-
Замон теграсидаги ўйлар
Вақт югурик. Шиддатли ҳаёт ила етаклашганча умр чархпалагини айлантириб юбораверади. Яқинда лотин ёзувидаги ўзбек алифбоси қабул қилинганига 29 йил тўлади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши 1993 йилнинг 2 сентябрида “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Қонунни қабул қилди. 2019 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқейини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги тарихий фармони қабул қилингани миллий тилимизнинг нуфузини ошишига хизмат қилмоқда. Шунингдек, 21 октябрь – Ўзбек тили байрами сифатида нишонланиши тўғрисидаги Қонун қабул қилингани барчани бирдай хурсанд қилди. Бироқ чиқарилаётган Қонунлар ижроси, лотин алифбосида хат-савод чиқарган авлоднинг тақдири ҳақида бироз мушоҳада юритсак. Демак, шу йиллар мобайнида лотин алифбосида таълим олаётган, яъни бир авлод ёшлари ҳам анча ёши улуғлардан бўлиб қолди. Айни навқирон паллага тўғри келаётгани аниқ. Анча-мунча ҳаёт йўлини босиб ўтди. Икки авлод ўртасидаги кечмиш ва қабул қилиш жараёнлари миллат бошидан кечди. Яъни, катта авлод кирилл алифбода ўқиган бўлса, янги авлод эса янгича алифбони мукаммал ўрганаётганига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Ёшларнинг ушбу алифбо орқали олаётган билимини мустаҳкамлаш учун кўп адабиётлар чоп этилди. Янги алифбо орқали юртимизнинг олис ва яқин ўтмиш тарихини билиши, аждодларимизнинг бой меросидан, адабий-бадиий, илмий асарларидан баҳраманд бўлиши учун янги ўзбек ёзувида адабиётлар нашр қилинди. Аммо бир савол ҳамон қийнайди? Халқимизнинг кўп асрлар давомидаги миллий анъаналари, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маънавий ҳаётини яхши билишлари учун ишлар етарли даражадами? Миллатнинг бойлиги бўлган маданий бойликларимизни ҳозирги ёзувга ўтказиш учун қилинаётган саъй-ҳаракатлар нақадар кераклиги кўриниб турибди. Чунки бугунги авлод ўтмиш меросимиздан узилиб қолмаслиги ёзув масаласи билан ҳам чамбарчас боғлиқ.
Улуғларни улуғ қилган ёзув
Ёзув қачон “гапиради”? Ёзув инсон томонидан яратилган мўъжиза, кашфиёт. Миллатни миллат сифатида асраб қолиш, тарихда қолишини таъминловчи восита.
Ёзув миллатнинг фикри, ўзлиги, илғор ғоясини бирлаштирган ҳолда бошқаларга етказувчи алоқа воситаси сифатида “гапиради”. Мисол тариқасида атоқли шоиримиз Абдулла Орипов бошидан ўтган воқеани келтириб ўтсам. У Данте Алигьерининг “Илоҳий комедия” поэмасини таржима қилганда миллат рамзи бўлган ёзувнинг кучли жиҳатини очиб берган. Дантенинг “Илоҳий комедия”си “Дўзах” қисми таржимасини мутаржим асарнинг мумтоз итальян тили руҳиятини мумтоз туркий шеърий тил орқали ифодалайди. Шунингдек, туркий мумтоз адабий тилни замонавий руҳ бериб, жозибали оҳанг ила ўқувчига матнни тўла тушуниши учун имкон яратади. Бу эса том маънодаги бадиий таржима мўъжизасидир.
“Илм ов қилиб тутилган жониворга ўхшайди, уни китобат (ёзиб қўйиш) билан боғлаб қўйилади”. Яъни, китоб таржима қилинди. Кейинчалик у рус тилига ўгирилди. Ва яна бошқа тилга таржима этилди. Абдулла Орипов ўзининг сўз ва ёзув қудрати орқали жаҳон минбарида баралла ўзбек тилида сўз сўзлади, юқори ҳурмат-эҳтиромга сазовор бўлди. Катта меҳнат ва машаққат ила қилинган меҳнатнинг самараси — гўзал таржима орқали ёзилган ёзув миллатни кўрсатди.
Тил ва ёзув: асрлар оша
Инсоният пайдо бўлибдики, ўз фикрини баён этишга, мулоқот қилишга бўлган иштиёқ ила яшайди. Тил бир алоқа воситаси сифатида шаклланиб, сўнгра уни ёзишга, ёзув шаклланишига бўлган ҳаракатлар тарихдан маълум. Ёзувнинг пайдо бўлиши ҳақида диний маълумотларга таянадиган бўлсак, бу Одам Атонинг яратилиш даврига тақалади.
Асрлар оша тарих зарварақларини варақлар эканмиз, мутахассислар Ўрта Осиёда, яъни мамлакатимиз ҳудудларида алифболар милоддан олдинги II-I минг йилликлар оралиғида бўлганини айтади. Ёзувлар орасида Хоразм, Сўғд, Бақтр тилларининг алифбоси жуда кенг қўлланилган. Қадимда давлатчилик мақомига эришишда ёзув катта роль ўйнаган. Бугунда ҳам бу қараш ўз салмоғини заррача ҳам йўқотмагандек.
Тил ва ёзув борасидаги мунозаралар тўхтагани йўқ. Чунки, бугунги кун ёшлари ўзга тилни мукаммал ўрганиш билан машғул бўлган бир даврда ўзбек тилини ўрганишга бўлган иштиёқ бир мунча сезилмаётгандек.
Яна бир гап. Орадан шунча йил ўтса-да, бошқа миллат вакилларининг ўзбек тилини ўрганиши учун истак-хоҳиши уйғонмадими ёки ўзга миллат вакиллари тилимизни ўрганиши учун етарли адабиётлар мавжуд эмаслиги тўсиқ бўляптими?
Миллат юзи ёзувдир, кўрки эса тил
Бугун Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш асосий мақсадимиз экан, бу борада иккита мустаҳкам устунга, яъни бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт ҳамда аждодларимизнинг бой мероси, миллий ва умумбашарий ғояларга асосланган кучли маънавиятга таянамиз. Маънавият – жамиятдаги барча сиёсий-ижтимоий муносабатларнинг мазмуни ва сифатини белгилайдиган пойдевордир.
“Бу пойдевор қанча мустаҳкам бўлса, халқимиз ҳам давлатимиз ҳам шунча кучли бўлади. Фақатгина мана шундай заминга таянган ҳолда биз юртимизда Учинчи Ренессанс асосларини барпо эта оламиз”, деган эди давлатимиз раҳбари. Шу ўринда Жалолиддин Румий ҳазратларининг бир ҳикматини келтириб ўтиш жоиздир. “Гўзал кунлар келишини кутма, унга қараб бормоғингни унутма”.
Вазирлар Маҳкамасининг “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан 2023 йил 1 январдан бошлаб барча ташкилотларда иш юритишда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтилади. Расмий веб-сайтлар, маҳаллий ОАВ, интернет сайтлари, расмий ҳужжатлар ва иш қоғозлари ҳам тўлиқ лотин ёзувига ўтказилади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокама учун ҳам лотин ёзувига асосланган ўзбек тилида эълон қилиниши керак бўлади.
Барча ташкилотларда иш юритиш ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатларни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва эълон қилиш амалиёти тўлиқ жорий қилинади. Бу борада анча ишлар қилинди. Фақат ҳар бир шахс ўз тилига бўлган эътиборни ўзидан, оиласидан бошласа, шунда жамиятда тил ўз ўрнига эга бўлади, қадрланади. Давлат тилига ҳурматсизлик, миллий маданият ва қадриятларимизга беписандлик эса ёмон оқибатларга олиб келади. Амалга оширилиши кутилаётган алифбо янгиланишлар, ўзгаришлар ва ислоҳотлар тил қадрланиб, ёзув асрлар оша миллат юзи бўлиб қолишига хизмат қилиши керак.
Ойгул Кажанова, журналист.
ЎзА