Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Tilda, fikrda, ishda birlik" китобининг тақдимоти бўлиб ўтди
20:14 / 2025-02-19

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Jadid” газетаси ташкил этилганига бир йилдан ошди.

Ўтган вақт мобайнида мазкур нашр жадид боболаримизнинг миллий тараққиётни ҳар томонлама жадаллаштириш, зиёли ва ижодкорларни бирлаштиришга дахлдор ғоя ва дастурларини атрофлича ёритиш, бу қутлуғ меросни эл-юртимиз, энг аввало, ёшларимизнинг қалби ва онгига етказишда, жамоатчилик фикрини шакллантиришда ўзига хос эркин минбар вазифасини ўтади. 

Айтиш керакки, мазкур газетада чоп этилган таҳлилий мақолалар илмий асослангани, теранлиги, халқ руҳиятини ўзида ифода этгани билан диққатга сазовордир. Ўтган вақт мобайнида "Jadid" газетасида мамлакатимизнинг етук олимлари, академиклар, тарихчилар, ёзувчи ва шоирлар, бир сўз билан айтганда, жадид боболаримиз мероси, миллат ўзлиги, келажагига бефарқ бўлмаган ижодкор зиёлиларнинг теран таҳлилий мақолалари, суҳбатлари, публицистик очерклари эълон қилиниб, улар мамлакатимиз маънавий-маърифий ҳаётига дахлдор ҳамюртларимизнинг эътиборига тушди. Ўзаро фикр алмашинувларга, ёшлар дунёқарашининг бойишига хизмат қилди. 

Яқинда таҳририят ижодкорлари томонидан яна бир хайрли иш амалга оширилди. Бир йил давомида газетада эълон қилинган сара мақолалар киритилган “Tilda, fikrda, ishda birlik” китоби чоп этилди.

Тошкентда мазкур китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди. 

Унда дипломатик корпус вакиллари, атоқли адиб ва публицистлар, санъат намояндалари, “Jadid” газетасининг фаол муаллифлари, жадидшунос олимлар, зиёлилар, талабалар, жамоатчилик вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Тадбирда ўтган бир йил давомида газетада жадидшунос олимлар, зиёлилар, тадқиқотчилар, жамоатчилик ва давлат арбоблари қаламига мансуб таҳлилий-танқидий, ижтимоий-сиёсий, бадиий-маърифий мақолалар, қолаверса, атроф-муҳит, экология билан боғлиқ долзарб материаллар эълон қилингани, “Tilda, fikrda, ishda birlik” китоби ана шу иш жараёнининг самараси, бошқача айтганда, 2024 йил сарҳисоби бўлгани таъкидланди.

Тақдимот тадбирида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Хайриддин Султонов иштирок этди. 

Тадбир якунида “Jadid” газетаси томонидан ўтказилган “Муштарийлар эътирофи” танлови ғолиблари тақдирланди.

Н.Усмонова, ЎзА