Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тил фақат расмий ҳужжатлар, тадбир ва тантаналар, баландпарвоз шиорлар билан юксалиб қолмайди
13:47 / 2020-04-15

Тил - ҳар бир миллатнинг энг қадрли бойлиги, унинг маънавий қиёфаси, маданияти, ички дунёсини акс эттирувчи муҳим восита саналади.


Тил - ҳар бир миллатнинг энг қадрли бойлиги, унинг маънавий қиёфаси, маданияти, ички дунёсини акс эттирувчи муҳим восита саналади. Тилнинг давомийлигини, умрбоқийлигини унда сўзловчиларнинг миллий ғурури, куч-қудрати, адабиёти ва санъати белгилайди, десак хато бўлмайди.

Тарихга назар ташласак, асрлар, даврлар ўтиши билан кўплаб тиллар истеъмолдан чиқиб “ўлик тил”га айланганини кўрамиз. Лотин, оромий, қадимги юнон, сурёний, кельт, шумер, аккад, хетт тиллари... Улар қатори бир пайтлар юртимиз ҳудудида муомалада бўлган қадимги хоразмий, сўғд, бохтарий (бақтрий) тилларини ҳам келтириш мумкин. Турли босқинлар, ижтимоий-сиёсий жараёнлар, авлодлар алмашуви, дин ва мафкуралар алмашуви сингари омиллар тилларнинг тақдирида ҳал қилувчи роль ўйнаган.

Бу жараён бугунги кунда ҳам давом этаётир. Ҳар йили ўнлаб тиллар муомаладан чиқиб, “марҳум”лар рўйхатига тиркалмоқда.

Бизнинг она тилимиз мансуб бўлган туркий тиллар оиласига 30 дан ортиқ тиллар киради ва уларда Ер юзида 250 миллиондан ортиқ киши сўзлашади. Олимларнинг фикрича, бугун туркий тиллар орасида фақат олтита тилнинг ҳолати барқарор деб баҳоланган. Булар давлат тили мақомига эга бўлган ўзбек, турк, озарбайжон, қозоқ, туркман, қирғиз тилларидир.

Чиндан тилимизнинг халқаро миқёсдаги мавқеи ёмон эмас. Дунё миқёсида ўзбек тилида гаплашувчиларнинг умумий сони 50 миллионга етади. Википедия маълумотларига таянсак, ўзбек тили сўзлашувчилар сони бўйича дунёда 27-ўринда туради. Агар дунёда 7000 га яқин тил ва лаҳжалар мавжудлигини эътиборга олсак, бу ёмон кўрсаткич эмас.

Ўзбек тили давлат тили мақомига эга бўлган 100 та тилдан биридир. Ҳолбуки, дунёда бундай юксак мақомга эга бўлмаган, аммо юз миллионлаб кишилар сўзлашадиган тиллар ҳам бор. Ўзбек тили қўшни давлатларда ҳам муомаладаги асосий тиллардан саналади. Хусусан қўшни Тожикистонда ва Қирғизистонда ўзбеклар нуфусига кўра, титул миллат вакилларидан кейинги ўринда туради. Афғонистонда эса, ўзбек тили пушту ва дарий тилларидан кейинги учинчи расмий тил саналади. Қўшни давлатлардан ташқарида ҳам, Туркия, Хитой, АҚШ, Ҳиндистон сингари давлатларда олий ўқув юртларида ўзбек тили алоҳида фан сифатида ўргатилади.

Бугун ўзбек тили дунё ахборот маконида ҳам ўз мавқеига эга тиллар қаторидан ўрин олган. “Озод Европа”, Америка овози”. ВВС”, “Эрон овози”, “ТРТ-Аваз”, “Спутник” сингари йирик халқаро ахборот маҳкамалари, радио ва телеканаллар ўз материалларини ўзбек тилида ҳам тарқатишмоқда. Халқаро спорт майдонларига кириб бораётган ўзбек кураши воситасида “чала”, “ёнбош”, “ғирром”, “ҳалол” сингари ўзбекона атамалар дунёнинг турли бурчакларида бот-бот янграйди.

Бугун Википедия, Гугл, Фейсбук сингари йирик мессенжерлар, ижтимоий тармоқлар, интернет платформаларида ўзбек тилининг мавқеи ошиб бормоқда.

Кейинги йилларда ҳукуматимиз миқёсида бу масалада катта эътибор қаратилаётгани ҳам барчамизни қувонтиради. Жумладан, 2019 йил 21 октябрь куни Давлатимиз раҳбари “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга имзо чекди. Унга биноан “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинган куннинг улкан тарихий ўрни ва аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда, 21 октябрь санаси юртимизда “Ўзбек тили байрами куни” деб белгиланди.

Ушбу фармонда она тилимизнинг келгуси тараққиётига оид кўплаб масалалар қаторида алоҳида тузилма — Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил қилинди.

Бу тузилма давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини, соҳага оид муаммоларни таҳлил этиб, бу борада ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаб келмоқда.

Жорий йилнинг 20 январь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Мамлакатда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга биноан, давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман ва шаҳар ҳокимликлари тузилмаларида, раҳбарнинг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий қилинди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 февралдаги 73-сонли қарорига асосан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди.

10 апрель куни мамлакатимиз раҳбари “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонунга имзо чекди. Унга кўра, ушбу байрам ҳар йили 21 октябрда, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган тарихий кунда нишонланадиган бўлди.

Яхши биламизки, бундан 31 йил аввал, худди шу куни “Давлат тили тўғрисидаги Қонун” қабул қилинган эди. Ўтган йиллар давомида бу қонунга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритиб келинди. Бугун ҳам давр ва шароит қонунни янада такомиллаштириб, унинг талабларини қатъийлаштиришни тақозо этаётир. Бу албатта алоҳида мавзу.

Албатта. Ўзбек тилининг ўз куни, ўз байрамига эга бўлиши жуда қувонарли ҳодиса. Халқаро тажрибага назар соладиган бўлсак, турли мамлакатларда 20 апрель –хитой, 23 апрель – испан, 15 май – форс, 6 июнь – рус, 1 авгуть – озарбойжон, 26 сентябрь – турк, 9 декабрь – итальян, 18 декабрь – араб тили куни сифатида нишонланади.

Ўз тарихи, гўзаллиги, малоҳати нуқтаи назаридан мазкур тиллар билан бемалол беллаша оладиган она тилимизнинг ҳам алоҳида байрамга эга бўлишини юртимиздаги зиёлилар кўп йиллардан бери кутиб келаётган эди. Бу миллатимиз, тилимиз, маънавиятимиз тарихида ўзига хос кун бўлиб қолади, иншооллоҳ!

Албатта, тил фақат расмий ҳужжатлар, тадбир ва тантаналар, баландпарвоз шиорлар билан юксалиб қолмайди. Юртимиздаги хар бир ташкилот, ўзини шу юрт тақдирига дахлдор деб билган хар бир инсон тилимиз нуфузи, обрў-эьтибори учун курашмоғи шарт.

Маълумки, кино ҳам тил тарғиботида катта ўрин тутади. Шу боис, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан ҳам бу масалага алоҳида эьтибор қаратилмоқда. Агентлик қошида тузилган Бадиий кенгаш аъзоларидан фильмларимизда тил меъёрларига қай даражада амал қилинаётганини назорат қилиш талаб этилади. Афсуски, телевидение, радио, қўшиқлар билан бир қаторда айрим фильмларда тил билан боғлиқ қусурлар, хусусан шевадаги ва бошқа тиллардаги сўзлардан фойдаланиш ҳоллари учраб туради. Бу ҳолат асосан, хусусий киностудияларда суратга олинаётган фильмларда кўзга ташланади.

Бу масалада таниқли кинорежиссёрлар билан суҳбатлашганимизда “қаҳрамоннинг характери, ички дунёси қайси қатламга мансублигини кўрсатиш учун баъзан адабий тил меъёрларидан чекинишга тўғри келади” дейишади. Бу ҳам тўғри, лекин бари бир меъёр ва мезонларга амал қилмаслик ҳолатлари кўзга ташланадики, келгусида бундай камчиликларга барҳам берилиши шарт.

Шу сабабли Агентлик тизимида киноижодкорлар орасида бу масалада тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Шу билан бирга тизимда расмий ҳужжатларни юритишда, юртимиздаги идора ва ташкилотлар билан ёзишмаларда ҳам давлат тили меъёрларига қатъий амал қилинмоқда.

Умуман, ўзбек тилининг келажаги, мавқеи, обрў-эътиборини ҳеч ким четдан келиб, таъминлаб бермайди. Бу тил бизнинг ота-боболаримиздан ўтиб келаётган энг катта бойлигимиз. Бу тилнинг келажакда янада юксак мавқе ва обрў-эътибор қозониши ўзимизнинг истагимиз, ғуруримиз, қатъиятимизга боғлиқ.

Рустам Жабборов,
“Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бош директорининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, 
давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси.