Давлат мустақиллигининг асосий белгиларидан бири унинг давлат тилига эга эканлигидир. Зеро, мустақиллик тилдан бошланади. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши миллий мустақиллик учун курашишнинг қизғин паллаларига тўғри келди. 1989 йилнинг 21 октябрида Давлат тили ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши ўзбек халқи учун катта маънавий-ҳуқуқий муваффақият бўлди.
Мустақиллик учун кураш паллаларида миллий ўзликни англаш жараёни жонланди, она тилимизга ҳушёр муносабат пайдо бўлди. Янги Ўзбекистон шароитида ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ёшларни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялашда давлат тилининг аҳамияти беқиёс. Мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш, турли миллат ва элатларнинг тилларини сақлаш ва ривожлантириш, Давлат тили сифатида ўзбек тилини ўрганиш учун шароитлар яратиш, ўзбек тили ва тил сиёсатини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналиш ва вазифаларини ҳамда истиқболдаги босқичларини белгилаш янги Ўзбекистон шароитида ўзгача аҳамият касб этди.
Президентимиз ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллиги тантаналарида сўзлаган нутқида: “Туркий тилларнинг катта оиласига мансуб бўлган ўзбек тилининг тарихи халқимизнинг кўп асрлик кечмиши, унинг орзу-интилишлари, дарду армонлари, зафарлари ва ғалабалари билан чамбарчас боғлиқдир”, дея таъкидлаган эди.
Маълумотларга қараганда, дунёда олти мингдан зиёд миллат ва элатларнинг жонли тили мавжуд бўлиб, 40 та тилгина мукаммал шаклланган грамматикасига эга экан. Улар ичида ўзбек тили ҳам бор. Ҳозирги вақтда ер юзида ўзбек тилида сўзлашувчилар сони қарийб 50 миллион кишини ташкил этиши унинг дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётганидан далолат беради.
“Сўз – тарих” деган эди донишмандлардан бири. Ҳақиқатан ҳам тил тарихини билиш халқ тарихини ўрганишни тақозо қилади.
Тарихий тараққиёт давомида тилнинг инсоният ривожидаги аҳамияти мутафаккирларимизнинг доимий диққат эътиборида бўлган. “Қутадғу билиг”нинг “Тил одоби” деб номланган 7-бобида Юсуф Хос Ҳожиб тилнинг жамият ва маданий ҳаётдаги ўрни, дунёни, унинг сир-синоатларини билиш ва ўрганишдаги аҳамияти, тил илми, нутқ одоби ва нотиқлик санъати каби масалалар ҳақида фикр юритади. Юсуф Хос Ҳожибнинг фикрича, тил билимли ва заковатли бўлишнинг асосий воситасидир. Одам тилнинг шарофати билан ўз билими, ақл-идрокига сайқал беради, фикрини ойдинлаштиради. Кишининг қадр-қимматини оширадиган ҳам, туширадиган ҳам тилдир.
Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғатит турк” китобида 7500 дан ортиқ туркий сўз ва иборалар изоҳланган.
Ягона миллий тилимизни Хоразмда Қутб Хоразмий, Сулаймон Боқирғоний, Рабғузий, Мовароуннаҳрда Саккокий, Ҳиндистонда Ҳофиз Хоразмий, Рум элида Жалолиддин Румий, Насимий, Озарбайжонда Хоқоний қўллаган ва бойитган. Алишер Навоий ягона адабий тилимизнинг шуҳратини шу қадар баланд кўтардики, тилимиз довруғи оламга ёйилди. Жаҳон тилшунос олимлари дунё миқёсида эътироф этилган энг улуғ ижодкорларнинг сўз бойликлари бўйича тадқиқот ўтказиб, қуйидаги натижага эришганлар:
Алишер Навоий – 26 минг 35 та; Александр Пушкин – 21 минг 193 та; Уильям Шекспир – 20 мингдан ортиқ; Мигел де Сервантес – 18 мингдан ортиқ; Абдураҳмон Жомий – 17 минг 600 та; Абдулла Тўқай – 14 мингдан ортиқ сўзни ўз бадиий ва илмий асарларида ишлатганлар, такрорий қўллашлар бу ҳисобга кирмайди, албатта. Кўриниб турибдики, буюк шоиримиз сўз бойлиги бобида ҳам жаҳон улуғларига сарварлик қилганлар.
