Тил миллатнинг энг қадрли бойлиги бўлиб, унинг ўзлиги асоси, маънавий ва маданий қиёфасини акс эттирувчи муҳим бирлик саналади. Тилнинг яшовчанлиги унинг соҳиблари – унда сўзловчиларнинг қўлидадир. Муайян тилдаги адабиёт ва санъатнинг ҳам бундаги ўрни катта.
Турли тиллар минг йиллар мобайнида яшаб келмоқда. Шу жумладан, туркий тиллар оиласига мансуб ўзбек тили ҳам асрлар давомида сайқалланиб, такомиллашиб, бойиб келмоқда. Тилимиз илдизлари камида V-VII асрларга мансуб Ўрхун-Энасой битикларига бориб тақалади. Туркий оламнинг таниқли вакили Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғот ит-турк” асари туркий тиллар тарихи, шу қаторда ўзбек тилшунослиги учун ҳам муҳим манба саналади. Мазкур асарни ўрганиш жараёнида ҳозирда тилимизда мавжуд бўлган минглаб сўз ва иборалар, мақол ва маталлар минг йил аввал ҳам деярли бугунгидек кўринишда бўлганлигини кузатиш мумкин.
Ўзбек тилининг такомилида ўзбек мумтоз адабиёти вакилларидан Ҳофиз Хоразмий, Сайфи Сароий, Атоий, Саккокий, Амирий, Яқиний, Лутфий сингари шоирлар яратиб қолдирган мероснинг аҳамияти беқиёс. Зеро, муайян тилда қанчалик кўп бадиий матн яратилса, тилнинг ички кучи шунчалик ортиб боради.
Тилимизнинг энг юксак чўққиларни забт этиши ва машҳурлигини таъминлашда шеърият мулкининг султони Алишер Навоийнинг ўрни беқиёс. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳақли равишда эътироф этганидек, туркий-ўзбек тилида Навоийдек “ҳеч ким онча кўп ва хўб шеър айтқон эмас”.
Алишер Навоий ўзининг ўнлаб асарларида, шеъру достонларида тилимиз фасоҳати ва малоҳатини яққол ҳис этди ва китобхонларга ҳис қилдира олди. Унинг тўрт девондан иборат “Хазойин ул-маоний” номли фундаментал назмий мероси, беш достондан иборат “Хамса” асари чиндан ҳам туркий тилнинг бошқа тиллардан кам эмаслиги, аксинча, ҳар жиҳатдан бой ва гўзал эканлигини амалда исботлаб берди.
Турк назмида чу мен тортиб алам,
Айладим ул мамлакатни якқалам, – деганида шоир Навоий ҳақ эди. Сабаби, у ўз ижоди орқали туркий миллат ва элатларни якқалам қила олди, бирлаштирди. Нафақат ўзбек тили, балки ўнлаб туркий тилларнинг бадиий жиҳатдан мукаммаллик касб этишида Алишер Навоийнинг қилган саъй-ҳаракатлари беқиёс. Зотан, хорижий конференцияларда туркий тилдаги сўз янграр экан, бу тилда гапирувчи ҳар бир инсон Алишер Навоийдан миннатдор бўлиши керак, деган эътироф ўринлидир.
Бугун ўзбек тилининг жамият ҳаётидаги ва халқаро майдондаги мавқеини ошириш борасидаги давлат сиёсати изчил давом этмоқда. 2019 йил 21 октябрь куни Давлатимиз раҳбари “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга имзо чекканидан сўнг бошланган кенг кўламли ишлар самара бермоқда. Айниқса, эндиликда – 2025 йилда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 36 йил тўлиши муносабати билан бу соҳадаги эътибор янада кучайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида бугун инсоният олдида турган энг муҳим масалалар хусусида, ҳар сафаргидек ўзбек тилида нутқ сўзлагани тилимизнинг халқаро миқёсдаги мавқеини мустаҳкамлаш йўлида яна бир бор муҳим аҳамиятга эга бўлди. Бу нафақат адабий ёки илмий салоҳият, балки ўзбек тилининг сиёсий қудратини ҳам кенг миқёсда намоён этди.
