Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тилни қадрлаш — маънавий баркамоллик мезони
12:37 / 2025-10-28

Тил — миллатнинг руҳи, дунёқараши ва маданиятининг асоси. У фақат мулоқот воситаси эмас, балки халқнинг тарихи ва тафаккури мужассам бўлган маънавий қадриятдир.

Шу боис тилга бўлган муносабат — миллатнинг ўзлигига, маънавиятига бўлган муносабат билан чамбарчас боғлиқ.

Афсуски, тилни асраш ва тўғри қўллаш борасидаги амалий фаоллик кўп ҳолларда расмий тадбирлар билан чекланиб қолмоқда. Мактаб, ОАВ ёки ташкилотлар фақат байрам арафасида тадбирлар уюштириб, йилнинг қолган қисмида бу масалага етарли эътибор қаратмаётгандек. Телевидение, радио ва ижтимоий тармоқларда шевадаги, бошқа тиллардан олинган сўзларни ноўрин қўллаш каби ҳолатлар кўпайган.

Шунингдек, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида чет тиллардаги номлар, ёзувлар ва реклама сўзлари кўпайгани кузатилади. Масалан, айрим туман ва шаҳарлардаги дўкон, салон ёки хизмат марказларининг аксарияти инглиз ёки рус тилида номланган. Бу ҳолат кўпинча “замонавий кўриниш” деб баҳоланади, аммо натижада миллий тилнинг жамоат маконидаги ўрни қисқариб бораверади. 

Масалан, пойтахтимизнинг Aҳмад Дониш кўчаси бўйлаб ўтказган кичик ўрганишларимда 140 та савдо ва аҳолига хизмат кўрсатиш маркази номларининг 60 таси инглиз, 40 таси ўзбек, 30 таси рус тилида ва қолган 15 таси аралаш (икки) тилда ёзилганини кузатдим.

Бу тенденция нафақат тилнинг мавқеини сусайтиради, балки ёш авлод онгида ҳам “чет тилида гапириш ёки ёзиш замонавийлик белгиси” деган фикрни мустаҳкамлайди. Натижада она тилимизнинг маданий нуфузига путур етиши эҳтимоли кучаяди.

Тил маданиятидаги ҳар бир ўзгариш жамият маданиятига бевосита таъсир этади. Ҳар бир ёзув, ҳар бир сўз, ҳар бир нутқда миллатнинг юзи, сиймоси намоён бўлади. Шу боис давлат тили тўғрисидаги қонун талабларига амал қилиш фақат ҳуқуқий мажбурият эмас, балки миллий бурч сифатида қабул қилиниши лозим.

Тилни соф сақлаш ва унинг нуфузини ошириш, аввало, фуқаролик масъулиятини талаб қилади. Бу борада ҳар бир фуқаро — ёзувчи, ўқитувчи, журналист ёки тадбиркор бўлишидан қатъи назар — тил маданиятига ўз ҳиссасини қўшиши керак. Ўзбек тили — мустақиллик ва миллий ўзлигимизнинг рамзи экан, уни асраш, софлигини сақлаш ва ёш авлод онгига сингдириш — барчамизнинг бурчимиз. 

Лола Тоштемирова,
ЎзЖОКУ талабаси