Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тил—миллат кўзгуси
14:33 / 2021-10-20

21 октябрь - Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун

Тил миллат руҳининг кўзгусидир. Тилда миллатнинг бор-йўғи, ўй-фикри, дунёқараши, орзу-умидлари, Ватани, ҳис-туйғулари акс этади. Тилдаги ҳар бир сўз, унинг ҳар бир шакли инсон тафаккури ва туйғусининг натижаси бўлиб, унинг ёрдамида бу тафаккур ва туйғулар орқали Ватан ва халқ тарихи ифодаланади.

 Она тилига ҳурмат ва унинг бебаҳо сўз хазинасидан ўринли фойдаланиш, равшан ва таъсирчан сўзлаб ёза олиш, нутқий саводхонликка эришиш шу тил вакили бўлган ҳар бир шахснинг бурчидир.

 Дунёга келган ҳар бир бола ҳақиқий инсон бўлиб етишиши учун жуда кўп нарсаларни билиши керак. У ўзига керакли билимни кўриб, эшитиб ва ўқиб ўрганади. Эшитиб ва ўқиб ўрганиш тил воситасида амалга ошади ва унинг имконияти чексиздир. Агар тил бўлмай, ҳар бир кишининг тириклиги унинг ўз тажрибасига асосланган бўлса эди, инсон шу кунгача ҳайвон қандай яшаса, шундай яшаган ва бугунги моддий, маънавий тараққиётга эришмаган бўларди.

 Тилнинг биринчи маърифий аҳамияти шундан иборатки, тил туфайли жамият аъзоларининг ҳар бирида ҳосил бўлган билим оммалашиб унинг кўпчилик томонидан ривожлантирилишига имкон туғилади. Ундан ташқари, тил туфайли билим авлоддан-авлодга оғзаки ва ёзма тарзда қолдирилади, натижада янги авлод ўтган авлоднинг ишини янгидан бошламасдан, уни давом эттиради.

 Она тили – миллатнинг руҳи, унинг ор-номуси, маънавий қиёфаси, орзу-умидларнинг намунасидир. Она тили миллатнинг бирлиги ва бирдамлигининг тимсолидир. У миллатни ягона халқ сифатида ўз атрофида бирлаштиради ва дунёда борлиқни таъминлайди. Ҳар бир миллатнинг ўз Ватани, оиласи бўлгани каби унинг жонажон ва бетакрор она тили ҳам бўлади. Инсон учун унинг Ватани, ота-онаси, оиласи қанчалик қадрли бўлса, унинг она тили ҳам шу қадар азиз ва муқаддас бўлади.  

 Тил миллатнинг буюк бойлиги, бебаҳо хазинаси, туганмас мулкидир. Чунки миллатнинг тарихи, унинг маданий-маънавий мероси, урф-одатлари ва анъаналари унда мужассам бўлади. Шу сабабли она тилимизни асраб-авайлаш, уни бойитишимиз ва авлодларга тўлиқлигича етказишимиз керак.  

 Давлат тилини ўрганиш, унга амал қилиш табиий эҳтиёж ва заруратга, ҳатто англанган мажбуриятга айланиб бормоқда. Ўзбек тилида тўғри, ифодали сўзлаш ва ёзиш, она тилимизнинг софлиги ва бойлиги тўғрисида тинмай ғамхўрлик қилиш, унинг истеъмол доирасини кенгайтириб бориш давлатимиз фуқароларининг бурчи саналади. Хусусан, ҳар бир ёш ва ўқувчи ўз она тилидаги сўз бойлигини ошириш ҳамда тил имкониятларидан ўринли фойдаланишга доим ҳаракат қилиши лозим. Сўз фикр қуролидир, киши қанчалик кўп сўз билса, унинг фикрлаш доираси, дунёқараши ҳам шунчалик кенг бўлади.

 Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, тилни севиш, уни ардоқлаш, миллатни севиш ва уни қадрлаш билан тенг ҳисобланади. Ҳар қайси халқнинг турмуш тарзи, урф-одатлари, маданияти унинг тилида ўз ифодасини топади. Тил – миллат ифтихори, деб бежиз айтилмаган. Халқимизнинг неча асрлик бой тарихи, кўҳна ва серқирра маданияти ўзбек тили таъсирида шаклланган. Улуғ шоиримиз Алишер Навоий шу тилда бебаҳо асарлар яратиб, дунёни лол қолдирган. Бугунги кунда жаҳоннинг барча мамлакатларида давлатимиз делегациялари ташрифи, ёшларимиз ютуқлари, спортчиларимиз ғалабалари шарафига ўзбек тилида мадҳиямиз куйланаётир.

 Биз ўз она тилимизни асраб-авайлашимиз, унинг нуфузини оширишимиз, гўзал ва софлигини авлодларга мерос сифатида қолдиришимиз, дунёга танитишда ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак. «Тил яшаса, миллат яшайди». Агар биз ўз тилимизнинг кўркамлиги, бойлигини дунёга тараннум этсак, миллатимиз янада чароғон бўлади ва бирлигимиз мустаҳкам бўлади.  

 

Акмал Мамажонов,  

Республика маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи