Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тил билиш даражасини аниқлаш: ҳам саводхонлик ҳам мавжуд имкониятлар ошмоқда
16:08 / 2022-10-20

Дунёда кўпгина ривожланган мамлакатлар аҳолининг тил билиш даражасини аниқлаш юзасидан сертификатлаш тизимини самарали йўлга қўйган. Бу жамиятда саводхонликни оширади, бундай сертификатларнинг халқаро мақомга эга бўлиши маълум бир давлат ўз она тилини дунё бўйлаб кенг тарғиб қилишига имкон яратади. Албатта, мазкур сертификат ҳар бир кишининг таълим олиши ёки ишлаши учун маълум бир қулайликлар ҳам яратиши зарур.

Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш Агентлиги томонидан ҳозирда мамлакатимизда 10 та хорижий тил бўйича 35 хил сертификатлаш йўлга қўйилган. Жумладан, инглиз тили бўйича “Linguaskill”, ўқитувчиларимизнинг методик билимларини ривожлантириш учун “TKT” (Teaching knowledge test) имтиҳонлари ўтказиб келинмоқда. Шу билан бирга, араб ҳамда турк тиллари юзасидан ҳам халқаро имтиҳонлар мавжуд. Республика ҳудуди бўйлаб ушбу тестлар ҳақида кенг кўламли маълумотлар бериб борилмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида ҳозирда ушбу тестларга қизиқувчи талабгорлар сони кундан-кунга ортиб боряпти. Ушбу талабгорлар ичида ўқитувчилар билан бирга ўқувчи ёшлар, қолаверса, олий таълим муассасалари талабалари, профессорлари борлиги ҳам бизни қувонтиради. Келгусида хорижий тил сертификатига эга ўқитувчи ва ўқувчилар сонини кескин ошириш асосий мақсад қилиб қўйилган.

Агентлик бугунги кунда халқаро сертификатлаш тизими ташкилотлари билан ҳамкорлик доирасида тизимли фаолият олиб бормоқда. Хусусан, Кембриж Ассессмент ташкилоти билан келишув доирасида талабалар учун инглиз тилини билиш даражасини баҳолаш, минтақадаги умумтаълим мактаблари ва олий ўқув юртлари учун дарсликлар нашр этиш, инглиз тили ўқитувчиларининг малакасини ошириш ва ривожлантириш каби ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу ташкилот билан яна Ўзбекистонга минглаб YLET (Young learners English test) — ёш ўрганувчиларнинг чет тиллари бўйича билимларини баҳоловчи халқаро тестлар йўлга қўйилди. Ушбу лойиҳа айни вақтда синов тариқасида ташкил этилаётган бўлиб, мутахассислар фикри ўрганилади ва халқ таълими тизимида амалга оширилиши учун тавсия этилади. Айни кунларда Наманган, Фарғона, Сурхондарё, Навоий, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти бўйлаб имтиҳонлар ташкил этилиб, жорий ойнинг ўзида жами мингдан ортиқ тестлар келтирилган. Маълумот ўрнида, шу кунгача барча ҳудудларда 10 000 дан ортиқ талабгорлар оригинал материаллар ёрдамида тест саволларини ечиб, ўз билимларини синаб кўрди.

Яна бир ҳамкор — Германия Федератив Республикаси маданият (Гёте) институти билан эса  немис тилини оммалаштириш ва маданият соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга доир саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, Гёте институти Агентлик билан ҳамкорлик чегараларини кенгайтирди ва энди “Энг яхши чет тили ўқитувчиси” республика танловининг немис тилида сўзлашувчи блокида ғолиб чиққан ўқитувчилар институтнинг бош филиалида малака ошириш курсларини ўташ имкониятига эга бўлди. Шу билан бирга, “Ат-танал ал Арабий”, яъни Иорданияда бош офиси бўлган дунёвий Араб тилини синаш бўйича халқаро ташкилот билан ҳам ҳамкорлик қилинмоқда.

Бир cўз билан айтганда, хорижий мамлакатлар билан бу йўналишдаги ҳамкорлик юртдошларимиз дунёнинг турли тилларини мукаммал ўрганишлари, хорижда ўқиш ва ишлашда қатор имтиёзларга эга бўлишларида самара беряпти. Қолаверса, мазкур тажрибани Ўзбекистонда ҳам қўллаш, хусусан ўзбек тилини билиш даражаси бўйича халқаро даражадаги сертификатлаш тизими ишлаб чиқишда мустаҳкам замин яратилмоқда.    

 

Вазира Азимова,  

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги  

Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш Агентлиги

бўлим бошлиғи.

ЎзА