Тилшунослик: муаммо ва ечим
Андижон давлат университетида “Нутқ маданияти ва ўзбек тилшунослигининг долзарб муаммолари” мавзусидаги халқаро онлайн илмий-амалий конференция ўтказилди.
Андижон давлат университетида “Нутқ маданияти ва ўзбек тилшунослигининг долзарб муаммолари” мавзусидаги халқаро онлайн илмий-амалий конференция ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Андижон давлат университети ҳамкорлигида ўтказилган мазкур онлайн анжуманда мамлакатимиздаги олий ўқув юртларининг тилшунос олимлари, тадқиқотчилари, соҳанинг ёш мутахассислари иштирок этиб, ўзбек тили фонетикаси ва фонологияси, лексикологияси, грамматикасининг долзарб муаммолари ҳамда тилшуносликнинг анъанавий ва замонавий йўналишлари, лингвистик компетенцияни шакллантириш масалалари, лингво маданият ва лингво маънавиятшунослик, психолингвистика борасида эришилган натижалар, илмий муаммолар ҳамда уларни ҳал қилиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Анжуманда иштирокчиларнинг мавзу доирасидаги онлайн маърузалари тингланди. Шунингдек, мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, олиб борилаётган тадқиқот ишлари самарадорлигини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
– Нутқ маданияти ва тилшуносликка оид муаммолар тилимиз тараққиётига маълум даражада салбий таъсир кўрсатади, – дейди Андижон давлат университети профессори Дилора Набиева. – Карантин шароитида онлайн тарзда ўтказилган мазкур анжуманда нутқимиз ва тилимиз билан боғлиқ муаммолар, уларни бартараф этиш хусусида фикрлашиб олдик. Энг асосийси, анжуман тилшунослар учун мавзу доирасида ўзаро тажриба алмашиш имконини берди ва барча учун бирдек фойдали бўлди.
Анжуманда, шунингдек, Қирғизистон ва тожикистонлик тилшунос олимлар ҳам иштирок этди.