Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тил билганни эл қадрлайди
20:32 / 2025-11-17

Тил билганга дунё ўз эшикларини очади. Тил ўрганиш орқали бошқа халқларнинг урф-одатлари, тарихий тажрибалари, адабиёти ва санъатига яқинлашамиз. Бу эса инсонни бағрикенг, очиқ фикрли ва тўлақонли шахс сифатида тарбиялайди.

Сўнгги йилларда Бухоро таълимида ҳам бу йўналиш жадал ривожланиб, халқаро ҳамкорликка кенг йўл очмоқда. Шу жумладан, хорижлик мутахассисларнинг Бухорода дарс ўтиши бу жараённинг муҳим қисмига айланган. Уларнинг тажриба ва билимларини мамлакатимиз ёшлари билан бўлишиши таълим сифатини янада оширишга хизмат қилмоқда. 

Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошчилигидаги  делегация жорий йилда Корея Республикасига амалга оширган хизмат сафари давомида икки давлат ўртасидаги таълим ҳамкорликни мустаҳкамлаш, вилоятда корейс тили ўқитиладиган мактаблар сонини ошириш ва уларни малакали мутахассислар билан таъминлаш бўйича бир қатор муҳим келишувларга эришилган эди. 

Шунга асосан, Бухоро шаҳридаги 42-умумтаълим мактабида Корея Республикасининг Асан шаҳридан келган Ким Ки Дук корейс тилидан ўқувчиларга сабоқ бермоқда.

– Бугун Бухорога келиб дарс бераётганимдан хурсандман. Ўқувчиларнинг корейс тилини ўрганишга бўлган қизиқиши мени ҳайратда солди. Улар нафақат тил балки Корея Республикаси маданияти, тарихи ва урф одатларини ҳам ўрганишмоқда. Аввал, бир биримизни тушунишимиз бироз қийин кечди. Аммо, ҳозир ҳаммасини эплашга ҳаракат қиляпман. Мамлакатингизга таълимга қаратилаётган эътиборни кўриб, севиндим. Мен бу ерга олти ойлик шартнома билан келганман. Шу давр мобайнида ўқувчиларга керакли билимларни беришга ҳаракат қиламан, – дейди 42-умумтаълим мактабида сабоқ бераётган Ким Ки Дук.  

[gallery-26294]

Хорижлик ўқитувчилар ва экспертлар ўз соҳасининг етук мутахассислари бўлиб, замонавий таълим методларини амалиётга жорий этмоқда. Улар нафақат назарий билимларни, балки амалий кўникмаларни ҳам ўргатишмоқда.

– Кореяга ва корейс тилига бўлган қизиқишим икки йил олдин бошланган, – дейди ўқувчи Зиёдабону Тўймуродова. – Корейс маданиятини қўшиқларини ҳаттоки, фильмларини жуда ҳам мазза қилиб томоша қиламан. Шунинг учун ҳозиргача корейс тилини ҳам ўрганиб келяпман. Келажакда мактабни тугатиб, нуфузли университетларда грант ютишни, у ерда маркетинг соҳасида ўқиб, ўзимнинг шахсий брендимни яратишни режалаштирганман. 

Бухорода хорижлик мутахассисларнинг дарс ўтиши халқаро тажриба алмашинуви учун ҳам ажойиб имконият яратмоқда. Маҳаллий ўқитувчилар ва профессорлар улар билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, янги педагогик ёндашувларни ўзлаштирмоқда. 

– Мактабимизда ҳам хорижий тилларни ўрганиш даражаси янада ошди, –дейди ўқитувчи Тошпўлат Қаюмов. – Йигирма нафардан ортиқ ўқувчиларимиз 140 минг АҚШ долларидан ортиқ бўлган грантни ютиб, Корея Республикасида таълим олмоқда. Кореяда бешдан зиёд нуфузли мактаблар билан бевосита дастурлар тузилган. Шунга мувофиқ Кореядан ўқитувчилар келиб, бизда ўқувчиларга корейс тилидан сабоқ бермоқда. Жумладан, 2024 йилда икки нафар корейс ўқитувчиси келганди. 2025-2026 ўқув йилида бир нафар ўқитувчи келиб, 8-11 синф ўқувчиларига чуқурлаштирилган тарзда корейс тилини ўргатяпти. 

Хорижлик мутахассисларнинг дарс жараёнларида иштироки ёшларимизнинг дунёқарашини кенгайтиради, улар билан халқаро дўстлик ва маданий алоқаларни мустаҳкамлайди. Бухоро шаҳридаги 4 – ИДУМда Германиядан келиб, немис тилидан сабоқ бераётган икки нафар ўқитувчининг ҳам бухоролик ёшларга меҳри бўлакча.

– Бу ерда амалиётчиман ва дарс ўтиш тизими менга ёқди, – дейди германияли  ўқитувчи Mixaela Gоrg. – Асосан дарслар икки гуруҳга бўлинган ҳолда ўтилади. Бу эса яхши натижалар беради. Барча немис тили дарсларини кузатишга ҳаракат қиламан. Ёшларнинг тилга бўлган интилиши жуда яхши. Ёшларни асосан Гёте сертификатига тайёрлаймиз. Дарсларни театр ва рақслар билан қизиқарли қилишга ҳаракат қиламиз.  

– Мактабимиз 2020 йилдан лойиҳага аъзо, – дейди ўқитувчи Дилфуза Нарзиева. – Германия университетларидан, мактабларидан ўқитувчилар, волонтёрлар келиб, ўқувчилар билимини оширишга хизмат қилади. Бундан ташқари ҳар йили ўқувчиларимиз Германия давлатида бўлиб, у ерда ўз билимларини ошириб қайтишади. Бундай лойиҳаларга ўқитувчиларимиз ҳам жалб қилинган. Германиядан икки нафар волонтёр ва ўқитувчилар ишлашяпти. 

Хорижлик мутахассислар билан ҳамкорлик бу таълим сифатини ошириш ва инновацияларни жорий этиш йўлида ҳам муҳим қадамлардан бири бўлмоқда.

– Мен шу мактабнинг 10 синфида ўқийман, – дейди Нозанин Нуриддинова. – Мактабимизда немис тили 1-синфдан ўқитилади. Ўқитувчилар фанни жуда яхши ва тушунарли ўтишади. Бу менга немис тили фанига бўлган қизиқишимни ортирди. Германия ҳақида билимларим ошмоқда. Ҳозирда менда тил билиш сертификати ҳам мавжуд. 

Хулоса қиладиган бўлсак, Бухорода бундай ҳамкорликнинг фаоллашиши нафақат минтақамиз, балки бутун мамлакатимиз таълим тизимининг янада юксалишига замин яратади.

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.