Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ҳамкорлигида курсантлар ўртасида “Тил – миллат кўзгуси” шиори остида кўрик-танлов бўлиб ўтди.
Академия бошлиғи Музаффаржон Мамасиддиқов ўзбек тили – миллатнинг маънавий устуни, ватанимизнинг ифтихори бўлиб, уни асраб-авайлаш ва ривожлантириш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи эканини таъкидлади.

Мазкур танлов мутахассис ва олимлардан ташкил топган ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан адолатли ва шаффоф тарзда 5 баллик баҳолаш мезонида баҳолаб борилди.

Танловда жамоалар “Она тилим – фахрим”, “Ғазалхонлик”, “Тил бойлиги – миллат бойлиги” шартлари бўйича беллашди.
Танлов натижаларига кўра, “Ифтихор” жамоаси биринчи ўринни, “Муҳофаза” жамоаси иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, “Тилшунослар” жамоасига учинчи ўрин насиб этди.


Тадбир доирасида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси ва Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ўртасида икки томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА