Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тилда, фикрда, ишда бирлик
12:42 / 2024-01-10

Кейинги йилларда юртимиз озодлиги учун курашган аждодларимизга муносабат тубдан ўзгарди. Ватан учун жонини фидо қилган боболаримизга муносиб бўлган, улар орзу қилган истиқлолни кўз қорачиғидек асраш, айниқса, бугунги мураккаб замонда ҳар қачонгидан-да долзарб саналади.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Жадид” газетаси ташкил этилгани жадид боболаримиз ҳаёти ва фаолиятини кенг тарғиб этишда ўзига хос тафаккур майдони бўлиб хизмат қилади. 

Мазкур газета бош муҳаррирининг биринчи ўринбосари Ҳумоюн Акбаров билан суҳбатимиз таҳририят фаолиятининг асосий йўналишлари ҳақида бўлди.

– “Жадид” газетаси ташкил этилиши маданий ҳаётимизда улкан воқеа бўлди. Айтинг-чи, газетанинг мақсади, асосий мавзу ва йўналишлари нималардан иборат?

Давлатимиз раҳбари Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида сўзлаган нутқида: “Ватан ва халқ тақдирига нисбатан таҳдидлар кучайган вазиятда айнан миллат фидойилари – уйғоқ қалбли зиёлилар, шоир ва адиблар, санъат намояндалари, маънавият ва маърифат соҳаси ходимлари жасорат билан майдонга чиққанлар. ХХ аср бошларида халқимизни озодлик ва илм-маърифат учун курашга чорлаган жадид боболаримизни эслайлик”, дея юртимиз зиёлиларини жасоратга ундаб, улар учун ғоявий минбар сифатида “Жадид” номли адабий, илмий-маърифий, ижтимоий газетани ташкил этиш ташаббусини ўртага ташлади. Бу ташаббус зиёлилар томонидан қизғин қўллаб-қувватланди. 

Мана, қисқа фурсатда газетанинг илк сонлари ўқувчилар ҳукмига ҳавола этилди. Жадид боболаримиз илгари сурган ғоялар бугунги кун учун ҳам ғоятда долзарблиги газета саҳифаларида ёритилган турли мавзудаги материалларда  ўз аксини топди. Биз учун қувонарли томони, бу чиқишлар кўпчиликда қизиқиш уйғотди, таҳририятга келган акс-садолар шундан далолатдир. Аммо албатта, бу илк қадамлар эканини инобатга олиш керак. “Жадид”нинг маънавий-маърифий давраларга янги нафас олиб кира бошлагани эзгу мақсадимизни ифода этади. Нашрнинг асосий мақсади миллий ва умуминсоний қадриятларни, халқимизнинг бой тарихини, илмий-маърифий ва адабий меросини кенг тарғиб этиш билан бирга, ўзбек мумтоз ва замонавий адабиёти муаммоларини, бугунги адабий жараёнда яратилаётган турли жанрдаги бадиий намуналарни, шунингдек, маданият ва санъат соҳасидаги ютуқ ва камчиликларни кенг ёритишдан иборат. Бу кенг кўламли фаолият. 

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий, иқтисодий ва бошқа соҳаларда жаҳон ҳамжамияти билан интеграциялашуви жадал тус олгани матбуотнинг бу жараёнларда пешқадам бўлишини тақозо этади. Айнан шу жиҳатларга эътибор қаратиш лозимлиги ҳам бизнинг диққат марказимизда. Айни пайтда жадид маърифатпарварлари мероси, уларнинг илғор ғоялари, миллий давлатчилик ривожи тарихидаги ўрни ва таъсирини ўрганиш ҳамда тарғиб этиш фаолиятимизнинг асосий йўналиши саналади. Сир эмаски, эзгу ният билан илгари сурилган ғоялар даврлар ўтиши билан ўзининг аҳамиятини сақлаб қолган экан, бу унинг қадр-қимматини белгилайди. 

– “Жадид” газетасида асосан жадидчилик ҳаракати ва унинг намояндалари фаолиятини ёритадиган материаллар бериб борилади,  деган гапларни ҳам эшитяпмиз...

Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган “Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари” мавзусидаги халқаро конференция нафақат Марказий Осиё минтақаси, балки мусулмон олами ва туркий дунё тарихида чуқур из қолдирган жадидчилик ҳаракатини ҳар томонлама ўрганиш шарафли вазифа эканини кўрсатди. Дарҳақиқат, моҳият эътиборига кўра, ноёб ижтимоий-сиёсий феномен бўлган жадидчилик ғоясининг шаклланиши ва тараққиётига доир дунёнинг бир қатор мамлакатларида кўплаб тадқиқотлар яратилган. Бироқ, шунга қарамай бу ҳаракат намояндаларининг Марказий Осиё ҳудудида миллий давлатчилик ва минтақавий ўзига хосликни, фуқаролик жамиятининг ривожланишига қўшган улкан ҳиссасини концептуал ва тизимли тарзда чуқур ўрганиш долзарб масала бўлиб қолмоқда.

