Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тилга муносабат тилда бўлмасин...
14:40 / 2020-10-20

Давлатнинг, халқнинг мавжудлигида тил асосий тимсоллардан бири.


Давлатнинг, халқнинг мавжудлигида тил асосий тимсоллардан бири. 

Шу маънода, Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун йилда бир «чиройли гаплар»ни айтиб, ёзиб, гапириб қўйишдан улуғроқ, муҳимроқ ва маҳобатлироқ санадир. Бинобарин, ушбу сана муносабати билан тилнинг аҳамияти, муҳимлиги, қадри ҳақида чиройли сўзларни тизиб қўйиш ёки тадбирбозлик қилиш эмас, ўтган давр мобайнида тилимизнинг мавқеини мустаҳкамлаш борасида қўл урилган амалий ишлар, уларнинг натижаси ва аҳамияти, йўл қўйилган камчиликлар, уларни тўғрилаш бўйича олдимизда турган долзарб вазифалар хусусида фикр қилиш адолатлироқ, самаралироқ ва тўғрироқ бўлади назаримизда.

Тил ташлаб қўйилмайди...

Ҳар қандай ислоҳот, ўзгариш ва янгиланиш давлат сиёсатининг ёндашувига кўра, натижа беради. Соддароқ қилиб айтганда, муайян йўналишдаги ўзгаришни тугал амалга оширишда марказлашган кучли ва иродали, тизимли сиёсат ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Зеро кўпмиллионлик халқни ягона ғоя атрофига жамлаш ва тўғри йўналтиришда бу энг тўғри, синалган йўл.

Янги Ўзбекистонда эса, ўзбек тилига ҳам янгича қараш, унинг мавеқини оширишга том маънода янгича ёндашув ҳаётга татбиқ этилди. Хусусан, сўнгги йилларда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил қилинди. Бу даргоҳда тилимизнинг шаклланиши, ривожланиши изчил ўрганилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида” қарори ва «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони эса, тилга эътиборни тубдан ўзгартирди ва унинг мавқеини мустаҳкамлашнинг янги босқичини бошлаб берди. Фармонга кўра, 21 октябрь санаси «Ўзбек тили байрами куни» деб эълон қилиш таклифи маъқулланди. 2020 йил 10 апрель куни эса, Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида»ги қонуни кучга кирди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди. Департамент давлат тилини ривожлантириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш, ушбу соҳада жамоатчилик назоратининг самарали шаклларини жорий этиш, давлат органлари ва ташкилотлари, жумладан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг давлат тилини ривожлантириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини ташкил қилиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш каби қатор муҳим вазифаларни амалга ошириши белгилаб қўйилди.

Кўпчиликнинг хабари бор, ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хориждаги ватандошлар билан ҳамкорликда хорижликларнинг ўзбек тилидаги табрикларини эълон қилган эди. Япон, корейс миллати вакилларининг соф ўзбек тилида йўллаган табриклари юракларимизда ўчмас из қолдирган, фахр туйғусини пайдо қилган. 

Тилимизга қизиқиш, уни ўрганишга бўлган интилиш дунёнинг кўплаб мамлакатларида мавжуд ва бу ҳақидаги мисоллар ҳам талайгина. Бу борадаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш ва муносиб рағбатлантириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда «Қадринг баланд бўлсин, она тилим» шиори остида республика танловини эълон қилди.

Унда Ўзбек тилининг хориждаги энг яхши тарғиботи номинацияси ҳам мавжуд. Ушбу йўналишга ўзбек миллатига мансуб ёки чет эл фуқаролари томонидан яратилган хорижда ўзбек тилини тарғиб қилишга қаратилган илмий, бадиий, мусиқий асарлар ҳамда аудио, видео маҳсулотлар қабул қилинади. Бир сўз билан айтганда, тилимизнинг мавқеини тиклаш ва оммалаштириш борасида қатор чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилаётгани бор гап. Булар ўзбек тилининг такомилига муносиб ҳисса қўшиб кетган Навоий, Ҳофиз Хоразмий, Сайфи Сароий, Атоий, Саккокий, Яқиний, Лутфий сингари кўплаб алломаларнинг ибратлари муносиб давом эттирилаётганидан далолатдир. Аммо

Бизда бори қайда бор ?

Тан олиш лозим, ҳар йили мазкур санада, тилшунослик йўналишидаги ислоҳотлар ҳақида куйиниб, бир-биримиздан қолмай деб, фидойиларча фикр билдирамиз. Тилимизнинг софлигини сақлаш, имкониятларидан тўлақонли фойдаланиш, унда гапиришдан фахрланиш ҳиссини пайдо қилиш ҳақида таклифлар айтамиз. Бу эса, кейинги йилдаги шу санагача яна ёпилиб кетадиган мавзуга ўхшаб қолган, назаримда. Аслида эса, мавжуд ҳуқуқий базани тўла қўллаш, тил қоидаларига ҳар жабҳада риоя қилиш бўйича ишларимиз ҳам кам эмас. Бунинг учун айрим масалаларга мисол тариқасида эътибор қаратиб ўтиш мақсадга мувофиқ.

Айтайлик, хорижлик ўзбек тилида гапирди. Табиийки, талаффузида фарқ бор. Унинг етти пушти бошқа миллат ва она тили хусусиятига кўра, нутқ органлари доимий ҳаракатига тилимиз тўлиқ тушмаслигини инобатга олиб, қўллаб-қувватлаш ўрнига куламиз... Ўзимиз бошқа тилда гапирганимизда эса, ажнабийлар бундай қилганига мисоллар деярли учрамаса керак. Ваҳоланки, биз ҳам ўзимиз билмаган ҳолда, ҳатто рус тилида «тоза» гапирмаётганимиз ҳатто хаёлимизга келмайди.

Бирон фирма ёки корхона, фермер хўжалиги ташкил қилишда турли хорижий тилларга мансуб сўзларни танлаймиз. Реклама ва эълонлар тайёрлашда, умумий овқатланиш жойлари очишда ҳам шундай. Ваҳоланки, «Давлат тили ҳақида»ги Қонуннинг 20-моддасида лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин, деб белгиланган.

Энди фаолият бошлаган муассасаларга ҳатто чекка туман ва қишлоқларда ҳам лавҳа чиқариб қўйилади: «мы открылис»... Ҳолбуки, ўша ҳудуд аҳолисининг мингдан бири ҳам рус ёки бошқа миллат вакили бўлмайди, аксар ҳолларда. Бу ҳаммаси эмас, «САБЎЙ» бор. Яқинда шу тахлит ёзилган таъбири жоиз бўлса, эълонча сурати тармоқда тарқалди. Унга муносабатларда эса, кўпчилик шунчаки кулиб ўтиб кетди. Аслида, бу йиғлайдиган ҳолат эмасми? Билмаганликдан, билишга интилмаганликдан, ҳатто она тилини мукаммал билмасдан туриб, бошқа тилни «биламан» деб ўйлашликдан йиғлаш керак, бизнингча.

Ўрни келганида, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг аксарияти, ҳатто ёши катталарда ҳам саводхонлик даражаси ачинарли аҳволда эканини тан олиб ўтиш адолатдан бўлади. Тўғри, «интернет тили» деган тушунча пайдо бўлганига ҳам 10 йилдан ошди. Бироқ, кўпчиликнинг ёзуви ҳатто шунга ҳам мос эмас. Бу фаолият турига боғлиқ, кунда-кунора қўлига ручка ушламайдиган, компьютер қаршисида ишламайдиган одам ёзиш ёдидан чиқади, камига рўзғор ташвиши, деб амаллаб овутиш мумкиндир, балки. 

Аслида бунга йўл қўйиб бўлмайди, лекин айрим телеканалларда –ган, -кан, -қан каби қўшимчаларни нотўғри ишлатиш, ғализлик, сўз ва атамаларни ноўрин қўллаш ҳолатлари кун сайин одат тусига кирмоқда. Ваҳоланки, келишик қўшимчалари охири қандай ҳарф билан тугаган сўзларга қараб қўлланади. Бошловчилар айтадиганидек, «ёғган» эмас, «ёққан». 

Бу албатта, оғзаки ва ёзма нутқ, ассимиляция, диссимиляция каби ҳолатларни инобатга олмаслик даражаси шу ҳолатгача келганини кўрсатади, афсуски. Балки кимгадир бу жуда кичик ва «арзимас» масала бўлиб кўринар, бироқ она тилимиз мавқеига бефарқ эмасликка даъвогар эканмиз, ҳеч бир жиҳат эътибордан четда қолмаслиги, шу қадар аниқ таҳлил қилиш лозим. Ҳар бир тил руҳияти, ўзлиги ана шундай нозик ва катта-кичик қоидалар маҳсулидир.

Яна бир оғриқли масала, ҳамон уйимизга ташлаб кетиладиган коммунал хизматларнинг қоғозлари рус тилида экани. Бу эса, «Давлат тили ҳақида»ги Қонуннинг 10-моддасига эътибор қаратиш зарурлигини англатади. Аслида қонунлар ижроси устидан назорат қилиш, биз – халқ вакилларининг вазифаси ва бу борада муайян ишлар ҳам амалга оширилади. Бошқа соҳа бўлса, тушуниш мумкиндир, аммо Ўзбекистонда ўзбек тилининг ўзбеклар томонидан қўлланишига оид нормалар мавжуд бўлсада, уларни четлаб ўтиш ҳолатлари борлиги ва уларнинг устидан назорат қилишдан ҳаммамиз уялишимиз керак эмасми?

Ачинарлиси, она тилимизнинг муаммолари булардангина иборат эмас...

Хулоса ўрнида...

Қонун асосида бу йил тил байрами илк бор кенг нишонланмоқда. Таклиф шундан иборатки, мақоланинг иккинчи қисмида келтирилган каби масалаларни аниқлаш ва ечиб бориш учун биринчи қисмида тилга олинган чораларнинг натижадорлигига эришиш лозим. Яъни, мавжуд ҳуқуқий нормалар ижросини қатъий назорат қилиб бориш, шу орқали амалий натижалар салмоғини ошириш давр талаби. Боиси, барча соҳаларда глобаллашув, таълимни масофадан олиш имкониятининг ошиши, ривожланиш сабабли кўплаб тиллар йўқолиб кетиш арафасида эканини унутмаслик керак. Улар ҳам атиги 50 йил аввал бугунги ҳолатидан яхшироқ эдилар.

Боз устига, одатий сўзлашув услубимизда ўзлашган сўзлар миқдори кун сайин ошиб бормоқда. Бу жараённинг тадрижий ривожи эса, истиқболда ҳам камида шу тезлик билан давом этишига далолат қилади. Англашиладики, ўзбек тилини давлат ва халқ бўлиб эмас, Ўзбекистон бўлиб ҳимоя қилайлик, токи кейинги йиллардаги тил байрамларига қўлимизда она тили ривожига қўшган кичиккина бўлса-да амалий иш, ўзгариш – тўёна бўлсин. Зеро тилга муносабат фақат тилда эмас, амалда ҳам бўлиши керак.

Алишер Равшанов,
журналист