Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тилимизнинг Навоий давридагидек мавқеини тиклашни жадидлар ўз зиммаларига олганлар
12:25 / 2025-10-22

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбек тили байрами муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган табригида фарзандларимизни она тилимизга меҳр қўйиб, унинг беқиёс бойлиги ва имкониятларидан баҳраманд бўлишга ўргатиш маънавий-маърифий тарбиянинг ажралмас қисми эканига эътибор қаратди. Бу долзарб масала ижодкор зиёлиларимиз, таълим-тарбия, маданият, ёшлар, маҳалла, хотин-қизлар ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари фаолиятида доимо марказий ўринда туриши, бутун жамиятимизда умуммиллий ҳаракатга айланиши кераклигини алоҳида таъкидлади.

Ёшларни она тилига ҳурмат руҳида тарбиялаш масаласига юртимиз олимлари ҳам алоҳида эътибор қаратаётгани уларнинг илмий тадқиқотларида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда. Хўш, тараққийпарвар боболаримизнинг ўзбек тилини асраб-авайлаш, уни ривожлантириш борасидаги ёндашувлари, фаолиятлари қандай эди? 

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, тарих фанлари доктори, профессор, атоқли тарихчи олима Дилноза Жамолова билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди. 

–Бундан 100 йил олдин жадидлар ҳам она тилимизни асраб-авайлашга даъват этиб, унга бегона тилдаги сўзларни қўшиб гапиришларга қарши чиққанлар. Жадидларнинг ўзбек тилини ҳимоя қилиш ва ривожлантириш бўйича билдирган фикрлари ҳақида маълумот берсангиз.

–  Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига бу йил 36 йил тўлди. Ўтган йиллар давомида тилимизни ривожлантириш, имло соҳасидаги муаммоларни бартараф этиш учун ҳукумат миқёсида муҳим ишлар амалга оширилди ва давом этмоқда. 

Ўзбек тили гўзал ва бой тил эканини буюк мутафаккир бобомиз Алишер Навоий олти аср олдин бутун дунёга танитган эди. Аммо кейинги асрларда араб ва форс тилларида ижод қилиш кўлами кенгайиб, ўзбек тили иккинчи даражали тилга айланиб қолди. Мактабларда ва мадрасаларда ҳам ўзбек тили фан сифатида ўқитилмади. Бу эса тилимизни жар ёқасига келтириб қўйди. Фақатгина ХХ аср бошларига келиб, ўзбек тилининг Алишер Навоий давридагидек мавқеини тиклашни жадидлар ўз зиммаларига олдилар ва бу йўлда бир қатор ишларни амалга оширдилар. Ўзбек тилининг мавқеини тиклаш, уни давлат тили даражасига кўтариш учун ҳаракат қилдилар. 

Туркистон тараққийпарварлари биринчи навбатда ёши улуғ уламоларнинг ўзбек тили қолиб, форс тилида, ёшларнинг эса усмонли ва татар тилида сўзлашишлари ҳамда ёзишларини танқид қилдилар. Жумладан, жадид намояндаси Ашурали Зоҳирий “Нечукки, олимларимиздан бири бирор ерға хат ёзса ёки бировға берган нарсасини хотира дафтарига ёзса ўз она тилини қўйиб форс тилида ёзадурлар. Ёшларимиз бўлсалар ўз ерликларидан бирини зиёфатиға чақуриб хат ёзсалар усмонлича ёки татарча ёзадурлар. Буларнинг сабаби ҳам равшандурки, биринчилари: ўзларининг Эрон адабиёти таъсири билан нурлаган бўлсалар, иккинчилари: татар ва усмонли адабиёти воситаси билан фикрларини очгандурлар. Шунинг учун ҳам ҳар икки гуруҳ ҳам ўзларининг “тур” олғон тарафлариға қараб тортадурларда ўз она тиллариға ҳақорат назари билан боқуб кундан кун эсдан чиқармоқға бошлайдурлар”, деб куюниб ёзади. 

Жадидлар форс, араб, рус ва бошқа тилларни ўрганиш давр талаби эканини қайд қилиб, ёшларни тил ўрганишга даъват қилганлар. Аммо дастлаб ўз она тилисини билиши кераклигини таъкидлаб, ўз тилини яхши билмаган бошқа тилни ҳам яхши ўргана олмайди, деб ҳисоблаганлар. Жумладан, Ашурали Зоҳирий Лутфий ва Навоийларнинг ўзбек тили ривожидаги хизматларини эътироф этиб, “Мавлоно Лутфий, Алишер Навоийдек зотлар қирққа яқин асарлари билан она тилимизнинг бошқа тиллардан анча бойлиғини шеърда берилғон мазмунини, мусиқадаги латофатини “Мезонул авзон” ва “Муҳокаматул луғатайн”лари билан билдурғон эрдилар”, деб ёзади. 

