«Тил билган дил билар», «Тил – миллат кўзгуси», «Тилга эътибор – элга эътибор»... Халқимизда тилнинг инсон ҳаётидаги ўрнини ифода этувчи бу каби мақол ва ҳикматли сўзлар талайгина.
Ҳар бир миллат ўз она тилини асраб-авайлашга, тил орқали ўз тарихи, маданиятини сақлаб, келгуси авлодларга етказишга ҳаракат қилади. Ҳали мустақилликка эришмасдан – 1989 йил 21 октябрда «Давлат тили тўғрисида»ги қонунининг қабул қилиниши чинакам катта воқеа бўлган.
Юртимиз истиқлолга эришганидан кейин кўпгина қадрият ва урф-одатларимиз қайта тикланди, тарихимиз, маънавиятимиз, маданиятимиз, динимиз жонланди, ўзбек тилининг мавқейини мустаҳкамлашга қаратилган қатор ишлар амалга оширилди.
Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, юртимизда оқилона ва холислик билан амалга оширилаётган тил сиёсати барча демократик тамойилларга мос келади. Буни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасидаги «Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади», деган меъёрлар мисолида кўриш мумкин.
Ўзбекистон Республикасида унинг ҳудудида яшовчи миллатлар ва элатларнинг тилларига иззат-ҳурмат билан муносабатда бўлиш таъминланган, барча фуқароларга давлат тилини ўрганиш ҳамда ўз она тилларини ривожлантириш учун маъқул шарт-шароитлар яратилган.
Ўзбекистонда ҳар кимга таълим олиш тилини эркин танлаш ҳуқуқи берилган. Давлатимиз ўз зиммасига фарзандларимизнинг давлат тилида, шунингдек, бошқа тилларда ҳам умумий, ўрта махсус ва олий маълумот олишни таъминлаш вазифасини ҳам олган.
Ўзбек тилини ривожлантириш, айниқса, сўнгги йилларда долзарб вазифага айланди. Амалга оширилаётган ишларнинг самараси ўлароқ ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги нуфузи ошиб, фаол мулоқот воситасига айланиб бормоқда. Турли даражадаги расмий учрашувлар, музокараларда тилимиз кенг қўлланмоқда, хориждаги кўплаб университетлар, илмий муассасаларда ўзбек тили марказлари ташкил этилиб, уларда она тилимизни ўрганишга қизиқувчилар сафи тобора ортиб бормоқда.
Ушбу йўналишдаги фаолиятни жадаллаштириш мақсадида 2019 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқейини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Мазкур фармон билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди. Бир йил ўтиб – 2020 йил 20 октябрда Ўзбекистон Президентининг «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони имзоланди. Фармонга мувофиқ, 2020−2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ҳамда асосий йўналишлари тасдиқланди.
Мазкур концепциянинг асосий йўналишлари қаторида ўзбек тили ва адабиётини ўқитишнинг замонавий методикасини яратиш; ўзбек тили бўйича билимларни баҳолаш тизимини такомиллаштириш; барча олий таълим муассасаларининг бакалавриат босқичида «Касбий нутқ маданияти» фанини жорий қилиш; ёшлар ўртасида нутқ маданиятини оширишга қаратилган танловлар ўтказиш, жумладан, «Зулфияхоним қизлари», «Мард ўғлонлар» танловлари номзодларига давлат тилини билиши шартини киритиш; ўзбек тилини Интернет жаҳон ахборот тармоғида оммалаштириш, унда муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш, дастурий маҳсулотларнинг ўзбекча иловаларини яратиш, ўзбек тилини ўргатувчи компьютер дастурларини кенг миқёсда амалиётга татбиқ қилиш кабиларни санаш мумкин.
Ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси билан танишар эканмиз, икки йўналиш диққатимизни тортди. Бири «Ўзбекистон телерадиоканалларининг кўрсатув ва эшиттиришлари, оммавий кино, концерт дастурлари, оммавий ахборот воситаларининг аудиовизуал асарларида сухандон-бошловчилар ва барча қатнашчиларнинг ўзбек адабий тилида сўзлашини таъминлаш». Сухандон ва бошловчиларнинг теле- ва радиодастурларда, турли тадбирларда ўзини тутиши, ўзбекча нутқ маданияти, ахлоқ-одоби, бошқа соҳа вакиллиари қаторида, ўзбек халқининг умумий қиёфасини намойиш этади, турли миллат ва элатларни бирлаштиришга катта ҳисса қўшади, шоирлар таъбири билан айтганда, Ватанимизнинг довруғини етти иқлимга ёйишга хизмат қилади.
Бироқ айрим ҳолатларда сухандонларнинг нутқидаги камчиликлар сабаб ранжийсиз. Баъзи сўзларнинг нотўғри талаффузи, тилимизга ўзлашган сўзларнинг эса бузиб айтилиши тез-тез кузатилади.
Юқорида тилга олинган концепцияда яна бир муҳим йўналиш қайд этилган – «савдо, ишлаб чиқариш, маиший хизмат кўрсатиш объектларига ўзбекча ном қўйишнинг норматив-ҳуқуқий асосини шакллантириш». Реклама ва эълонлардаги хатоларнинг кўпи лотин ва кирилл алифбосини аралаштириш, услуб хусусиятларини билмаслик, ўзбекча сўзлар бўла туриб, хорижий сўзларни ноўрин қўллаш оқибатида юзага келмоқда. Ўз-ўзидан таълим муассасаларида ўзбек тили таълимини кучайтириш, оммавий ахборот воситаларида тарғибот ишларини янада кучайтириш зарурлиги сезилмоқда.
Белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш ҳар бир фуқародан, шу жумладан олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларидан жонбозликни, фаолликни, шахсий намунани талаб этади. Тилни асраш ўзликни асраш, Ватанни асраш демакдир. Зеро, жадид адабиётининг йирик намояндаси маърифатпарвар Абдулла Авлоний “Миллий тилни йўқатмак миллат руҳини йўқатмакдир”, деб бежиз айтмаган.
А.Хурсандов,
Ўзбекистон Республикаси Жамоат
хавфсизлиги университети,
“Тилларни ўрганиш” кафедраси
бошлиғи, доцент.
Ф.Умарова,
педагогика фанлари номзоди, доцент