Маҳмудхўжа Беҳбудий тилшунос сифатида “Икки эмас, тўрт тил лозим”, “Ҳар миллат ўз тили ила фахр этар”, “Тил масаласи”, “Сарт сўзи мажҳулдир”, “Сарт сўзи маълум бўлмади” каби мақолаларни эълон қилган. Мазкур мақолаларида мутафаккир ўз даврининг муҳим масалалари хусусида фикр юритишга ҳаракат қилган. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Икки эмас, тўрт тил лозим” мақоласи 1913 йилда ёзилган бўлиб, ўзи ташкил этган “Ойна” журналининг 1-сонида эълон қилинган. Мазкур мақолада муаллиф кўп тилни билиш ҳар бир туркистонлик учун шарт эканлиги ва шу орқали дунёга чиқиш мумкинлигини тушунтиришга ҳаракат қилган. Беҳбудий ҳар бир миллат ўзбек тилидан ташқари, форс-тожик, араб, рус ва ҳатто Европа тилларидан бирини билиши лозимлигини уқтиради. Бу фикрлар, албатта, ҳозирги кун талаби билан ҳамоҳангдир.
Мутафаккир жадид мақолада ўз фикрини қуйидагича баён этади: “Бизга саодатдурки, туркий ва форсийни таҳсилсиз билурмиз. Ҳар туркни форсий ва ҳар форсни туркий билмоғи лозимдур...Фаранг ва рус донишмандларининг асарларидан фойдаланмоқ туркий ё русий ва фарангий билмак ила мумкин бўлур...”. Хорижий тилларни билишни Маҳмудхўжа Беҳбудий сиёсий масала даражасига қўяди.
Таъкидлаш жоизки, унинг ушбу қимматли фикрлари Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашида аҳамияти беқиёс. Давлат тилининг софлигини сақлаш, уни бойитиб бориш ва аҳолининг нутқ маданиятини ошириш борасида жадид намояндаларининг бой маънавий мероси, ҳаёти ва фаолиятини ўрганишга оид илмий изланишларни рағбатлантириш масаласи ҳам амалга оширилаётган ислоҳотларда ўз ўрнига эга бўлди.
Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Амир Темур Форс ҳукмдори Мансур Музаффаридан, дастлаб турк тилида, тушунмагач форс тилида савол берганларида, у: “Сен бизнинг тилимизни биласанми?” – деб саволга савол билан жавоб берган экан. Шунда Соҳибқирон Амир Темур: “Мен сенинг тилингни сендан кўра яхшироқ биламан!” – деб жавоб қайтарган экан.
Давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-78-сессиясида инсоният олдида турган энг муҳим масалалар хусусида ўзбек тилида нутқ сўзлагани тилимизнинг халқаро миқёсдаги мавқейини мустаҳкамлаш йўлида яна бир қадам бўлди. Зотан, она тили – миллатнинг руҳи, унинг ор-номуси, маънавий қиёфаси намунасидир.
Ўзбекистон Конституциясининг 4-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади” деб таъкидланган. Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқейини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармонига мувофиқ, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини, соҳага оид муаммоларни таҳлил этиб, бу борада ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш юзасидан Вазирлар Маҳкамасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди. Шунингдек, фармонга мувофиқ янги сўз ва атамаларни расмий истеъмолга киритиш борасидаги ишларни тартибга соладиган Атамалар комиссияси тузилди. 2020 йил 10 апрель куни Президентимиз томонидан “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни имзоланди.
Тилимизнинг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқейини оширишда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 мартда қабул қилинган 139-сонли “Ўзбек тили ва адабиёти бўйича фундаментал ва амалий тадқиқотлар самарадорлигини янада ошириш тўғрисида” ги қарори ҳам аҳамиятли бўлди. Тилни ардоқлаган инсон эъзоз топади, қадрланади.
Ўзбек тили ўз Ватанида давлат тили мақомида мустаҳкам туриши учун у жаҳон тиллари ичидан муносиб ўрин эгаллашига эришиш лозим. Бунинг учун, аввало, давлат тили сиёсатини “миллий тикланишдан миллий юксалиш сари” нуқтаи назаридан юксак даражада англаб етиш зарур.
Тил – бу тарих. Тарихга муносабат миллий ўзликнинг яққол ифодасидир. Ҳозирги Янги Ўзбекистон шароитида “миллий тикланишдан миллий юксалиш сари” ғоясининг нақадар долзарблиги ҳам айнан шундадир. Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг барча соҳаларида давлат тили имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдаланишга эришиш амалга оширилаётган ислоҳотларнинг пировард натижаси ҳисобланади. Она тилни билиш, унга ҳурмат кўрсатиш, жаҳон ҳамжамиятида нуфузини ошириш ҳар бир фуқаро учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Абира Ҳусейнова,
Олий Мажлис Сенати аъзоси,
фалсафа фанлари доктори, профессор.
ЎзА