Халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш, аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш Президентимиз томонидан Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгилаб берилган устувор вазифалардан саналади.
Таълимда илғор инновацион ғояларни қўллаш, таълим сифатини тубдан яхшилаш, малакали, ижодий фикрлайдиган, салоҳиятли кадрларни тайёрлаш, ўқитиш тизимини яхшилаш, хорижий тилларни, энг аввало она тилимизни мукаммал ўзлаштириш мамлакатга инновациялар кириб келишига замин яратади. Сабаби ўзбек тилини мукаммал эгаллаш, шу баробарида хорижий тилларни чуқур ўзлаштириш янги технологиялар ва билимларни эгаллаш, хорижлик ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, ривожланган мамлакатларнинг маданий ўзига хослигини яхши англаш орқали ташқи савдо алоқаларини кучайтиришга, рақобатбардош компания ва соҳа мутахассисларини жалб этиш орқали янги ғоя ва технологиялар кириб келишига хизмат қилади.
Ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш, Ўзбекистондаги миллат ва элатларнинг тилларини сақлаш ва ривожлантириш, давлат тили сифатида ўзбек тилини ўрганиш учун шарт-шароитлар яратиш, ўзбек тили ва тил сиёсатини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналиш ва вазифаларини ҳамда истиқболдаги босқичларини белгилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқейини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги фармонига мувофиқ: 2020 — 2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси қабул қилинган эди.
Мазкур фармонга мувофиқ Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси ўз фаолиятини бошлади. Ўтган давр мобайнида кафедра профессор ўқитувчилари томонидан “Ўзбек тили”, “Ўзбек тилининг соҳада қўлланилиши” фанларининг ўқув дастурлари асосида давлат тилини ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш, унинг илм-фан тили сифатидаги нуфузини ошириш, давлат тилида иш юритишнинг асосларини ўргатиш борасида 5 та ўқув қўлланма, 3 та дарслик, 3 та монография ва изоҳли луғат чоп этилди.
[gallery-16752]
2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясида давлат тилининг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузини ошириш, бу борада хорижий ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, хорижликлар учун ўзбек тилини ўргатувчи дастурлар яратиш, хорижий олий таълим муассасаларида ўзбек тилини ўргатувчи марказлар очиш, “Ўзбек тилининг дўстлари” клуби фаолиятини йўлга қўйиш хориж таълим муассасаларида ўзбек тили курслари зарурий, илмий, ўқув-услубий, бадиий адабиётлар билан таъминлаш вазифалари белгиланган эди. Шунга мувофиқ кафедра Тожикистон Республикасининг Академик Бобожон Ғофуров номидаги Хўжанд давлат университети, Қозоғистон Республикасининг Мухтор Авезов номидаги давлат университети, Туркия Республикасининг Селчук университети билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйган.
Жорий йилнинг 1 апрель куни Селчук университетининг туризм факультети хорижий тиллар кафедраси турк тили ва адабиёти бўлими доктори Одилхон Эруйгур иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилди. Унда профессор-ўқитувчиларга университет ҳақида тўлиқ маълумот берилди. Селчук университети 1975 йилда Коньяда ташкил топган бўлиб дунёнинг 105 та мамлакатидан 69 мингдан зиёд талаба 23 факультетда таҳсил олади. Университетда 3118 нафар профессор-ўқитувчи, 4321 нафар ходимлар фаолият кўрсатади. Университет таркибида 8 та институт, 5 та касб-ҳунар олий мактаби, 22 та техникум, 53 та илмий-тадқиқот маркази, 187 та талабалар жамияти иш юритади. Энг муҳими университетнинг туркий тиллар факультети негизида туркий тилларни ўргатиш маркази доимий тартибда фаолият кўрсатиб, унда талабалар ўзбек, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ, уйғур, нуғай тилларини ўрганмоқда.
Ўз-ўзидан бу халқларнинг тили баробарида тарихи, миллий урф-одатлари, анъана ва маросимлари, расм-русумлари ҳам тадқиқ қилинмоқда. Маҳорат дарси давомида туркиялик олим доктор Одилхон Эруйгур турк ва ўзбек тилларининг ўзига хос фонетик, грамматик, лексикографик ва морфологик жиҳатларини тушунтириб берди. Ўзаро мулоқот жараёнидан сўнг икки университет ўртасидаги меморандум асосида ўзаро маҳорат дарсларини ташкил этиш ва Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида туркий тилни ўргатиш маркази филиалини очиш режалаштирилди. Бу ҳамкорликлар она тилимиз нуфузи ва салоҳиятини ошириш, дунё миқёсида мавқейини юксалтириш ва миллий маънавий қадриятларимизни улуғлашга бевосита хизмат қилади.
Нодир Ғаффоров, Ўзбекистон
Давлат жисмоний тарбия ва спорт университети
Ўзбек ва чет тиллари кафедраси мудири, филология фанлари доктори