Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тилни асраб-авайлаш халқнинг тараққиёти ва келажагини белгилайди
11:54 / 2020-12-18

Она тили – миллатнинг кўзгуси, тарихи ва эртаси, бебаҳо мулкидир. Бу мулкни асраб-авайлаш, уни бойитиш, келажак авлодга беками-кўст етказиш ҳар бир миллатдошнинг бурчи, инсоний фазилати бўлиши керак.

Алишер Навоий бобомиз ўз асарларида тил ўткир қурол эканлигини, сўзнинг куч-қудратини кўрсатиб берганидек асрлар оша сайқал топиб келган бой, сержило ва гўзал тилимизни қадрлаш, уни янада ривожлантириш лозим.  

Бугун Ўзбекистон миллий метрология институти (ЎзММИ)да ҳам ана шу руҳда фаолият олиб борилмоқда. Институт ва унинг ҳудудий филиаллари томонидан ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини ошириш бўйича бир қатор ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ЎзММИ ва унинг 16 та ҳудудий филиаллари томонидан ўлчаш воситаларини метрологик назоратдан ўтказиш бўйича қиёслаш ва аттестация сертификатлари, ўлчаш воситаси таърифи, далолатнома ва баённомалар, барча расмийлаштирилувчи ҳужжатлар тўлиқ давлат тилида юритилиши йўлга қўйилди.  

Шу жумладан, юридик ва жисмоний шахсларнинг электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини (маиший ҳисоблагичлар) қиёслаш сертификат ва хабарномалари давлат тилида ва электрон шаклда расмийлаштирилмоқда.

Ҳудудий филиаллар биносидаги 50 дан ортиқ эълон пештахталари, барча ташқи ёзувлар, лавҳалар, эълонлар, реклама ва бошқа кўргазмали ахборот - реклама матнлари Давлат тили тўғрисидаги Қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлиши таҳлилий кўриб чиқилиб тўлиқ давлат тилига ўтказилди.  

Шунинг билан бирга, ҳудудий филиалларда жами 19 та маънавият бурчаклари қайта ташкил қилиниб, китоб фонди бойитилди. Филиалларда ҳам ўлчаш воситаларини метрологик текширувдан ўтказиш бўйича барча расмийлаштириладиган ҳужжатлар – сертификат, баённома, далолатнома, ўлчаш воситаси таърифлари давлат тилига ўтказилди.

Маълумот учун айтиш мумкинки, жорий йил 1 октябрь ҳолатига 337 624 дона ўлчаш воситаларни даврий қиёслаш сертификатлари ва тадбиркорлар томонидан импорт қилинган 18 550 дона ўлчаш воситаларининг бирламчи аттестация сертификатлари давлат тилида расмийлаштирилди.

Юридик ва жисмоний шахсларнинг (Республика миқёсида) 172 476 та мурожаатга асосан электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини (маиший ҳисоблагичлар) қиёслаш ишлари амалга оширилиб, тегишли сертификатлар тўлиқ тарзда давлат тилида  тўлдирилди.

Ҳудудий филиалларда давлат тилида иш юритиш бўйича жойига чиққан ҳолда ўрганишлар олиб борилди. Ўрганиш натижаларига таҳлил қилиниб, филиал биноларидаги кириш пештахталари барча ҳудудий филиалларга ягоналаштирилган тарзда ўрнатилди. Шунингдек, филиаллардаги маънавият хоналари фаолияти қайта кўриб чиқилди ва 19 та маданият бурчаклари қайта ташкил этилди.

Ўлчаш лабораторияларида қўлланиладиган меъёрий ҳужжатлар, метролог ходимлар томонидан ишлаб чиқилаётган дастур ва услубият (қиёслаш, калибрлаш ва аттестация услубиятлари)лар, фаолият давомида қўлланиладиган қиёслаш схемалари ҳам давлат тилига ўтказиш ишлари якунланди.

Хулоса ўрнида, Давлат раҳбарининг ҳар бир юртдошимизга дахлдор бўлган, инсонни қалбидаги миллий ғурур ва фахрини кучайтирадиган, аниқ қилиб айтадиган бўлсак, бажариши лозим бўлган ишга қаратилган ушбу сўзларини келтириб ўтаман: «Ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни, она ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз керак».

 

 

 

Лазизбек Саидорипов,

Ўзбекистон миллий метрология

институти директори