Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Найранг ёхуд пинҳоний мақсад нима?
00:20 / 2020-05-18

Тобаки деган номини Табака қилиб келди. Тобада пишган таом экани эсидан чиқди ва қовурилган жўжага айланди. Биз ҳам ўзимизнинг “боламиз”ни танимай, Табака деб чақирадиган бўлдик.


Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарованинг Ўзбекистонда давлат тилида иш юритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси юзасидан айтган гапларини ўқиб, яқин ўтмишдаги мустабид сиёсат найранглари ёдимга тушди. 

Захарованинг Ўзбекистоннинг расмий иш фаолиятида рус тили тўлиқ сақланиб қолган, деган фикри қанчалик асосли?!

Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрда имзолаган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида мамлакатимиздаги барча миллат ва элатлар тилларининг ривожланиши учун кенг имкониятлар яратилиши алоҳида таъкидланган. Бундан ташқари, ўзбек тилини ўрганиш истагида бўлган чет эл фуқаролари учун ўзбек тили дарсликлари ва электрон дастурларни ишлаб чиқиш ва уларни кенг миқёсда тарқатиш, ўзбек тилини ўргатиш бўйича махсус курсларни ташкил этиш кўрсатиб ўтилган. Шундай экан, империяча тафаккур соҳибларининг “меҳрибонлик” ила билдираётган мулоҳазалари замирида қандай пинҳоний мақсадлари бор?!

Яқингача яримта эдик

Шимолдан кўтарилаётган фитна байналмилалчилик, демократия, миллатлараро тотувлик деган жозибадор шиорларни рўкач қилиб, миллий якдилликка рахна солишни мўлжаллаяпти. Халқ бирлашадиган, келажак учун чин маънода асос яратилаётган бир даврда орамиздаги “ўзбеклар”ларнинг бош кўтариши узоқни кўзлаган сиёсат аломати дейиш мумкин. Ўтмишдаги барча йўқотишу фожиаларимиз миллат хоинлари “хизмати” туфайли рўй берганини унутиб бўладими?! Бугун Захароваларга “тил” бўлаётганлар яна худди ўшалар.

Шу ўринда олис тарихнинг аччиқ сабоқлари ёдга тушади. Темурийлар ва хонликлар даврида форс тили билан рақобатда ютиб чиққан ўзбек тили ХIХ асрнинг иккинчи ярмидан рус тилига тўқнаш келди. Чор империясида ўзбек тили ҳамда Туркистоннинг бошқа маҳаллий тилларига таъсир кўрсатиш масаласи бўйича кескин сиёсат юритилган бўлса-да, шўролар даврида вазият тубдан ўзгарди. Ўзбек тилига русча ҳамда турли хорижий сўз ва атамалар атай сингдирилди. Ўтган асрнинг 20–30-йилларидан бошлаб рус тили қонун-қоидалари бўйича ёзиш ва талаффуз қилиш тарғиб қилина бошлади. Пировардида, қадимий, гўзал ва бой тилга нисбатан ўтказилган мунтазам босим хунук оқибатларга олиб келди. Ўзбек тили давлат бошқаруви ва ижро тизимидан, илм-фан, маданият соҳаларидан бутунлай сиқиб чиқарилди. Рус тилида ҳужжат юритиш, тадбирлару йиғинларни шу тилда олиб бориш қатъий қоида тусига кирди. Элбек ўша пайтда тилимизга бўлган тазйиқлар, уларни қўллаб-қувватловчилар хусусида “...Форсининг хурофоти билан ўтган “забоншикр”и, истибдод Русийасининг “ЧОРТ”лари тилимизни бўғди, шуларға қарши сўзлаш нари турсин, балки қўлдан келганча кўмаклашганлар бўлди” деб ёзган эди.

Шимолдаги туркий шажара

Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов айтмоқчи, тобаки деган сўз “сафарга чиқиб”, Россияга борди ва ўрис бўлиб қайтди. Мелибой – Миша, Сафарбой – Саша, Эргашбой Эрик бўлиб қайтгани каби, Тобаки деган номини Табака қилиб келди. Тобада пишган таом экани эсидан чиқди ва қовурилган жўжага айланди. Биз ҳам ўзимизнинг “боламиз”ни танимай, Табака деб чақирадиган бўлдик.

Мавзунинг яна бир нозик қиррасини эътибордан соқит қилиб бўлмайди. Таниқли рус тилшунослари П.Мелиоранский, Н.Дмитрев, Н. Шанский, А. Баскаков, Е.Шипова, Л. Коркмазова туркий тиллардан рус тилига ўзлашган сўзлар хусусида фикр-мулоҳазаларини билдирган. Машҳур турколог Н.Баскаков “Русские фамилии тюркского происхождения” (1979) китобида шундай фамилиялардан тўрт юзга яқинини кўрсатиб, уларнинг келиб чиқишини оилавий шажара ва герблар мисолида тарихий-филологик нуқтаи назардан таҳлил этади. Бу туркий тил босқини эмас, Россия босиб олган ўлкалардан оқ подшо хизматига ўтиб, дворянлик, князлик мартабалари, мулк, унвон ва бошқа амаллар билан тақдирланган туркий халқларнинг авлоди номлари, туркий фамилияларнинг рус тилига кириши табиий ҳол эди. Умуман, туркий истилоҳларнинг рус тилига ўтиши халқларнинг кенг бир ҳудуддаги сиёсий, иқтисодий ва маданий борди-келдилари натижаси деб қаралади. Аммо мустамлакачи давлатнинг қарам ўлкаларга нисбатан тил зуғуми бу каби табиий жараёнлар моҳиятидан анча узоқ.

Нафсиламрини айтганда, она тили нуфузини сақлаш, миллий маданият, анъана, урф-одатларни сақлаш демакдир. Чунки тил халқни бирлаштиради, тарбиялайди, келажак сари йўналтиради. Шундай экан, “Девону луғотит турк”да улуғланган, “Муҳокаматул луғатайн”да шарафланган она тилимизни кўз қорачиғидек эъзозлашимиз, маърифатпарвар Абдулла Авлоний айтмоқчи, “ҳифзи лисон”ни ҳаётий шиоримизга айлантирмоғимиз лозим.

Бахтиёр Абдушукуров, 
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти
 университети профессори, филология фанлари доктори