Рақамли дунёда ўзбек тилининг мавқеи сезиларли даражада ошди. Википедия, Google, Facebook сингари дунёдаги йирик мессенжерлар, ижтимоий тармоқлар, интернет платформаларида ўзбек тилининг қўлланиш доираси кенгаймоқда. Ўзбек тилидаги матнлар таҳририга мўлжалланган компьютер дастурларини, шунингдек, ўзбек тилидан жаҳоннинг етакчи хорижий тилларига ва аксинча, таржима қилувчи дастурий маҳсулотларни яратиш бўйича ишлар фаоллашди. Бу эса ўзбек тилининг замонавий ахборот технологияларига фаол интеграциялашувини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
Ўзбек тилининг халқаро майдондаги обрўсини оширишда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети муҳим ўрин тутмоқда. Университет ташаббуси билан хорижий давлатларда Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва маданияти марказлари ташкил этилмоқда. Хусусан, 2024 йилда Хитой, Россия, Ҳиндистон, Қирғизистон сингари давлатлардан ташқари, Туркиянинг Бурса шаҳридаги Улудағ университетида ҳам Ўзбек тили ва маданияти маркази очилди. Бу марказлар ўзбек тили ва адабиётини ўрганишга қизиқувчи хорижлик тадқиқотчилар ва кўнгиллилар учун катта имконият яратди.
Ўзбек тили ва унинг тадқиқи ҳамда жаҳон миқёсидаги мавқеининг ошишига олимларимиз ҳам ҳисса қўшмоқдалар. Ўзбек тилини хорижда тарғиб ва тадқиқ этувчи олимлар сафи ҳам бойиб бормоқда. Буларнинг барчаси ўзбек тилига бўлган эътибор кўлами давлатмиз ва дунё миқёсида кенгайиб бораётганлигини исботлайди. Ўзбек тили – бугунги кунда дунё миқёсида 50 миллиондан ортиқ киши сўзлашадиган, БМТ минбарида янграган, ўз миллий ғурурини сақлаб қолган ва жаҳон илм-фан майдонига дадил кириб бораётган тилдир. Уни асраб-авайлаш, бойитиш ва келгуси авлодларга етказиш ҳар бир ватандошимизнинг шарафли бурчи бўлиб қолади.
Ўзбек тили ва умуман, туркий тиллар мавқеини ошириш учун Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар кўлами кенг. Масалан, Самарқанд давлат университети маъмурияти ташаббуси ва Туркия жумҳуриятининг Тошкентдаги элчихонаси тавсиясига биноан Туркия Республикаси Истанбул ва Мармара университетлари қошидаги Туркология илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда Самарқанд давлат университети ҳузурида Туркология илмий-тадқиқот институти ташкил этилди.
Туркология илмий-тадқиқот институтида Ўзбекистон Республикасининг Туркий давлатлар ташкилотига кирувчи мамлакатлар билан ижтимоий-сиёсий, маданий ва илмий алоқаларини, туркий цивилизациянинг муштарак ижтимоий-тарихий, маданий, адабий, лисоний, этник хусусиятларини, Марказий Осиё туркий цивилизацияси билан Онадўли, Кавказ, Волгабўйи, Сибир, Узоқ Шарқ ва Узоқ Шимолдаги туркий тамаддунларнинг ўзаро алоқаларини ва ҳамкорлик йўл-йўриқларини тадқиқ этиш, йўқолиб бораётган туркий тил ва лаҳжаларни текшириш, асрашга доир илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш кўзда тутилган.
Институтда турк дунёсининг кўп асрлик урф-одатлари, анъаналари ва маданий қадриятларини очиб бериш, уларни турли нашрлар ва тадбирлар орқали илм-фан олами ва жамоатчиликка тарғиб қилиш, авлоддан-авлодга етказиш ишлари амалга оширилмоқда.
Институт қошида “Туркологик тадқиқотлар” илмий журнали ҳам ташкил қилинди. Мазкур журнал туркий тил ва шевалар, Марказий Осиё, туркий халқлари лисоний ва адабий алоқалари тарихи ижтимоий-маданий соҳаларда амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ишларининг натижаларини эълон қилишга мўлжалланган.
Кўриняптики, Ўзбекистонда ҳам ўзбек тили, ҳам туркий тиллар учун бўлаётган илмий ва амалий ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда. Натижада ўзбек тили дунёда ўз мавқеини мустаҳкамламоқда.
Афтондил ЭРКИНОВ,
Ўзбекистон халқаро исломшунослик
академияси
филология фанлари доктори,
профессор