– Жадидларнинг ўзбек тилини ривожлантириш йўлидаги хатти-ҳаракатлари нималарда намоён бўлди?

–Жадидлар янги усул мактабларида ўзбек тилида ўқитишни кенг жорий қилдилар. Форс ва араб тилидаги дарсликлар ўрнини ўзбек тилидаги ўқув қўлланма ҳамда дарсликлар билан босқичма – босқич тўлдириб бордилар. Туркистон жадидчилик ҳаракатининг таниқли намояндаларидан Абдурауф Музаффарзода “Ўзимизнинг она тилимиз ила мактабларимизда дин ўқутмак ниҳоятда фойдали ва шояд керакли бир тадбирдир. Мусулмон болаларини дин руҳи ила тарбия қилмак ва қалбларига иймон ва аркони исломияни сингдурмак учун бундан фойдали тадбир йўқдур. Тилимизнинг энг керак ери ҳам шул масаладир”, деганда айнан ўзбек тилини мактабларда жорий қилинганини назарда тутган эди. 

У матбуот ҳамда адабиётнинг яхши тил ва имлога муҳтожлиги масалалари ҳақида ҳам фикр юритиб, одам боласи сўзлашиш учун тилга қанчалик муҳтож бўлса, матбуот, адабиёт ҳам яхши имлога шунчалик муҳтож, деб ҳисоблайди ва: “Тили ва имлоси лойиқинча ислоҳ этмаган миллатнинг матбуоти, адабиёти асрларча аралашуб келган кирлар ила қораланғон ҳолида бўлур. Буни кўруб ўқувчиларнинг руҳлари бузилур, ҳавас ва рағбатлари қайтар. Матбуотда бир-бирига мухолиф нарсаларни кўруб ичлари бўша бошлар”, деб таъкидлайди. Тилсизлик ва имлосизликнинг миллатга берган маънавий зарарларини, тузатилган тил ва имло фойдаларининг ўзини бир неча мақола қилиб ёзиш мумкин, дейди. Ўзбек тилини ривожлантириш борасидаги ҳаракатлар суст кетаётгани, мактаб муаллимлари мактабда имло масалаларига жиддий эътибор қаратмаётгани, матбуотда тил-имло бўйича жиддий муҳокамалар бошланмаганидан афсусланади. 

Абдурауф Музаффарзода мактаб ва мадрасаларда ўқитиш тили ўзбек тили асосида қурилмагани, ўқувчиларга фанлар араб ва форс тилларидаги дарсликлар, ўқув қўлланмалардан ўқитилиши ва ҳамон бу ҳолатнинг давом этаётгани, сўзлашув ва ёзувда араб ҳамда форс тилидаги сўзлардан фойдаланиши ўзбек тилини нуфузининг пасайишига хизмат қилди, деб ҳисоблаган. 

Абдурауф Музаффарзода туркистонликларни ўзбек тилининг XV – XVI асрлардаги обрўсини тиклашга чақиради. Бу ишда мактаб ўқитувчилари асосий вазифани бажарувчилар эканини таъкидлайди. Мактабда болаларга она тилида ўқиш ва ёзишни ўргатиш, имло масалаларига жиддий қараш зарурлигини уқтиради. 

Шу ўринда қайд этиб ўтиш керакки, Абдурауф Музаффарзоданинг “Ҳозирда бизлар учун энг муҳим масалалардан бири, шубҳасиз, тил масаласидир. Биз Туркистон турклари она тилимиз бўлғон туркий тил билан бирга яшарға ва туркий тилимизни ўз ҳаётимиз ва ўз ҳуқуқимиз билан баробар муҳофаза этишимиз керак”, деган фикрлари бугунги кун учун эскирмаган ҳақиқатдир. 

– Маҳмудхўжа Беҳбудий ўзбек тилини ривожлантиришга оид қандай қарашларни илгари сурган?

– Маҳмудхўжа Беҳбудий биринчи навбатда даврий матбуот, мактаб тили ўзбек тилида бўлиши кераклигини таъкидлаган. Гарчи ўзи “Самарқанд” газетаси ва “Ойина” журналини ўзбек ҳамда тожик тилларида чоп этсада, Туркистон аҳолисининг катта қисми туркий тилда гаплашишини инобатга олган ҳолда матбуотнинг ўзбек тилида юритилишини қўллаб-қувватлади. 

Ўзбек тилига кириб қолган араб тилидаги сўзлардан ҳам имкон борича камроқ фойдаланиш зарурлигини уқтиради. Газета ва журналларда арабча сўзлар ўрнига туркий сўзларни қўллаш керак дейди: “Масалан, улум, фунун, уламо, қуззот ўрнида илмлар, фанлар, олимлар,  қозилар деб ёзингиз”.

