Ҳар бир миллатнинг ўз қадрияти, миллийлигини намоён қилувчи восита ва манбалари мавжуд. Тил ана шундай жиҳатларнинг энг мукаммал ва муносиби ҳисобланади. Тил — Ватанга, онага, миллатга қиёсланар экан, шулар каби улуғворликда мадҳ этилади. Она тилимиз, дея қадрланади.
Тошкент вилояти адлия бошқармасида “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинганлигининг 33 йиллиги муносабати билан ташкил этилган маънавий-маърифий тадбир “Тилини асраган — элини асрайди”, деб номланди. Унда Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти катта илмий ходими, фалсафа фанлари доктори, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Шаҳло Аҳророва ва бошқарма ходимлари иштирок этди.

Бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Х.Назаров иштирокчиларни 21 октябрь —Ўзбек тили байрами куни билан табриклаб, мамлакатимизнинг Асосий қонуни — Конституциямизнинг ўзбек тилида яратилиши унинг нуфузини янада юксалтирганлигини айтиб ўтди. Ўзбек тили давлат тили сифатида сиёсий-ҳуқуқий, иқтисодий-ижтимоий, маънавий-маърифий ҳаётимизда фаол қўлланилаётганлиги, юртимиз бўйлаб ва халқаро майдонларда она тилимизда янграётган Давлат мадҳияси ҳам қалбларимизда Ватан туйғусини жўш урдиришини алоҳида таъкидлади.

Ўзбек тили байрами муносабати билан уюштирилган мазкур тадбирда Шаҳло Аҳророва, халқимизнинг кўп асрлик маданий, илмий-маърифий ва бадиий тафаккури, интеллектуал салоҳиятининг ёрқин ва бебаҳо маҳсули бўлган ўзбек тили жаҳондаги бой ва қадимий тиллардан бири эканлигини, сўз мулкининг султони, буюк мутафаккир Aлишер Навоий ўзи яшаган мураккаб давр – ХV асрда тилимиз ҳимоясига отланиб, туркий тил ўз имкониятлари жиҳатидан бошқа тиллардан сира қолишмаслигини илмий ва амалий жиҳатдан исботлаб, ўзининг “Хамса” асарини туркий тилда ёзганлигини, ҳозирда ҳам шоирларимиз ўзбек тилининг бойлигини, унинг буюклигини намоён этувчи асарлар яратаётганини қайд этди.

Она тилимизнинг истиқболдаги тараққиётига оид амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузи тобора ортмоқда.
А.Мусаев,ЎзА.