“Тилда, фикрда, ишда бирлик” деган эзгу ғоя билан майдонга чиққан жадид боболаримиз халқимизни жаҳолат ва қолоқликдан олиб чиқишнинг асосий йўли – билим ва маърифатда, дунёвий тараққиётни эгаллашда, деб билдилар. Шу маънода, жадидлар ҳаракатининг кенг қамровли фаолиятидан бугунги ёшларни хабардор этиш зарур. Ахир, Ватан мустақиллиги ва тараққиёти учун курашган жадид боболаримиз фидойилиги бармоқ билан санарли мутахассисларга маълум. Бу бўйича кўпчилик бехабар. Уларнинг қарашларини халқимиз онгига сингдириш асосий мақсадимиздир. 

Ҳали айтганимдек, узоқ ва яқин ўтмиш ҳодисаларини ёритиш билан чекланиш вақтли матбуот фаолиятини бир қадар торайтириб қўяди. Шу сабабли, бугун миллий тафаккуримизда, унинг таркибий қисми бўлган бадиий тафаккуримизда қандай янгиланишлар кечаётгани ҳам “Жадид” газетаси эътибор марказида бўлади. Янги ижод намуналари, адабий жараён, баҳс-мунозаралар, жаҳон адабиёти, айниқса, туркий халқлар замонавий адабиётидаги янгиликлар ҳам изчил ёритиб борилади.

Албатта, бу жараёнда маърифатпарвар жадид боболаримиз томонидан олға сурилган ғоявий-сиёсий, ижтимоий-маърифий ва ҳуқуқий-ахлоқий қарашлар, уларнинг турли миллат ва элатлар ўртасида бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик тамойилларини қарор топтириш, миллий манфаатларни ҳимоя қилишга қаратилган фаолияти етакчи мавзулардан бири бўлади.

Бир пайтлар “Ўзбекистон маданияти”, кейинчалик “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” номи билан чоп этилган газета эндиликда “Жадид” номи билан чиқа бошлагани эса, шу маънода муҳим рамзийлик касб этади, деб ўйлайман. Мустабид совет замонида ҳам жадидлар мавзусини илк бор кўтариб чиққан нашр ҳам айнан бизнинг газета бўлади. Унинг адабиёт ва санъатга оид мавзулари ва йўналишларини аввалгидек сақлаб қолган ҳолда, “Жадид” номида кўп минг ададда, яна қўшимча икки саҳифа кўпайтириб нашр этила бошлангани газета фаолиятида янги бир даврни бошлаб бергани, шубҳасиз.

– “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси ўз фаолиятини тўхтатгани ҳақида ижтимоий тармоқларда турлича фикрлар айтилмоқда. Бу фикрларга муносабатингиз қандай?

– “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси мухлисларига жонкуярликлари учун миннатдорлик билдирган ҳолда, бу газета “Жадид” номида, мавзу доираси кенгайган ҳолда нашр этилиши ҳақида газетамизнинг 2023 йилги охирги сонида хабар берган эдик. “Жадид” газетаси “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”нинг асосий жиҳатларини сақлаб қолади: янги шеърий туркумлар, ҳикоялар, салмоқли адабий-танқидий мақолалар, маданият янгиликлари, шунингдек жаҳон адабиётига оид турли хабарлар бериб борилади.

Бундан юз йил олдин британиялик қомусий олим, ёзувчи Жон Леббок: “Инглиз адабиёти – инглизларнинг миллий бойлиги, маданий мероси. Биз дунёга буюк шоирлар, донишмандлар, олимлар етказиб берганмиз ва етказиб бермоқдамиз. Бошқа ҳеч бир халқда бунчалик ёрқин, олижаноб адабиёт йўқ. Адабиётимиз иқтисодиётимиздан кўра бойроқ, ҳарбий кучларимиздан кўра қудратлироқ. У Ватанимизнинг чинакам ғурури ва шон-шарафи, уни мадҳ этган сўзларнинг ҳеч қайсиси унинг ўзи қадар юксак бўла олмайди”, деб ёзган эди. Навоий бобомиз эса, бу фикрни беш юз йил олдин шундай гўзал ифода этган:

Олибмен тахту фармонимға осон,

Черик чекмай Хитодин то Хуросон.