Маҳмудхўжа Беҳбудий минг йиллар давомида ўзбек тилига қоришиб кетган араб, форс тилларидаги сўзлардан воз кечиш имконияти йўқлигини айтиб, имкони борича араб ва форс тилидаги сўзларни камроқ қўллаш кераклигини тавсия қилади, миллат оналарига ўзбек тилини ўргатиш масаласини кўтаради ва ўзбек тилини ўрганиш ҳамда кучайтириш борасидаги фикрларини қуйидагича якунлайди: “Тараққий этган туркий шевадаги илмий ва фанний китобларни англамоқға саъй ва ғайрат этайлук. Келар замон учун ҳозирланайлук, ўтган замон учун эмас. “Она тили, она тили”, бу яхши орзу. Аммо тилсиз оналар тилиға мактабий китоблар ёзила берса, Туркистонда ададсиз бузуқ она тиллар шевасиға ададсиз китоблар ёзмоқ лозим келурки, Андижонда ёзилгани Бухорода, Авлиёотада ёзилгани Қаршида англашилмайдур. Чунки бу оналарни тили бир-биридан фарқлидур. Тараққий этган миллатлар оналари ўқутар экан, биз аввал онамизни ўқутуб, анга тил ўргатмоғимиз керак. Чунки бизни илм ва тилсизлигимиз алардандур”.

– XIX аср охири – XX аср бошларига келиб, ўзбек тилининг иккинчи даражали тилга айланиб қолиши сабаби нима?

– Жадидлар ўзбек тилининг иккинчи даражали тилга айланишининг асосий сабабларидан яна бири Туркистоннинг Россия империяси томонидан мустамлака қилинишида, деб ҳисоблайдилар. Жадидчилик ҳаракатининг кўзга кўринган ёрқин вакилларидан Ҳожи Муин “Россия империясининг асосий мақсади бизнинг тилимизни унуттириш, бутун рус бўлмаган халқларни руслаштиришдан иборат эди”, деганида ҳақ гапни айтган эди. Ҳукумат идораларида иш юритишнинг рус тилида олиб борилаётганига қарши чиқиб, Туркистон аҳолиси учун тушунарли бўлган ўзбек тилини расмий тил сифатида қўлланилишини талаб қилиб чиқди. 

1919 йилда Абдурауф Фитрат Тошкент шаҳрида “Чиғатой гурунги”га асос солади. Бу ташкилотнинг олдида турган муҳим вазифалардан бири туркий тилнинг дунё тиллари орасидаги юқори мавқеини кўрсатиб бериш эди. “Чиғатой гурунги” аъзолари Х асрлардаёқ ёзилган Маҳмуд Қошғарий ва Юсуф Хос Ҳожиб асарларини Туркистонинг турли ҳудудларидан излаб, унинг турли даврларда ёзилган нусхаларини топишди. “Девони луғотит турк” ва “Қутадғу билиг” асарларини таҳлил қилиш орқали ўн бир аср олдин ўзбек тили мукаммал, илмий ва адабий тил эканини кўрсатиб беришди. 

1921 – 1923 йилларда Бухоро Халқ шўролар жумҳуриятида маориф нозирлиги умумий ишлар бўлими мудири лавозимида фаолият юритган Маҳмуд Субой ҳам ўзбек тилининг ҳимоячиларидан бўлди. 1921 йил Бухоро Халқ шўролар жумҳурияти ҳукумати томонидан ўзбек тилини давлат тили сифатида қўллаш тўғрисида махсус қонун қабул қилинган ва унга кўра ҳукумат идораларида ким ўзбек тилида иш тутмаса, жаримага тортилиши белгиланган. Аммо қонун қабул қилинганига бир йил бўлган бўлса-да, ҳукумат идораларидаги ҳужжатларнинг ярми рус тилида юритилаётганига Маҳмуд Субой жим қараб тура олмаган. Ўзининг “Бухоро ахбори” газетасининг 1922 йил 2 ноябрь сонида эълон қилинган “Тил масаласи” мақоласида тил софлигини сақлаш тўғрисида фикр-мулоҳазаларини тақдим қилиб, “Ҳукумат тили шу ҳукуматнинг хўжаси бўлғон халқнинг она тилидур. Шу тил билан унинг адабиёти негизланган, қалбининг теран ериндан ўрин топғондур”, деб таърифлаган.

Хуллас, Туркистонда большевикларнинг мавқеи мустаҳкамланиб бориши билан Туркистон аҳолисининг тили, дини, тарихини унуттиришга бўлган ҳаракатлар кучайиб борди. Бу эса ўз навбатида миллат ойдинларининг доимий равишда мустамлака тузум мухолифатда туришига сабаб бўлди. Улар ўзбек тилининг мавқеини тиклаш йўлида тинимсиз курашдилар. Мустамлакачи ҳукумат эса ўз тили, миллати, дини ва тарихини яхши кўрган жадидларга “хавфли унсур” сифатида қараб уларни маънан ва жисмонан йўқ қилиб юборди.

– Самимий ва қизиқарли суҳбат учун ташаккур!

ЎзА мухбири 

Назокат Усмонова 

ёзиб олди.