Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази томонидан 21 октябрь — Ўзбек тили байрами муносабати билан маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда мутахассис-олимлар томонидан тилнинг миллат ҳаётидаги беқиёс ўрни ва аҳамияти ҳақида фикр билдирди. Жумладан, тилини йўқотган эл — йўқликка маҳкум. Она тилини авайлаш, ёт сўзлардан асраш — ҳар биримиз учун муқаддас бурч экани қайд этилди. Ўзбек тилининг тарихий жараёнлари хусусида маълумотлар берилди.

Тадбирда таъкидланганидек, тил миллатнинг кўзгуси, халқ борлигини, унинг руҳи ва маънавий бойлигини намоён этувчи бебаҳо неъмат. Сайёрамизда ўзбек тилида сўзлашадиган халқ борлиги бу миллатнинг тириклигини, маънавий қудратини кўрсатувчи улкан бойликдир.

Шу билан бирга, тадбир давомида она тилининг тозалигини сақлаш, ёшларда тилга эҳтиром ва муҳаббатни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир сўнгида халқимизнинг атоқли адиби Шукур Холмирзаев ижоди ёдга олинди. Адибнинг ўлмас асарларидаги миллий руҳ, инсонпарвар ғоялар ва ҳаётий образлар ҳозир ҳам ўз долзарблигини йўқотмагани таъкидланди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА