Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тил ва имло муаммолари
17:38 / 2023-05-24

Гулистон Давлат университетида “Тил ва имло муаммолари” мавзусида Республика илмий амалий анжуман бўлиб ўтди. Унда республикамизнинг бир қатор олимлари, соҳа мутахассислари иштирок этди.

–  Барчамизга маълумки, юртбошимиз кўпгина қарор ва фармонларида, маърузаларида давлат тилида иш юритиш масалаларини, ўзбек тилининг жаҳондаги ўрни ва нуфузини янада оширишга алоҳида эътибор қаратади,  – деди Гулистон давлат университети ректори Муҳсин Ҳожиев. –  Бугун жамиятимиз ҳаётида тил масаласига эътибор имло қоидаларига риоя этиш масалалари, айниқса, барча даврдагидан ҳам муҳим. Глобаллашган замонда яшар эканмиз, тилимизга кўпгина хорижий атамаларнинг кириб келиши, бунинг натижасида замонлар силсиласида қўлланилиб келинаётган соф ўзбекона сўзларимиз муомаладан чиқиб кетиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Бундан ташқари, кўча-кўйдаги реклама баннерлари, афишалар каби турли ёзувли тасвирларда имло қоидаларининг ҳам бузилиши кўнгилни хира қилади.  Биз бугун туркий халқлар бир ёзув-имлодан фойдалансак, бу ёзувни ўзимизга қулай ва мақбул ҳолатга келтирсак, ёзувларимиздаги ортиқча ҳашамдорликка эмас, унинг тўғри ислоҳига эътибор қаратсак мақсадга мувофиқ бўлади.  

Андижон давлат университети профессори, филология фанлари доктори Абдулҳай Собиров “Номларни тўғри ёзиш – саводхонликнинг бош мезони” номли маърузасида юртдошларимиз кайфиятидаги давлат тилига беписандлик, “лисоний эринчоқлик”, “саводсизлик” ҳамон оёғимизга осилган тошдек маҳкам турибди. Уларни тўғрилаш – давр талаби, миллатнинг биринчи галдаги юмуши”, – дея танқидий фикрлар билдирди.  

Шунингдек, Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори, филология фанлари доктори Боқижон Тўхлиев “Имло маданияти”, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети профессори, филология фанлари доктори Насимхон Раҳмонов “Ёзув ва имло тарихи”, Ўзбекистон давлат хореография академияси профессори, филология фанлари доктори Равшан Жомонов “Европа тилларидан ўзлаштирилган сўзлар имлоси: муаммо ва ечимлар”, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети доценти, филология фанлари номзоди Муяссар Сапарниязова “Ўзбек тилининг эргонимик макротизими” номли маърузасида бугунги кунда ташкилот номларининг нотўғри ёзилиши, қўшалифболик, у келтириб чиқараётган муаммолар хусусида маърузалари билан қатнашди.  

Шуҳрат СУЯРОВ, ЎзА