Миллий тил жамиятнинг асосий таянчидир. Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг “Тил миллатнинг бош белгиси ҳисобланади. Тил бор – миллат бор” деган ёлқинли сўзлари бугун ҳар биримизнинг кундалик шиоримиз бўлиши керак.
Айтиш жоизки, бугун мамлакатимизда она тилимизнинг барқарорлиги, равнақи йўлида ҳар бир туман, вилоятда жадал суръатларда хорижий сўзлар ва атамалардан тозалаш ишлари давом эттирилмоқда.
Кейинги икки ҳафта мобайнида пойтахтимизнинг Яшнобод туманида ишчи гуруҳ томонидан давлат тили ижроси юзасидан бир қатор ўрганиш ишлари ўтказилди. Тумандаги Фарғона йўли, Махтумқули, Паркент, Оҳангарон марказий кўчалари бўйлаб давлат тилига риоя этилиши юзасидан такроран назорат- ўрганиш олиб борилди.
Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари – Тошкент шаҳар ҳокими маслаҳатчиси А. Рўзитоев, Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси маслаҳатчиси А. Насиров, давлат тилини ривожлантириш жамғармаси раиси А. Иминов, туман ҳокими маслаҳатчиси О. Бекмуродова томонидан туман ҳудудида фаолият юритаётган бир қатор мактабларда давлат тилига амал қилиниши ва она тилимизнинг ривожланиши, самарадорлиги ўрганилди.
Тумандаги мактаблар пештоқидаги пешлавҳалар, шиорлар, ҳикматли лавҳаларнинг бехато ва давлат тилидаги мавжуд қонун меъёрларига мувофиқ ёзилиши мутасаддиларга тушунтирилди. Аниқланган жузъий хато ва камчиликлар тезкорлик билан тузатилиши назоратга олинди. Ишчи гуруҳ фаолият юритаётган жисмоний ва юридик шахслар билан давлат тилида иш юритиш борасида тушунтириш ишларини олиб борди. Махсус тадбир давомида ноқонуний қурилмалар, шунингдек, хорижий тиллардаги реклама ҳамда имло хатолар билан ёзилган ҳар қандай ахборот матнлар, эълонлар ва кўрсатмалар юзасидан масъул шахсларга огоҳлантириш хатлари берилди.
Ўрганиш давомида давлат тилига доир қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида аниқланган камчиликлар юзасидан 100 га яқин тадбиркорлик субъекти вакилларига ишчи гуруҳ томонидан қонун доирасида зарурий чоралар кўрилди.
Яшнобод туманига қарашли ҳудудда 51 та хорижий тилда ёзилган ташқи ёзувдан 3 таси, 28 та имловий хатолар билан ёзилган реклама ёзуви жойида бартараф этилди. Қолган тадбиркорлик субъектларига муддат берилди.
“Шуни унутмаслик керакки, фақат давлат тилига тўлақонли ёндашув орқали мавжуд аянчли вазиятни ўзгартириш мумкин ва бу жараёнда эса мактаблар асосий ўрин тутади. Энг муҳими, республикадаги барча мактаб ўқитувчилари ва мураббийлари давлат тили меъёрларига мувофиқ сўзлаш ва ёзишда намуна бўлишлари лозим. Мактабларимиз- давлат тилининг байроқдори бўлиши керак”дейди ишчи гуруҳ раҳбари, таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг маслаҳатчиси Абдираҳим Насиров.
Ҳа, бугун давлат тилига тўлақонли ёндашув вақти келди. Миллий тил билан боғлиқ мамлакатдаги мавжуд ҳолат ўзгариши муҳим. Ушбу жараёнда эса нафақат давлат тили масъуллари, ҳар бир миллат вакили бирдек асосий роль ўйнайди.
О. Бекмуродова, ЎзА