French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тил – халқ қалби, унинг ўй ва мақсадлари акс этадиган кўзгу
15:34 / 2019-10-09

Мамлакатни унинг маданияти, урф-одатлари, тарихи, халқи ва албатта тили белгилайди.


Она тилим – олтин сандиғим 

Мамлакатни унинг маданияти, урф-одатлари, тарихи, халқи ва албатта тили белгилайди. Зеро тилсиз халқ бир кун келиб йўқ бўлади, тилини асраган эса миллатга айланади, деб бежизга айтилмайди. Тил жамиятнинг олдинга муттасил интилиши, илм-фан ва техник фикрлар, глобаллашув жараёнларини акс эттирувчи янги сўзлар билан бойиган ҳолда мунтазам ривожланиб боради.

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги Қонуни имзоланганига ҳам ўттиз йил бўлди. Мен ўшанда талаба эдим ва ёшлар бу Қонуннинг қабул қилиниши учун қандай курашганини, уни қандай фахр билан қабул қилганини яхши эслайман. Ушбу ҳужжат ўзбек тили қўлланиладиган соҳалар кенгайишига муҳим туртки бўлди, иш юритиш мунтазам равишда давлат тилида амалга оширила бошлади – бу энг катта ютуқлардан бири. Бунинг самарасида, тилшуносларнинг иши ҳам кўпайди.

Ўттиз йил давомида мутахассислар ўзбек тилининг терминологик асосини ишлаб чиқди. Унда барча соҳаларда қўлланиладиган тушунчалар пайдо бўлдики, бу унинг имкониятлари кенглигидан далолатдир. Олимларимиз томонидан тил тарихи, фонетика, лексика, стилистика, диалектология ва лингвистиканинг бошқа соҳаларига оид кўплаб долзарб тадқиқотлар олиб борилди. Улар 50 дан зиёд амалга оширилган фундаментал ишлар учун асос бўлиб хизмат қилади. Улар орасида 80 мингта сўз ва иборани ўз ичига олган ўзбек тилининг беш жилдли изоҳли луғати бебаҳо хазиналардан бири сифатида ажралиб туради. Биз илгари ўтган асрнинг 80-йилларида яратилган икки жилдли луғатдан фойдаланардик. Бунда эса, тилимизнинг қай даражада бойигани ўз аксини топган. Шунингдек, янги назарий асосда имло луғати, классик адабиётлар ва Навоий асарлари тили, икки ва уч тилли луғатлар ҳам тайёрланган. 

Сўнгги йилларда мамлакатимизда бошқа фанлар қаторида дунё тилшунослигининг кўплаб истиқболли йўналишлари ҳам ривожланди. Турли тилларнинг ўзига хос хусусиятларини таққослайдиган қиёсий тилшунослик ҳам анча ривож топди, бунда Президентимиз томонидан қабул қилинган қарорлар муҳим туртки бўлиб хизмат қилади.

Миллий маданият, менталитетнинг ўзига хос хусусиятлари нутқда нечоғлик ифодаланишини ўрганадиган ҳамда муайян бир тилни ўргангунга қадар ёки ушбу тил билан ҳамоҳанг ўрганилиши керак бўлган фан ҳам оммалашди. Зеро, ҳаммага маълумки, турли мамлакатлардаги инглиз ёки рус тили маълум тафовутларга эга.

Мен анчадан буён компьютер лингвистикаси – тилшунослик, математик моделлаштириш ва техника кесишувидаги илм-фан билан шуғулланиб келаман. Мени авваламбор, техника ёрдамида лингвистика муаммоларини ҳал этиш кўпроқ қизиқтиради, шу боис ҳамкасбларим билан бирга ушбу мавзуга доир дарслик, қўлланма нашр этдим, ҳамкорликда она тили бўйича дарсликларга иловалар яратдик. Бироқ бажарилиши керак бўлган ишлар ҳали кўп. Масалан, матнларни автоматик тарзда таҳрир қиладиган, бизнинг орфографик, синтактик ёки бошқа хатоларимизни экранда кўрсатадиган, синонимларни таклиф этадиган тизимнинг ўзбек тилидаги версияси керак. Шунингдек, бугунги кунда яхши таржима қиладиган автоматик таржимонга эҳтиёж катта. Операцион тизимлар – яна ўша Windowsни ўзбек тилига мослаштириш муаммоси бор.

Буларнинг барчаси учун матнлар ва луғатларнинг электрон корпуслари учун улкан маълумотлар банкини яратиш талаб этилади. Масалан, инглиз тилининг миллий корпуси 100 миллиондан ортиқ сўзлар қўлланиладиган мисолларни ўз ичига олади.

