Тошкент шаҳрида “Марказий Осиё тадбиркор аёллари учун тикувчилик соҳасида менторинг дастури”нинг тақдимоти бўлиб ўтди.
USAIDнинг Марказий Осиёда савдо дастури ёрдамида "Тадбиркор аёл" ассоциацияси ва "Курак" Қирғизистон аёллар форуми ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон ишбилармон аёллари иштирок этди.

Вақт замонавий брендларни илгари суриш учун янги шароитларни талаб қилмоқда. Бугунги кунда мураббийлик – корхоналарнинг дастлабки босқичларида қийинчиликларни енгишга ёрдам берадиган куч, мураббийлар эса бизнес муваффақиятининг муҳим омили бўлиб келмоқда.
Тақдимот давомида мутахассислар соҳани ривожлантириш истиқболлари хусусида сўз юритиб, мураббийликни тарғиб қилиш бўйича тўплаган тажрибалари билан ўртоқлашди. Дастур доирасида тикувчилик саноатида сертификатланган мураббийларнинг минтақавий тармоғини шакллантириш қайд этилди.

Тикувчилик саноати Марказий Осиё мамлакатларининг иқтисодий ривожланишида муҳим роль ўйнайди. Бироқ ушбу соҳада ишлайдиган тадбиркор аёллар кўпинча ўз бизнесини ривожлантиришда қийинчилик ва чекловларга дуч келади.
Мураббийлик дастурининг мақсади — муваффақиятли мураббийлар ва текстиль соҳасидаги тадбиркорлар ўртасида тажриба ва билим алмашиш учун платформа яратиш орқали тадбиркорлик ривожланишини қўллаб-қувватлаш.
Тикувчилик соҳасидаги тадбиркор аёллар орасидан Қирғизистон, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистондан 30 нафар ментор – мураббий ва 30 нафар ментилар (шогирдлар) танлаб олинади.

– Ушбу дастур тикувчилик саноатида аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш орқали минтақанинг барқарорлигини ошириш ва янги иш ўринлари яратишга ёрдам беради, – деди Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси раиси Гулнора Маҳмудова. – Дастур доирасида танланган ишбилармон аёлларга етакчи кучларнинг тажрибаси ва ундан фойдаланиш имконияти берилади. Мураббийлар бизнес ва шахсий ўсишда муваффақиятга эришиш учун зарур бўлган индивидуал ёрдам, маслаҳат ва кўрсатмалар бериб, ментилар билан бевосита ишлайди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА