Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тилшунос магистрантларга дипломлар топширилди
15:48 / 2023-08-10

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2022/2023 ўқув йилида ушбу ўқув даргоҳини муваффақиятли тамомлаган магистратура талабаларига диплом топшириш тантанали тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирни университетнинг Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори, педагогика фанлари доктори, профессор Одинахон Жамолдинова кириш сўзи билан очар экан, мамлакатимизда ёшларни олий таълим билан қамраб олиш масаласига устувор эътибор қаратилаётганини таъкидлади.  

Ўтган икки йил давомида магистрлар танлаган мутахассисликлари бўйича ўқув режалари ва дастурларда назарда тутилган фанлардан пухта билим эгалладилар. Кафедраларда ташкил этилган илмий семинарларда магистрлар соҳага оид муаммоларни ўрганиш, магистрлик диссертацияси учун мавзу танлаш жараёнида фаол бўлдилар. Бу эса уларнинг илмий-тадқиқот фаолиятига кириб боришларига хизмат қилгани эътиборли.  

Кўплаб ёшлар университетнинг етакчи олимлари илмий раҳбарлигида олиб борилган тадқиқот ишлари юзасидан республика ва халқаро миқёсдаги илмий-назарий анжуманларда илмий маърузалари билан иштирок этиб, нуфузли журналларда илмий мақолалари нашр қилди.  

Битирувчиларнинг 90 фоизини хотин-қизлар ташкил этгани ва контракт-тўлов асосида ўқиган магистрларга тўлов-контракт маблағлари Давлат бюджетидан қоплаб берилгани диққатга сазовордир.  Бундан унумли фойдаланган талабалар янада руҳланиб, ўқишларини таянч докторантура ва мустақил изланувчи институтларида давом эттириш, келажакда соҳанинг етук мутахассислари бўлиш ниятида эканлиги эътироф этилди.  

Жорий йилда университетда 12 та магистратура мутахассисликлари бўйича 266 нафар магистр ўқишни тамомлаб, магистрлик даражасига эга бўлди.  

Тантанали тадбир давомида намунали хулқи, илмга чанқоқлиги, жамоат ишларида фаоллиги, таълим жараёнида ўқув машғулотларини юқори даражада ўтагани, шунингдек, кафедра ихтисослиги бўйича илмий тадқиқоти йўналиши доирасида ташкил этилган йиғилиш ва конференцияларда  илмий мақолалари билан фаол қатнашгани  ва илм-фан соҳасига муносиб ҳисса қўшгани учун бир гуруҳ магистратура битирувчилари Фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.  

Тадбир сўнгида барча битирувчи магистрларга дипломлар топширилди.  

 

Н.Усмонова,  

ЎзА