1 декабрь – Қорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилган кун
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг Элликқаъладаги факультетида 1 декабрь – Қорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилганининг 34 йиллиги муносабати билан “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” шиори остида маънавий тадбир ўтказилди.
Тадбирда Элликқаъла тумани ҳокими ўринбосари У.Ражапбоев, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, Республика Маънавият ва маърифат маркази Элликқалъа тумани бўлинмаси раҳбари А.Матниязова, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раҳбари И.Ходжаниязов давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда она тилимизни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътиборга тўхталди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда яшаб келаётган фуқаролар жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқедан қатъий назар, тенг ҳуқуқ ва эркинликка эгадир. Ҳар йили 1 декабрь – Қорақалпоғистон Республикаси “Давлат тили тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган кун сифатида нишонланиб келинмоқда. Сўзга чиққанлар қорақалпоқ тилининг аҳамияти ҳақида фикр- мулоҳазаларини билдирди.
Тадбирда тил ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган таълим фидойиларига туман ҳокимлиги ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.
Иштирокчиларга концерт дастури намойиш этилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири