзиллари ҳақида сўз юритилади.

“Қадимий Буюк ипак йўлида жойлашган Бухоро, Хива ва Самарқанд каби шаҳарлари билан машҳур Ўзбекистон хорижий сайёҳлар ташрифи учун энг қулай мамлакатлардан биридир. У ҳудуди жиҳатидан Буюк Британиядан икки баравар каттароқ бўлиб, қадимий тарихи ва бой маданий мероси билан диққатга сазовор. Ҳозир мазкур мамлакатдаги 4 та тарихий мажмуа ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган бўлса, 6 та номоддий мерос Номоддий маданий мерос рўйхатидан жой олган.

Қуйида сиз Ўзбекистонга саёҳат қилганингизда албатта кўришингиз шарт бўлган жойлар мисол сифатида келтирилган”, деб ёзади Панчали Дей.

Муаллиф дастлаб Самарқанд шаҳри ҳақида ёзади. “Самарқанд ёки “Маданиятлар чорраҳаси” – ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси объектларини тавсифлаш учун ишлатиладиган расмий атама. Гарчи бу ном ушбу манзилга саёҳат режалаштираётганингизда тасаввурингизда қадимий даврларни гавдалантирса-да, Самарқанд шаҳри бир вақтнинг ўзида ҳозирга қадар қадимий анъаналарини сақлаб келаётган замонавий, гавжум шаҳар ҳисобланади. Бу ерда бўлган вақтингизда шаҳарнинг энг машҳур сайёҳлик марказлари – Регистон майдони, Шоҳи Зинда ансамбли, Гўри Амир, Бибихоним мақбараларини кўрмай кета олмайсиз”, деб урғу беради муаллиф.

Мақолада саёҳат учун энг қулай навбатдаги манзил сифатида Тошкент келтирилган.

“Тошкент – Ўзбекистоннинг пойтахти ва шу билан бирга Марказий Осиёдаги энг йирик шаҳардир. Аҳолиси кўпмиллатли мазкур шаҳар маданий ранг-барангликни ўзида сақлаб қолган, узоқ тарихи давомида сиёсий, ижтимоий, диний ўзгаришларнинг гувоҳи бўлган”, дейилади мақолада.

Муаллиф шаҳар номининг луғавий таржимаси “тош шаҳар” маъносини англатишига эътибор қаратади. У Тошкент шаҳри узоқ тарихи давомида турли сабабларга кўра бир неча марта қайта қурилгани, жумладан, яқин ўтмишда, 1966 йил рўй берган зилзила шаҳарга жиддий талафот етказгани ҳақида ёзади.

Навбатдаги манзил – Бухоро шаҳри.

“Бир неча асрлар давомида Бухоронинг тарихий қисми ислом илоҳиёти ва фанлари учун муҳим илмий марказ бўлиб хизмат қилган. ЮНЕСКО Бухоро шаҳрини яхши мухофаза қилинган, намунавий Ўрта асрлар шаҳри сифатида тан олган. Бухородаги илмий, иқтисодий ривожланиш, шаҳарсозликнинг тараққий этиши Ўрта асрларда ислом оламига улкан таъсир ўтказган. Агар сизда ушбу жойга саёҳат қилиш имкони пайдо бўлса, унинг бой меъморий меросидан баҳраманд бўлиш учун эски шаҳар бўйлаб сайр қилинг ва завқланинг”, деб ёзади Панчали Дей.

Ҳиндистонлик таҳлилчи ўз мақоласида Хива шаҳрини алоҳида таърифлайди. “Мазкур шаҳар ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Ўзбекистоннинг биринчи шаҳри бўлиб, қадимий Буюк ипак йўли қадриятларини сақлашдаги муҳим ўрни билан дунёга машҳур. Алгебра фанининг отаси, алгоритмни бутун дунёга тақдим қилган машҳур қомусий олим Ал-Хоразмий ушбу ҳудудда таваллуд топган. Бу ерга ташриф буюрганингизда албатта гид хизматидан фойдаланинг ва ушбу мафтункор шаҳарнинг тарихи ҳақида кўплаб маълумотга эга бўлинг”, дейди у.

Мақолада Термиз шаҳри ҳам юртимизнинг сайёҳлар учун мафтункор манзилларидан бири сифатида қайд этилган. Муаллиф ушбу шаҳарнинг ҳудудий жойлашуви ва археологик ёдгорликларига тўхталиб ўтади.

“Гарчи айрим сайёҳлар мамлакатнинг энг жанубий нуқтаси – Термиз шаҳрига юқоридаги манзилларга нисбатан кам сафар қилсалар-да, бу ҳудудда бўлганлар унинг муҳим тарихий аҳамияти ҳақида гувоҳлик беради”, деб ёзади муаллиф. “Ислом цивилизациясидан олдинги даврларга тааллуқли кўплаб археологик ёдгорликларни ўзида жамлаган Термиз шаҳри шубҳасиз, бугунги рўйхатимиздан жой олишга ҳар томонлама ҳақли. Мазкур шаҳарга келгач, Термиз археологик музейига албатта боринг. Ундан сўнг “Кампир тепа” ва “Фаёз тепа” каби машҳур тарихий обидаларга саёҳатни режалаштиринг”, дейилади мақолада.

Маълумот учун: «Times of India» газетаси Ҳиндистондаги инглиз тилида чоп этиладиган энг оммабоп нашрлардан бири ҳисобланади. Газетанинг кунлик адади 3 миллиондан ошади.

ЎзА