Шу нуқтаи назардан айтиш ўринлики, ижодкорларимиз, адабиётшунос олимларимизнинг том маънода жадидлар сингари жамият ҳаётига фаол аралашуви, майдонга чиқиш вақти етди. Ёзувчи ва шоирларимиздан янги, пишиқ-пухта асарлар кутамиз. Таҳририятнинг Адабиёт ва санъат бўлими аввалгидан кўра ҳам талабчанлик билан ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Истардикки, ижодкорларимиз шеърий ва насрий асарлари қаторида давримиз муаммоларига бағишланган публицистик мақолалар, бугунги кунда унутилаёзган очерк, фелъетон сингари жанрларда ҳам асарлар ёзсалар. Улардан янги фикр, янги илғор ғояларни кутиб қоламиз. Маълумки, жадид – янги, янгилик демак!

Газетанинг муаллифи, яратувчиси унинг ўқувчиси ҳамдир. Буни унутмаслик керак. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасидан узоқлашиб кетган ўқувчилар “Жадид”га яқинлашсалар, уни ўз минбарларига айлантирсалар жамият билан ҳамқадамлик бошланади. Улуғлар лутф этганидек, ўзгаришларни ўзимиздан бошлашимиз ҳамиша ибратлидир! 

Дарвоқе, ижтимоий тармоқларда кейинги пайтда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” нинг адади камайиб кетгани ҳақида кўп ёзишмоқда. Бугунги кунда нашр адади анчайин нисбий эмасмикин?!. Чунки ўнминглаб ададда чиқадиган, аммо биров ўқимайдиган газеталар ҳам бор. Аммо “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”нинг интернет саҳифаларида ўн минглаб ўқувчиси бор эди, ҳар бир сонини қўшни Тожикистоннинг Хўжанд, Қозоғистоннинг Чимкент, Қирғизистоннинг Ўш сингари ҳудудларида яшаб, ўзбек тилида ижод қиладиган ёзувчи-шоирларгина эмас, оддий мактаб ўқитувчилари ҳам кузатиб боришгани бизга маълум. 

Океан орти давлатлари, Россия, Озарбайжон, бундан ташқари турли мамлакатларда яшаётган ўзбеклар ҳам “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”нинг ҳар бир сонини кутишарди. Таҳририят улар билан яқин алоқа ўрнатганди. Ўтган йили хорижда яшаётган ўзбекларнинг ўндан ортиқ асарлари газета саҳифаларида ёритилди. Биргина мисол: ўшлик Одилжон Дадажоновнинг интернетдаги “Ўш ва ўшликлар” каналида ҳар жума куни “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”нинг янги сони қўйиб борилди. Бу ҳамкорлик келгусида “Жадид” газетаси билан ҳам давом этади, албатта. 

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси мактабда, ўқувчилик давримизда қалбимиздан жой олганди. Бунда улуғ устозларимизнинг хизмати катта. Бизнинг кўп ширин хотираларимиз шу газета билан боғлиқ. Буни инкор этиб бўлмайди. Тез орада “Жадид” газетаси ҳам ўқувчилар қалбидан муносиб ўрин олишига ишончимиз комил.

– “Жадид” газетасининг янги рукнлари, долзарб мавзулари ҳақида тўхталсангиз.

Газетачиликда бу нарсалар сир сақланса-да, майли қисман айтиб ўтай. Жадид боболаримиз ўртага ташлаган муаммолар ҳамон кун тартибида тургани барчамизга маълум. Абдулла Авлоний бундан юз йил олдин ёзган оталарнинг мактаб таълимига эътиборсизлиги, тарбия кўрмаган ота-оналар ҳақида билдирган фикрлари аҳамиятини йўқотгани йўқ. Абдулла Қодирий ҳангомаларида найзадек қаламга олинган муаммолар ҳали ҳам учраб туради. Мунаввар қори Абдурашидхонов ёзганидек, “Бугунгача Оврупо халқи осмонға учар экан, бизда соч ва соқол низолари, овруполилар денгиз остида сузар экан, бизда узун ва қисқа ки­йим жанжаллари, Оврупо шаҳарлари бутун электрик билан иситилур ва ёритилур экан, бизда мактабларда жўғрофия ва табиёт ўқитиш, ўқитмаслик ихтилоф­лари... давом этади”. Бу барчамизга маълум ва машҳур гаплар. Шу сингари жадид маърифатпарварларнинг театрга, мактабга, кутубхонага, умуман, жамиятга, давлат тузумига, эртанги кунга муносабатларини ўрганишимиз ва муҳими, “Тилда, фикрда, ишда бирлик” деган эзгу ғояни халқимизнинг кундалик турмуш тарзига сингдириш бош мақсадимиз. Бу эзгу ғоя барчамизга бирдек тегишли.

Нигора РАҲМОНОВА

суҳбатлашди.