French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тил таълимидаги янгилик ва тажрибалар муҳокама этилди
16:41 / 2025-10-18

Термиз иқтисодиёт ва сервис университети “Тилшунослик ва тил таълимидаги инновациялар: глобал йўналишлар ва маҳаллий нуқтаи назарлар” мавзуига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция ташкил этди.

Мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари, Озарбайжон, Япония, Туркия, АҚШ, Индонезия каби давлатларнинг таниқли олим ва мутахассислари иштирок этган анжуманда бугунги глобаллашув даврида тилшунослик соҳасида кечаётган янгиланишлар, тил таълимида замонавий технологияларни қўллаш, халқаро тажрибаларни ўрганиш ҳамда уларни маҳаллий таълим амалиётига татбиқ этиш масалалари муҳокама этилди.

Конференциянинг очилиш маросимида Термиз иқтисодиёт ва сервис университети таъсисчиси Ж.Пардаев, илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори С.Эшқораев анжуманнинг мақсади ва вазифалари, таълимда инновацияларни жорий этиш, илм-фан ва амалиёт интеграциясини кучайтириш, хорижий тажрибаларни ўрганиб, миллий шароитда қўллашнинг аҳамияти тўғрисида атрофлича фикр юритди.  

Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда она тилимизнинг давлат ва жамият ҳаётидаги таъсири ҳамда мавқеини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбари 2019 йил 21 октябрда “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонини қабул қилди. Унга биноан 21 октябрь юртимизда “Ўзбек тили байрами куни”, деб белгиланди. Она тилимиз нуфузи дунёда ошаётгани халқимизнинг фахр-ифтихор туйғусини юксалтирмоқда. Бу борадаги ислоҳотлар ўзбек тили ва адабиёти йўналишида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш ҳажми ва илмий тадқиқотлар сонининг ортиб бораётганида ҳам ўз ифодасини топмоқда.  

Анжуманда сўзга чиққан маҳаллий олим ва мутахассислар шу ҳақда ҳам сўз юритиб, ўзбек тилининг электрон миллий корпуси ва дастурий маҳсулотларининг ўзбекча иловаларини яратиш, тилимизни интернет тармоғида оммалаштириб, муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш каби йўналишларда салмоқли ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.  

Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вакили Сантош Кумарининг “Тил ўрганишда инқилоб: инглиз тилини хорижий ўқувчиларга ўқитишда сунъий интеллектнинг роли” мавзуидаги маърузаси ҳам барчада катта қизиқиш уйғотди. Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги менежери Амирсаид Садиков IELTS имтиҳонларидаги янгиликлар, баҳолаш тизимидаги ўзгаришлар ва халқаро сертификатлашдаги янги йўналишлар хусусида фойдали маълумотларни тақдим этди. Индонезия таълим университети тилшунос олими Аҳмад Бухори Муслим “Тил таълимидаги инновациялар: Индонезия тажрибаси”, Миссури давлат университети профессори Женифер Жонстон “Тил таълимидаги глобал тенденциялар ва ўқувчи мотивациясини оширишнинг самарали усуллари”, Истанбул университети профессори Севтап Кадиоглунинг “Тил ўқитишнинг адабиёт билан интеграциялашган шакллари” ҳақидаги маърузаларида мамлакатларида тил ўқитишда қўлланилаётган замонавий ёндашувлар тақдим этилди.

Озарбайжон Иқтисодиёт давлат университети доценти Айсел Халилова ва Элмира Исмаиловалар глобаллашув шароитида олий таълимда тил сиёсати ва сифатни таъминлаш масалалари тўғрисида сўз юритиб, тилни баҳолашнинг замонавий моделлари ҳақида фикр алмашди. Япониянинг Камияма Гакуин мактаби директори Шинжи Камияма ўзини ўзи бошқарувчи таълим концепциясининг тил ўрганишдаги муҳим омилларини таҳлил қилди.

Баҳс-мунозараларга бой бўлган конференция музокараларида замонавий тил таълимини такомиллаштириш, миллий дастурларга илғор хорижий тажрибаларни сингдириш, ўқитувчиларнинг компетенциясини ошириш каби масалалар юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди. Тил таълимидаги инновацион ёндашувлар, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш имкониятлари, ўқувчиларда тил ўрганишга бўлган мотивацияни ошириш усуллари, шунингдек, халқаро стандартларга мос баҳолаш тизимлари юзасидан ўзаро тажриба алмашилди. Тилшунослик йўналишида ўтказиладиган бу каби халқаро учрашувлар фанда янги йўналишлар, илмий ҳамкорлик ва инновацион ғоялар учун мустаҳкам замин яратиши қайд этилди.  

Анжуман қатнашчиларига сертификат ва эсдалик совғалар топширилди.  

Холмўмин Маматрайимов,

ЎзА мухбири