Ҳар қандай халқнинг энг катта бойлиги – тил. Зеро, тил миллатнинг юзи, қиёфаси ва маънавий пойдеворидир. Тил орқали халқ ўз ҳиссиёти, орзу-умиди, оламни англаш туйғуси ва юрак амрини ифода этади. Шу боис она тилига муҳаббат Ватан меҳрига қиёсланади.
Айни муқаддас қадриятни юксак даражада эъзозлайдиган, халқимизнинг миллий ғурури ва маънавий бирлигини намоён этувчи сана – Ўзбек тили байрами куни нафақат юртимиз, балки хорижда ҳам алоҳида шодиёна ва фахр билан нишонланади. Мазкур анжуман доирасида бадиий кеча, давра суҳбати ва маданий учрашувлар ташкил этилади.
Жумладан, Туркия Республикаси Истанбул шаҳрида жойлашган Кент университетида “Тил бор экан – миллат бор” мавзусида байрам тадбири бўлиб ўтди. Ушбу маънавий-маърифий учрашув мамлакатимиз Маданият вазирлиги, Туркиядаги Ўзбекистон маданияти, бирдамлик ва ҳамкорлик жамияти ҳамда Кент университети ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирда Истанбулдаги Бош консуллигимиз ходимлари, санъат ва маданият намояндалари, Туркиядаги ватандошларимиз, талаба-ёшлар, шунингдек Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази вакиллари иштирок этди. Байрамона кеча ўзбек тилининг юксак руҳи, дунёдаги ўзига хос нуфузи ва халқни бирлаштирувчи куч сифатидаги муносиб ўрнини яна бир бор намоён этди.
Республикамизнинг Истанбулдаги Бош консули Шерзод Абдуназаров, Ўзбек тили – халқимизнинг тарихий хотираси, маънавий бойлиги ва келажак авлодлар учун фахр манбаи экани, шундай анжуманлар орқали биз она тилимиз қадрини янада юксалтиришимиз зарурлигини таъкидлади.
Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири сифатида ўзбек тили миллий бирлик, маънавий бойлик ва юксак маданият тимсоли, миллатнинг юраги ва юзи экани, халқ дипломатияси ҳам тил орқали ифодаланишини қайд этди. Шунингдек, туркий дунё билан алоқаларда ҳам тилимизнинг нуфузини ошириш зарурлигига тўхталди.
– Давлатимизда таҳсил олаётган минглаб ўзбек ёшлари учун бундай тадбирлар жуда муҳим, – деди Туркиядаги Ўзбекистон маданияти, бирдамлик ва ҳамкорлик жамияти раиси Чўқай Кўчар. – Улар тил орқали миллий ўзлигини асрайди, Ватан билан маънавий боғлиқликни янада теран ҳис этади.
Кент университети декани айтишича, бугунги кунда мазкур олий таълим муассасасида 6000 дан зиёд хорижий талаба, жумладан 1100 нафар ўзбекистонлик ўғил-қиз таҳсил олади. Ҳамюртларимиз нафақат таълим соҳасида, балки маданий-маърифий жабҳада ҳам жуда фаол. Улар олийгоҳ миқёсида ўтказиладиган илмий анжуман ва маданий кечалар, спорт мусобақалари, ижодий танловларда мунтазам равишда юқори натижаларга эришиб, Ватаннинг муносиб элчилари сифатида эътироф этиб келинади.
Айём баҳонасида иштирокчилар учун байрам дастурхони ташкил этилди. Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти бадиий жамоаси, ўқитувчилари томонидан миллий куй-қўшиқларимиздан иборат концерт дастури намойиш этилди.
Самимий муҳитда ўтган учрашув барча иштирокчиларда чуқур таассурот қолдирди. Умуман, тилимиз байрами нафақат Она-юрт, балки хорижда ҳам ўзбек ёшлари, ватандошлар ва дўст-биродар халқлар орасида маънавий кўприк, миллий ўзликни асраш ва юксалтириш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда.
Бундай тадбирлар орқали она тилимизга нисбатан эҳтиром, фидойилик ва меҳр авлоддан-авлодга ўтиб, ўзбек миллатининг маънавий қудратини янада юксалтириши шубҳасиз.
Ғ.Хонназаров, ЎзА
Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази матбуот хизмати кўмагида тайёрланди.