Тил – инсон ҳаётининг муҳим таянчи, ўзини, ўзлигини англаши учун зарур восита.
Бугун Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисидаги” янги таҳрирдаги қонуни мазмун-моҳиятини тарғиб этиш, янги жорий этилаётган норма – рекламаларнинг давлат тилида бўлиши лозимлиги бўйича жамоатчилик ва депутатлик назоратини кучайтириш юзасидан давра суҳбати бўлиб ўтди.
Давра суҳбатида Тошкент шаҳар ва туман ҳокимликлари маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчилар, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси, ЎзМТДПдан сайланган депутатлар, Ўзбекистон Миллий тикланиш партияси Марказий кенгашининг маcъул ходимлари иштирок этди.
Ўзликни намоён этувчи қадриятнинг асосий мезони, шубҳасиз, бу – она тили. Ҳаёт учун нон ва сув қанчалик муҳим бўлса, миллатнинг яшаши ва равнақ топиши учун унинг тили ҳам шунчалик зарур.
Реклама, тарғибот, ташвиқот бамисоли кўзгу. Унда давлат тилининг ўрни масаласи жуда муҳим. Айниқса, пойтахт кўчаларида ял-ял товланаётган турли хил мазмундаги даъват, чорлов – рекламалар ҳар қандай одамнинг эътиборини тортиши турган гап.
Давра суҳбатида Тошкент шаҳар ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Акмал Рўзитоев:
“Инсоннинг Ватани, буюк хазинаси, эҳтимолки, бирламчи бойлиги, бу – унинг тили. Айнан тил воситасида одамлар бир миллат сифатида бирлашади, яъни тил халқни – халқ, миллатни – миллат сифатида намоён қилади. Кейинги йилларда мамлакатимизда она тилимиз ривожи, барқарорлиги, равнақи йўлида кўзга кўринарли ишлар амалга оширилаётганини бугун барчамиз кўриб, кузатиб турибмиз. Реклама тўғрисидаги қонун лойиҳасининг тарғиботи бўйича кетаётган қизғин баҳслар бунга ёрқин мисол. Бу бўйича тегишли идоралар билан ҳамкорлик, тадбиркорлар ўртасида тарғибот ишлари аллақачон бошлаб юборилган. Фақат, олиб борилаётган ишлар етарли даражада матбуотда ёритилмаётган бўлиши мумкин. Мақсад, тадбиркорларга ёрдам бериш, қонун моҳиятини тушунтириб, амалий йўл-йўриқ кўрсатишдир”, – деди.
Шунингдек, сўзга чиққан бошқа иштирокчилар ҳам она тилимиз – миллатнинг руҳи, унинг ор-номуси, маънавий қиёфаси, орзу-умидларнинг намунаси эканлигини таъкидлар экан, реклама тўғрисидаги қонуннинг кучга кириши билан давлат тилига бўлган эътиборнинг кучайиши, она тилимизнинг янада кенгроқ қанот ёзишига имкон пайдо бўлишини ҳам қайд этишди.
Албатта, тил – шунчаки шаклланиб, ўз-ўзидан ривожланиб кетадиган ҳодиса эмас. У ҳам тирик мавжудот каби эътибор, парваришга зарурат сезиши, табиий. Тилимиз ривожланиши, тараққий топиб бориши учун ҳар биримиз масъулмиз. Реклама тўғрисидаги Қонун, унинг қабул қилиниши эса, она тилимиз мавқейини янада мустаҳкамлаши, шубҳасиз.
Озода Бекмуродова, ЎзА