Бироқ ўзбек тили шоирона ва образли тил бўлгани боис, SMS ва интернет мулоқот туфайли урфга кираётган қисқартмалар унга унча ярашмайди. Тўғри, сўзлашув ва адабий тил ўртасида катта фарқ бор – у ҳаммага ҳам маълум бўлмаган “мураккаб” сўзларни ўз ичига олади, масалан қадимий ғазалларнинг маъносини тушунишни қийинлаштиради.

Зеро, она тилимизнинг софлигини, унинг кўп қирралигини сақлаш ва келгуси авлодга етказиш олим сифатида бизнинг вазифамиз. Бу эса, осон иш эмас, чунки барчамиз ҳам бир неча бор рекламада нотўғри ёзилган сўзларга кўзимиз тушган, кўчада саводсиз нутқ қулоғимизга чалинган. Жамиятда тил маданиятини юксалтириш, адабий тил меъёрларига амал қилиш, шевадан фойдаланиш бўйича бажарилиши керак бўлган ишлар ҳали талайгина. Муаммолар ҳақиқатан ҳам жиддий. Маълумки, Тошкент ва Фарғона шевалари ўз вақтида ўзбек тилининг асосини ташкил этган. Фарғона шеваси меъёрга яқинликни сақлаган, бироқ сўнгги пайтларда Тошкент шевасига бошқа вилоятлар лаҳжаси таъсир кўрсатаётгани ҳам анча сезилмоқда.

Имло билан боғлиқ муаммолар ҳам талайгина. Тажрибали тилшунос хатоларни илғамай ўтолмайди. Дўконга кирганимда, саводсиз ёзилган ёзувга кўзим тушган ҳолатлар ҳам бўлган. Шунда дўкон ходимларига бу сўз аслида қандай ёзилиши кераклигини тушунтирсам, улар бунга жавобан: “Битта ҳарфни ўзгартириш учун ортиқча харажатнинг бизга нима кераги бор?” дейишган. Кўпчилик эътиборига қўйиладиган бир жуфт сўз ёки ибораларни ҳеч бўлмаганда яқин атрофдаги мактаб ўқитувчисига кўрсатиб, текширтириб олишнинг иложи борку ахир! Мен бир пайтлар бу мавзу бўйича телевидениеда чиқиш қилиб, эфир орқали фуқароларимизга мазкур масалада ёрдам керак бўлганда мурожаат қилиши, хатоларни бепул текшириб беришим мумкинлигини айтганман ва мен билан боғланиш мумкин бўлган барча маълумотларни берганман. Бу ахир жудо осонку! Ўшанда менга фақатгина бир киши қўнғироқ қилганди холос...

Эскирган фразеологизмлар, синоним ва антонимлар луғатини янгилаш вақти келди. Уларни нафақат таҳрир қилиш, қайтадан ёзиб чиқиш керак. Ўзбек матнларида кўпроқ ва камроқ қўлланиладиган сўзларни аниқлаш имконини берадиган частота луғатларни ҳам яратиш зарур. Бу олимлар учун ҳам, педагоглар учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Тил бойлигини илмий асосда ривожлантириш, фундаментал илм-фан, замонавий технологиялар, банк-молия сингари муҳим соҳалар бўйича унинг ресурсларини кенгайтириш, зарур ибораларни ишлаб чиқиш керак, шунингдек, сўзларнинг келиб чиқиш тарихини ойдинлаштирадиган янги этимология луғати, бошқа тиллар билан қиёсий луғатларни яратишга ҳам эҳтиёж бор.

Шунингдек юртимизда диалектологияга ҳам талаб катта. Бу ҳам қизиқарли мавзу. Айниқса, барча лаҳжаларимиз ҳам ўзбек тили сингари қарлуқлар гуруҳига кирмайди. Туркман ва озарбайжон тилларига ўхшаш бўлган ўғуз лаҳжаси ҳам, қорақалпоқ тилининг “қариндоши” бўлган қипчоқ лаҳжаси ҳам қулоққа чалинади. Ҳар бир вилоят шевасининг ўзига хос хусусиятлари бор. Масалан, Наманган шевасида унли товушлар уйғунлиги кузатилади. Бундай ҳолат деярли барча турк тилларида учрайди.

Тилшунослик ривожида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ҳиссаси беқиёс.

Олий таълим муассасамизга яқиндагина – атиги икки ярим йил илгари асос солинган бўлсада, у филологик тадқиқотлар бўйича ўзини энг муҳим марказлардан бири сифатида танита олди. Таълим даргоҳимизнинг нуфузи ҳамда ўзбек тили ва адабиётини ўрганишга бўлган қизиқиш кун сайин ортиб бормоқда, шу билан бирга қабул квоталари ҳам ошмоқда. 2016 йилда ўқишга 300 талаба қабул қилинган бўлса, жорий йилда уларнинг сони 700 дан ошди. Дунёнинг турли бурчакларидан мутахассислар ўзбек тилини ўрганиш ва Ўзбекистон билан боғлиқ илмий ишлар қилиш мақсадида ушбу таълим даргоҳига ташриф буюрмоқда. Бугунги кунда 18 мамлакат билан ҳамкорлик алоқаси ўрнатилган, жаҳоннинг турли университетлари билан ҳамкорлик қилиш тўғрисида 52 меморандум ва келишувлар имзоланган.

Университетимиз учта устувор йўналиш бўйича ўз фаолиятини юритади. Булар: ўзбек тилини тадқиқ этиш, уни оммалаштириш ва мавқеини ошириш ҳамда янги услублардан фойдаланган ҳолда, ўзбек тилини ўқитишни жорий этиш. Фаолиятимизга мутлақо янги фанлар – компьютер лингвистикаси, психолингвистика, социолингвистика, тилларни ўқитишнинг янги услублари билан боғлиқ фанлар киритилган. Тилнинг тарихий илдизлари, унинг турли асрлардаги “қиёфаси” пухта ўрганилмоқда, ҳатто қадимда хат ёзишга доир махсус лойиҳалар ҳам амалга оширилган. Мамлакатимизда лотин алифбосини жорий этиш давом этмоқда, бироқ кўпчилик ҳали ушбу графикада ёзишни ҳам, ўқишни ҳам билмайди. Мақсадимиз янги алифбога босқичма-босқич ўтилишига кўмаклашишдан иборат. Ўзбек алифбоси ва орфографиясини такомиллаштириш бўйича илмий асосланган таклифлар тайёрланган.

Университетда тил ўргатиш жаҳон тажрибаси ва стандартларини ҳисобга олган ҳолда, модификацияланган методика бўйича юритилади. Аудиториялар смарт-доскалари, интерфаол экранлар билан жиҳозланган, анъанавий ўқитиш услублари ўрнини илғор ва долзарб ўқитиш услублари эгаллаган.

Ушбу ўқув йилидан бошлаб, муассасада “Хорижий гуруҳларда ўзбек тили” номли янги факультет очилди. Унда ўзбек тилини иккинчи тил сифатида ўқитадиган бўлажак ўқитувчилар тайёрланади. Юртимизда таълим етти тилда юритилади ва мактаблар, лицей, олий ўқув юртлари учун давлат тили бўйича малакали педагоглар керак.

Кўпчилик хорижликлар ўзбек тилини ўрганиш истагини билдирмоқда. Тошкент ва Самарқанд инсон ҳаёти давомида бир марта бўлса ҳам ташриф буюриши керак бўлган 50 шаҳар сирасига киритилди. Ушбу рўйхат Американинг машҳур “Huffington Post” интернет нашри томонидан тузилган. Мамлакатимизда туризм ривожланмоқда, инвестициялар учун қулай муҳит яратилган.

Мамлакатимизга бўлган қизиқишни оширувчи кўплаб омиллар бор. Ўзбекистонни яхши билмоқчи бўлган инсон ўзбек тилини ўрганиши керак, зеро маданият ва тарих ҳамиша тил билан ўзаро боғлиқ бўлиб келган. Хорижий давлат фуқароларининг ўзбек тилини ўрганишга бўлган хоҳишини шу билан изоҳлаш мумкин.

Университетимизда ўзбек тилини хорижий тил сифатида ўқитадиган хорижий фуқароларни тайёрлаш маркази ҳам фаолият юритади. Бугунги кунда ушбу марказ тингловчилари сони 70 дан ошди.

Университетнинг илмий ва кадрлар салоҳияти ҳам юқори. Ўзбек тилшунослиги "ёшариб" бораётгани ҳам муҳим аҳамиятга эга. Сўнгги йилларда ҳали 40 ёшга ҳам тўлмаган фан докторлари сони ортмоқда.

Бу бугунги кунда университетимиз томонидан амалга оширилаётган ишларнинг бир қисмигина холос. Таълим муассасаси ходимлари ва талабаларини олдинда ҳали кўплаб режалар, лойиҳалар, учрашувлар кутмоқда. Буларнинг бари ўз касбига бўлган қизиқиш, фидойилик ва албатта она тилига чексиз муҳаббат муҳитида амалга оширилиши шубҳасиз.

Саодат МУҲАМЕДОВА,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва
адабиёти университети ўзбек тили иккинчи тил сифатида 
кафедраси мудири