French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тил — миллат ва Ватан тимсолидир
18:02 / 2020-10-20

Ҳазрат Алишер Навоий“Инсонни сўз айлади жудо ҳайвондин” деб эътироф этса, улуғ бобомиз Юсуф Хос Ҳожиб “Одобнинг боши тилдир” деб таъкидлайди. Тилга кўрсатилаётган бундай эҳтиром инсоннинг ўз тилига ҳурмати, эъзози ва эътиборини кўрсатади.


Тил — миллат тафаккурининг бебаҳо хазинаси, улкан бойлиги сифатида ижтимоий ҳаётда ҳам муҳим аҳамият касб этади. У миллат борлигини, бирлигини кўрсатади. Чунки тил орқали ҳар бир миллатнинг хулқи, одоби, маънавияти, маданияти, қолаверса, жаҳон тамаддунида миллат сифатида нечоғлик ўрин эгаллаганлиги маълум бўлган. Табиат бундай буюк неъматни фақат бизга, инсонларгагина ато этган. 

Ҳазрат Алишер Навоий“Инсонни сўз айлади жудо ҳайвондин” деб эътироф этса, улуғ бобомиз Юсуф Хос Ҳожиб “Одобнинг боши тилдир” деб таъкидлайди. Тилга кўрсатилаётган бундай эҳтиром инсоннинг ўз тилига ҳурмати, эъзози ва эътиборини кўрсатади. 
 
Ҳар бир халқнинг асрлар давомида босиб ўтган йўли, тарихи, миллий қадриятлари, урф-одатлари, маданияти ва санъати, маънавияти она тилида ўзининг яққол ифодасини топган бўлади. Шу боис уни кўнгил мулкининг бебаҳо гавҳари, дури каби авайлайдилар, ўрни келганда кўкрагини қалқон қилиб ҳимоя ҳам қилади.

Ҳўш, биз ўз она тилимизни асраб-авайлаяпмизми? Унинг софлиги, қадри, обрўси учун курашаяпмизми? Саволлар кўп. Аммо, жавоб беришга бир оз қийналамиз. Биз она тилимизга бўлган ҳурматни,Ватанга бўлган муҳаббатимизни амалий фаолиятимизда намойиш этишимиз лозим. Она тилига бўлган муҳаббатимизни оиламиздан, фарзандларимизга мос, ўзбекона исм қўйишимиздан бошлашимиз керак. 
 
Фарзандларга чиройли исм қўйиш ҳам фарзанднинг ота-она бўйнидаги биринчи бурчларидан ҳисобланиб, катта савобга, ажрга сазовор бўлар экан. Шунинг учун ота-оналар ушбу ҳақни ҳам ўз вақтида ва чиройли бажариши керак. Фарзандига қўйиладиган исм куни келганда уни ноқулай аҳволга соладиган, одамлар ўша исм билан уни калака қилиб масхара қиладиган, ҳар сафар ўз исмини эшитганида азият чекадиган бўлмаслиги лозим. 

Фарзандимиз ақлини таниб, кўп савол берадиган ёшга етганда биздан ўзининг исми, уни ким қўйганлиги, унинг маъноси нималиги, нега ундай исм қўйилгани ҳақида турли саволлар бериб бошимизни қотириши турган гап. Агар унга чиройли исм қўйган бўлсак, қийналмасдан, саволларига тўлиқ жавоб бера оламиз. Борди-ю, унга ёқимсиз, маъноси йўқ ёки таниқли хорижий инсоннинг исмини қўйган бўлсак, қандай аҳволга тушишимизни бир тасаввур қилиб кўринг-а. 

Бир пайтлар ёш оилаларда дунёга келаётган фарзандларга замонавий исмлар, янаям очиқроқ қилиб айтганда кино актёрлари ва машҳур инсонлар, футболчиларнинг исмини қуйиш ҳам учраб турарди.Давлат тилига бўлган доимий эътибор ва ғамхўрлик сабаб бундай нохуш анъаналар бугун анча камайди. Бўка тумани маҳаллаларида ҳавас қилиб қўйилган Рам, Шам, Лакшман, Жими исмли фуқаролар бор. Уларнинг фарзандлари бугун орамизда Жими ўғли, Рам қизи бўлиб юрибди. Шу Ватанда яшаб, шу юртга дахлдорлик ҳиссини чуқур англашимиз керак. Она тили, миллатгагина эмас, шу заминга, она тупроққа даҳлдорликни ҳам белгилайди.

Яқинда фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимига туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олиш учун Миллиордер исмли ота келди. Гувоҳноманинг Отаси деган устунига ўз исмини қўйишдан уялишини айтди. Сабаби,исми Миллиордер бўлсада ўзи мардикор бозорида тирикчилик қилар экан.

Яна бир ота ўғил фарзандлик бўлиб, ФҲДЁ бўлимимизга туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олиш учун маст ҳолатда келиб, ўғлига Роналдо деб исм қўйишини айтиб жанжал кўтарди. Биз унга тўғри тушунча бериб, эртага келасиз деб жўнатиб юбордик. Эртаси куни соғлом ҳолатда келиб, гувоҳномага яхшиям Роналдо деб ёзиб бермаганимиз учун катта раҳмат айтди. Фарзандига Муслимбек деб чиройли исм қўйди. 

Бугун юртимизда тилга маънави-маданий мерос, умуммиллий бойлик, олий қадрият сифатида қаралар экан, биз ФҲДЁ ходимлари ҳам бу борада ҳар қачонгидан масъулиятли бўлиб, қабулимизга келган фуқароларга тўғри ҳуқуқий тушунча беришимиз лозим. Шу билан бирга, иш юритиш, ҳужжатларни қабул қилиш ҳамда далолатномаларни ёзишда давлат тили қонун-қоидаларига қатъий риоя қилишимиз талаб этилади. 

Демак, ҳар биримиз ўз она тилимизга эътиборли бўлишимиз, уни ардоқлашимиз, келажак авлодга нафосат ва назокатли тилимизни бутун бўй-басти, гўзалликлари билан етказишимиз лозим. Бу иш бизнинг келажак авлод олдидаги энг муқаддас бурчимиздир.

Она тилимиз ўз жозибаси билан қиёси йўқ бетакрорликка эга. Дунёда тиллар кўп бироқ улар орасида Ўзбек тилидек сўзга, ибора ва ибратларга бой тил бўлмаса керак. Бунга бобокалонларимиз Маҳмуд Қошғарий, Юсуф ҳос Ҳожиб, Аҳмад Яссавий ҳамда Ҳазрат Алишер Навоий ижодларини мисол қилиб кўрсатишимиз ўринли. 

Тил — миллат ва Ватан тимсолидир.Ўз она тилида сўзлашиш нақадар бахт, ғурур бахш этади инсонга. Биз ана шундай бахтиёр инсонлармиз. Агар биз ўзбек тилига бўлган ҳурматни ўзимизда шакллантирсак, тилимизнинг нақадар гўзаллигидан ҳайратлана билсак унда бизни қуршаб турган дунё ўзининг гўзалликларини очади. Ана шундай гўзаллик бизни тарк этмасин.

Маҳлиё Усмонова, 
Бўка тумани ФҲДЁ бўлими мудираси