Янги йил шукуҳи кезиб юрган айни кунларда шаҳар ва қишлоқларимиз кўчаларида, хонадонларда ясатилган яшил дарахтларга кўзимиз тушади. Биз бу байрам рамзини “арча” деб атаймиз ва бу сўз қулоғимизга шу қадар таниш, шу қадар сингиб кетганки, унинг асл маъноси, келиб чиқиш илдизлари ҳақида ўйлаб кўриш хаёлимизга ҳам келмайди. Ваҳоланки, тилимиздаги ҳар бир сўз худди археологик топилма каби ўзида халқ тарихи ва тафаккурининг қатламларини яширган бўлади. Хўш, биз билган “арча” сўзи қандай пайдо бўлган?
Тилшунослик ва тарихий манбаларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, бугунги кунда биз ишлатадиган “арча” сўзи узоқ ва мураккаб лисоний эволюция маҳсулидир. Тилшунос олим Шавкат Раҳматуллаевнинг тадқиқотларига кўра, мазкур от қадимги туркий тилда сарв дарахтининг бир турини англатган “ард” ўзагидан ўсиб чиққан. Тил қонуниятларига кўра, ушбу ўзакка кичрайтириш маъносини ифодаловчи “-ча” қўшимчаси қўшилиши натижасида “ардча” шакли ҳосил бўлган. Вақт ўтиши билан талаффуз қулайлиги учун қатор келган уч ундошдан (р-д-ч) ўртадагиси тушиб қолган ва ўзбек тилининг товуш хусусиятларига мослашиб, унлилар алмашинуви натижасида сўз биз билган “арча” (ӓрчӓ) кўринишига келган. Демак, сўзнинг туб илдизида қадимги туркий халқларнинг наботот дунёсига бўлган муносабати ётибди.
Бу фикрни XI асрнинг буюк тилшуноси Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғотит турк” асари ҳам тасдиқлайди. Қошғарий ўз луғатида “артуч” сўзини келтириб, уни ар-ар дарахти ёки қора арча сифатида изоҳлаган. Шунингдек, аллома “артучланди” феълини ҳам қайд этган бўлиб, бу “арчазор бўлди”, “арча кўпайди” деган маъноларни англатган. Бу факт шундан далолат берадики, арча дарахти ва унинг номи минг йил олдин ҳам аждодларимиз ҳаётида муҳим ўрин тутган, улар нафақат дарахтнинг ўзини, балки унинг табиатда тарқалиш жараёнини ҳам махсус атамалар билан ифодалаганлар.
Шоир, публицист ва адиб Эшқобил Шукурнинг “Бобо сўз изидан” китобида келтирилишича, ҳозирги “арча” сўзининг қадимги аждоди ҳисобланган “ард” сўзи бугунги кунда ҳам Олтой халқлари достонларида сақланиб қолган. Масалан, “Хон Будей” достонида “Ард учинда арканинг...” қабилидаги сатрлар учрайди. Қизиғи шундаки, баъзи тилларда бу сўз “ардич”, “ардиш”, “артича” шаклларида учрайди. Айрим тадқиқотчилар “ардча” ва “ардиш” сўзларини “артиш” – яъни ҳавони тозалаш, софлаш тушунчаси билан боғлайдилар. Бу бежиз эмас, албатта.
Сўз тарихидан табиат тарихига ўтадиган бўлсак, Ўзбекистон тоғларининг бу яшил “аҳолиси” чиндан ҳам табиатнинг мўъжизакор тозаловчиларидир. Сарвдошлар оиласига мансуб бу яшил дарахтлар 600-700 йил, айримлари ҳатто 2000 йилгача умр кўради. Бу дегани, бугун тоғларимизда ўсиб турган айрим арчалар темурийлар, балки ундан олдинги сулолалар тарихининг “гувоҳлари”дир. Ўзбекистоннинг Тяньшан, Туркистон, Чатқол ва Ҳисор тоғ тизмаларида совур арчаси, қора арча, Зарафшон арчаси каби турлар тарқалган бўлиб, улар тоғ экотизимининг устуни ҳисобланади. Уларнинг илдизлари тоғ тупроғини эрозиядан сақлайди, сел тошқинларининг олдини олади ва тоғ сувларини тўплаб, текисликларга узатишда беқиёс вазифани бажаради.
Бироқ, тарих давомида инсоннинг бу ноёб дарахтга муносабати ҳар доим ҳам авайлаб-асраш руҳида бўлмаган. Ўтмишда арчанинг мустаҳкам ёғочидан меъморчиликда устунлар, ўймакорлик буюмлари ясашда, айниқса, унинг кўмиридан ҳунармандчиликда кенг фойдаланилган. Темирчилар, мисгарлар ва заргарлар учун арча кўмири юқори ҳарорат берадиган энг сифатли ёқилғи ҳисобланган. Афсуски, асрлар давомида назоратсиз кесилиш ва ёқилғи сифатида ишлатилиши натижасида тоғларимиздаги арчазорлар қисқариб кетган. Фақатгина XX асрнинг 50-йилларига келиб, вазиятнинг жиддийлиги англанди ва Ўзбекистонда арчазорларни қайта тиклаш, сунъий ўрмонлар барпо этиш ҳаракатлари бошланди. 1999 йил маълумотларига кўра, давлат ўрмон фонди ҳисобида 190 минг гектар арчазор мавжуд бўлган бўлса, бугунги кунда бу бойликни асраш экологик барқарорликнинг асосий шартларидан бирига айланди.
Шундай экан, байрам дастурхони атрофида ёки шаҳар майдонларида безатилган арчага боққанимизда, унинг шунчаки байрам атрибути эмаслигини ёдга олайлик. “Арча” сўзи замирида “ард” каби қадимий илдиз, “артуч” каби минг йиллик тарих ётибди. Бу сўз ва бу дарахт аждодларимизнинг табиат билан уйғунлиги, тилимизнинг бойлиги ва Ватанимиз тоғларининг салобати рамзидир. Уни асраш ва номининг асл маъносини билиш эса, тарихимиз ва тилимиз олдидаги бурчимизнинг кичик, аммо муҳим бир қисмидир.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА