Ҳар бир миллатнинг юраги – унинг тилидир. Тил – миллатнинг маънавий қиёфаси, тарихий хотираси ва маданий меросини асраб қолувчи муқаддас қадриятдир. Шу маънода 21 октябрь санаси – ҳар бир ўзбек учун ғурур ва ифтихорга тўла байрам. Чунки айнан 1989 йил 21 октябрда “Ўзбекистон Совет Социалистик Республикасининг Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинган эди. Бу тарихий ҳужжат ўзбек тилига давлат тили мақомини берди ва миллий ўзлигимизнинг рамзи сифатида янги саҳифа очди.
Ўзбек тили – жаҳоннинг энг бой ва сўзга чирой берувчи тилларидан бири ҳисобланади. Унинг илдизлари чуқур, манбалари кенг ва маънавий қудрати беқиёс. Бу тилда Алишер Навоий, Бобур, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Ойбек каби буюк ижодкорлар асар ёзганлар, миллат руҳини юксалтирганлар.
1989 йилда қабул қилинган қонун нафақат тилга ҳуқуқий мақом берди, балки халқимизнинг миллий ўзликни англаш, ўз қадриятларига қайтиш, маънавий мустақиллик сари интилиш жараёнида муҳим қадам бўлди.
Мустақиллик йилларида эса давлат тилининг нуфузи янада ошди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Ўзбек тили – бизнинг миллий ғуруримиз ва давлатчилигимиз рамзидир. Бу тилни севиш, улуғлаш ва ривожлантириш ҳар бир фуқаромизнинг муқаддас бурчидир”. 2020 йил 23 cентябрь куни мамлакатимиз сиёсий ҳаётида тарихий воқеа юз берди: Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида илк марта нутқ сўзлади. Давлатимиз раҳбарининг ўз маърузасини она тилимизда баён этиши юз йиллик тарихимиздаги нафақат ижтимоий, балки чуқур сиёсий ҳодиса ҳамдир. Моҳият-эътибори билан бу чин маънодаги миллий давлат барпо этиш йўлидаги ҳаракат ортга қайтмас эканлиги маъносини билдиради.
Шу муносабат билан мамлакатимизда давлат тилини ривожлантиришга қаратилган кўплаб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Илмий ва таълим муассасаларида, расмий идораларда ҳамда ахборот майдонида ўзбек тилининг қўлланилиш доираси тобора кенгаймоқда.
Бугунги кунда ўзбек тили нафақат давлат тили сифатида, балки жаҳон миқёсида тан олинаётган илмий, маданий ва ахборот тилига айланиб бормоқда. Унинг интернетдаги нуфузи ортиб, таржима технологияларига киритилмоқда, халқаро адабий ва лингвистик доираларда ўрганилмоқда.
Давлат тили – фақат мулоқот воситаси эмас, балки миллат руҳининг ифодасидир. Биз ҳар бир сўз, ҳар бир ибора орқали ўз тарихимизни, маданиятимизни, қадриятларимизни келажак авлодларга етказамиз.
Шунинг учун ҳар биримиз ўзбек тилини нафақат севиш, балки уни тўғри, чиройли ва фахр билан қўллашга интилишимиз лозим. Бу – Ватанга муҳаббатнинг энг гўзал кўринишидир.
Шу ўринда, ўзбек тили ривожига оид баъзи таклифларимизни келтириб ўтмоқчимиз: биринчидан, интернетда ўзбекча контентни кескин кўпайтириш (Википедия, Google), иккинчидан, ўзбек тилидаги веб-сайтлар, электрон кутубхоналар сонини, сифатини янада ошириш; учинчидан, миллий кино ва театр, адабиёт ҳамда санъат соҳасида янги руҳ ва юқори савиядаги бадиий асарларни кўпайтириш; тўртинчидан, кўчаларимиз пештахталаридаги ўзбекча ёзувларни танқидий кўриб чиқиш...
Юқорида таъкидлаганимиздек, ҳозирги вақтда Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида эллик мингдан зиёд араб, форс тилидаги бебаҳо қўлёзма манбалар ўрганилмай ётибди. Араб, форс тилида ёзилган қўлёзмаларни ўрганиш, китоб ҳолида нашр этиш, уни халқимизга ва жаҳон оммасига, илм-фан аҳлига етказишда етук мутахассислар етишмайди. Ана шу ўта муҳим масалага ечим топиш мақсадида Матншунослик ва манбашунослик институтини очишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.
Бугунги байрамни юксак руҳ билан қарши олайлик ва она тилимизнинг ҳар бир сўзини қалбимизда асрайлик. Чунки она тили — она Ватаннинг овозидир!
21 октябрь – фақат тарихий сана эмас, балки миллий ғурур байрами. Бу кун ҳар бир юртдошимиз қалбида она тилига муҳаббат ва эҳтиромни янада мустаҳкамлайди. Она тилимиз барҳаёт, юртимизда маънавият ва бирлик ҳукмрон бўлаверсин!
Бахтиёр ОМОНОВ,
Ўзбекистон Миллий университети
“Сиёсатшунослик” кафедраси профессори,
сиёсий фанлар доктори.