Тил – алоқа воситаси
Инсон камолотида, жамият тараққиётида она тилининг ўрни беқиёс.
Инсон камолотида, жамият тараққиётида она тилининг ўрни беқиёс.
Тил – алоқа воситаси. Тил инсонлар ўртасидаги муомала қилиш, фикр- мулоҳазаларини бир-бирига етказиш манбаи. Тил – илм. Тил – инсон тарбиясидаги восита белгиси.
1989 йил 21 октябрда Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Тил мавқеи кўтарилди. 2019 йил, октябрь ойида Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигига 30 йил тўлди. Президентимиз 2019 йил 4 октябрда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили” ҳақидаги қонуни қабул қилинганлигининг 30 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори, 2019 йил 21 октябрда “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Бу меъёрий ҳужжатлар ўзбек тили тараққиётида ката ижобий роль ўйнайди.
Давлатимиз раҳбари, Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 30 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида, “Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир”, дея таъкидлаган эди.
Дарҳақиқат ўзбек тили халқимиз маданиятини, маънавиятини, ўлмас меросини кўрсатиб берувчи асосий воситалардан ҳисобланади. Инсон ўз фикр-мулоҳазасини тили орқали намоён этади. Бугунги кунда дунёда эллик миллиондан ортиқ киши ўзбек тилида сўзлашади. Дунёдаги энг кўп тарқалган қирқта тилдан бири ўзбек тилидир. Жаҳонда 6 минг 912 дан ортиқ тил мавжуд бўлиб, шундан 168 тасигагина давлат тили мақоми берилган. Бугун Туркиянинг 18 та, Германия, Япония ва АҚШнинг 8 тадан, Жанубий Кореянинг 2 та олий ўқув юртларида, шунингдек, Хитой миллий университетида ўзбек тили ўқитилмоқда.
Тил – миллатнинг фахри, ғурури, қиёфасининг бир бўлаги. Тил – миллатнинг бирлиги, унинг тарихи ҳақида маълумот берувчи восита саналади. Тил миллатнинг бойлиги, туганмас хазинаси, кўзгусидир. Тил ҳар бир миллат маданиятининг кўзгусидир. Тил халқларни, миллатларни, элатларни бирлаштиради, тарбиялайди, урф-одат, анъаналарини бир-бирига етказади ва умрбоқийлигини сақлайди. Она тилини билиш ҳар бир фуқаро олдидаги муқаддас бурч – деган донишмандлар ҳақ эди.
Алишер Навоий – эски ўзбек адабий тилининг асосчиси. У “Хазойин-ул маоний”, “Хамса”, “Муҳокамат ул-луғатайн” каби асарлари билан ўзбек тили тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган.
Ўзбек тили тараққиётига профессорлар Абдурауф Фитрат, Фахри Камол, Аюб Ғуломов, Ғани Абдураҳмонов, Азим Ҳожиев, Эргаш Фозилов, Шоғулом Шоабдураҳмонов, Шавкат Раҳматуллаев, Иномжон Расулов, Миразиз Миртожиев, Ёрмат Тожиев, Алибек Рустамов, Мустақим Мирзаев, Саид Усмонов, Худойберди Дониёров, Низомиддин Маҳмудов, Бекбўлат Умурқулов, Ҳамид Неъматов, Эрнест Бегматов, Самихон Ашурбоев, А.Нурмонов, А.Бердалиев, С.Каримов, М.Асқарова, Ф.Абдуллаев, Муҳаррам Асомуддинова, Улуғбек Саидов, Абдулҳай Собиров, Пўлат Носиров, Раҳматулла Қўнғиров каби кўплаб олимлар ўзининг катта ҳиссасини қўшди.
Она тили – миллатнинг руҳи, тил – давлат тимсоли, мулки. Тилни асраш, ривожлантириш – миллатнинг юксалиши демакдир.
Бугунги кунда интернет тилининг 81 фоизини инглиз тили ташкил қилади. Дунёдаги салкам етти мингга яқин тилдан мингтаси айни кунларда йўқолиб бормоқда. Айниқса, Африка тилларида сўзлашувчи аҳолининг 80 фоизи ҳам ўз ёзувларига эга эмас. Лингвист олимларнинг фикрича, яна 25 йилдан сўнг ҳозирги муомаладаги тилларнинг ҳар ўнтасидан биттаси сақланиб қолар экан, холос.
Бугун дунёда мавжуд бўлган тилларнинг тенг ярми саккизта давлат – Мексика, Индонезия, Камерун, Бразилия, Ҳиндистон, Хитой, АҚШ, Россия ҳиссасига тўғри келади. Дунёда энг кўп тилли мамлакат Ҳиндистон саналади. Аҳоли вакиллари 845 та тилда ва лаҳжаларда сўзлашади. Дунёда 341 миллион киши инглиз тилини она тили сифатида тан олади. 350 миллион киши эса инглиз тилини иккинчи она тили деб билади.
Президентимизнинг фармони асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди. Атамалар комиссияси тузилди. Ҳар йили 21октябрь санаси “Ўзбек тили байрами куни”, деб белгиланди. орижий мамлакатларда “Ўзбек тилининг дўстлари” клублари фаолият кўрсатмоқда. Юртбошимизнинг: “Она тилимиз миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғидир. Шундай экан, унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиздир – деган гаплари ҳар бир зиёлининг, фуқаронинг ҳаётий мезони бўлиши зарур.
Инсоннинг маданиятлилиги, билимлилиги, маънавиятлилиги унинг нотиқлик даражасига ҳам боғлиқ. Бўлажак етук мутахассислар, ўқитувчилар, айниқса, раҳбарлар, барча зиёлилар нотиқлик санъатини пухта эгаллагаши талаб этилади. Чунки улар ўз билим-кўникмаларини, фикр-мулоҳазаларини ниҳоятда оддий, содда тарзда тушунтириб бера олиш санъатига эга бўлиши зарур.
Ўша 30 йиллик тантанада Президентимиз, “Ўйлайманки, ўзбек тили байрамининг мамлакатимиз ва халқаро миқёсда кенг нишонланиши халқимизнинг миллий руҳи ва ғурурини юксалтириш билан бирга, давлат тилини ҳаётимизда тўлақонли жорий этишга хизмат қилади”, дея айтган фикрларига асосан ҳамда “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонидаги “давлат тили софлигини сақлаш, уни бойитиб бориш ва аҳолининг нутқ маданиятини ошириш” борасидаги вазифани бажариш мақсадида бу дарслик тайёрланди.
Ушбу фармонга мувофиқ Ўзбекистон республикамиз Бош вазири Абдулла Орипов томонидан 2019 йил 1 декабрдаги №30/1-3848-сонли “Ўзбек тилининг давлат тили сифатида қўлланишини кенгайтириш, ривожлантириш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, ўқитиш методикасини такомиллаштириш бўйича 2019-2020 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури” тасдиқланган.
Мазкур дастурнинг IV. “Ўзбек тилини жамият ҳаётининг барча бўғинларига кенг жорий этиш бўйича чора-тадбирлар бўлими” 25-бандига кўра “Республикамиздаги барча нофилологик олий таълим муассасаларида давлат тилида ўқитиш тизимини такомиллаштириш, ўқув режаларига “нутқ маданияти”, “давлат тилида иш юритиш” дарсларини киритиш вазифаси юклатилган.
Бугунги кун талабидан келиб чиқиб, “Нотиқлик санъати ва нутқ маданияти” фани барча соҳаларда ниҳоятда керакли фандир.
Равшанбек МАҲМУДОВ,
Гулистон давлат университети профессори