Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТİКА) ваколатхонаси директори Тезжан Али Риза билан учрашди.
Мулоқот давомида томонлар ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиб, амалга оширилган лойиҳаларга тўхталди. Хусусан, ўтган 2024 йил декабрь ойида ТİКА томонидан Фарғона вилоятидаги “Мурувват” ногирон болалар учун интернатини замонавий реабилитация ускуналари билан таъминлаш лойиҳаси муваффақиятли якунлангани эътироф этилди.

Агентлик директори бу муҳим ташаббус учун ТİКА вакилларига миннатдорлик билдирди.
Шунингдек, Ўзбекистонда меҳрибонлик уйларини босқичма-босқич ислоҳ қилиш ва уларни оилавий муҳитга яқинлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, етим, ота-она қарамоғисиз қолган ҳамда ногиронлиги бўлган болалар учун Кичик ҳажмли болалар уйлари шаклидаги муассасаларни ташкил этиш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Учрашувда айнан шу йўналишда Туркиянинг илғор тажрибасидан фойдаланиш ва ногиронлиги бўлган болалар учун ижтимоий хизматларни ривожлантиришга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар Туркиянинг ижтимоий ҳимоя соҳасидаги бой тажрибаси ҳамда Ўзбекистон билан муштарак маданий қадриятларини инобатга олган ҳолда, ижтимоий ходимларнинг малакасини ошириш мақсадида уларни Туркияга юбориш бўйича келишувга эришди.
Ушбу ташаббус соҳа мутахассисларига илғор тажрибалар билан танишиш, замонавий ёндашувларни ўрганиш ҳамда Ўзбекистонда ижтимоий хизматларни янада ривожлантириш учун янги имкониятлар яратади.
Учрашув якунида томонлар ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва янги лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА