Ўзбекистонда тиланчилик қилиш тақиқланган бўлиб, қонунчиликда белгиланган тартибда маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Афсуски, шунга қарамасдан аэропортлар, вокзаллар, хиёбонлар, истироҳат боғлари, бозорлар ва савдо мажмуалари ҳудудларида, стадионлар, бекатлар, йўлларнинг қатнов қисмида, моддий маданий мерос объектлари жойлашган ҳудудларда тирикчиликнинг қусурли йўли билан шуғулланаётганларни кўплаб учратиш мумкин. Тошкент метрополитенида ҳаракатланувчи поезд вагонларида ҳам болалар тиланчилик қилиб юриши, улар йўловчиларга ноқулайлик туғдириши сир эмас.
Метроларда тиланчиларга қарши қандай чоралар кўрилмоқда?
“Тошкент метрополитени” ДУК матбуот хизмати ходими Тўйчи Мирзаевнинг маълум қилишича, Тошкент метрополитенида тиланчилик билан шуғулланиб келаётган шахслар метро бекатларига йўловчи сифатида киради, аммо улар метро вагонларида тиланчилик билан шуғулланади.

“Тошкент метрополитени” ДУК ходимлари томонидан доимий равишда тиланчилик билан шуғулланаётган вояга етмаган шахслар ва уларнинг ота-оналари билан профилактик тадбирлар олиб борилиб, ушбу фаолият тури билан шуғулланувчи шахсларга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 188³-моддасига кўра, вояга етмаган шахсларнинг ота-онасига ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга нисбатан чоралар кўрилмоқда.
– Аслида, тиланчилик – меҳнатдан қочиб, тайёр ва текин даромад “маза”сини олган луқма эгаларининг “касби”, – дейди Тўйчи Мирзаев. Аксарият ўсмир ёшдаги тиланчилар тартиб муассасаларига олиб борилиб, улар билан суҳбат олиб борилганида кўпчилиги носоғлом муҳитда ўсаётгани, ота-онасининг хорижга ишга кетганлиги боис, бобоси ёки бувисининг қистови билан тиланчилик қилаётгани маълум бўлади. Ҳаёт доимо бирдек кечавермайди, турли фавқулодда ҳолатлар, кутилмаган ҳодисалар оқибатида баъзи кишилар ноқулай иқтисодий ҳолатга тушиб қолиши мумкин. Лекин бу етишмовчилик туфайли тиланчилик қилиш керак, деган маънони англатмайди.
Тошкент метрополитенида шу каби кўнгилни хира қилувчи ҳолатларни бартараф этиш юзасидан тегишли тадбирлар ишлаб чиқилган.
Муҳайё Тошқораева ёзиб олди.
ЎзА