Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тик қудуқларга ақлли ҳисоблагичлар ўрнатилмоқда (+видео)
16:23 / 2025-11-04

Фарғона вилоятида суғориш ва ичимлик суви таъминотида тик қудуқларнинг улуши тобора ортиб боряпти. Масалан, биргина Фарғона туманининг ўзида 145 та тик қудуқ ишлаб турибди. Ундан чиққан сув дала ва ҳовли томорқаларига йўналтирилади.

– 20 йилдан буён шу тик қудуқдан сув олиб деҳқончилик қиламиз, – дейди Фарғона тумани Оқбилол ҳудуди агрономи Умиджон Тўхтасинов.  – Илгари тик қудуқ тўловлари давлат ҳисобидан бўлганида  сув ариқларни тўлдириб, баъзи жойларда тошиб келар эди. Ҳатто эътиборсизлигимиз туфайли экин майдонини сув босиб қолган холлар ҳам бўлган. Энди эса сувни ҳам, электрни ҳам тежаш зарур бўлиб қолди. Чунки ишлатилган сув ҳажми ва электр қуввати ҳаққини ўзимиз тўлашимиз лозим. Шунинг учун барча ҳаракатни сувни тежашга қаратдик. Ариқларни бетонлаяпмиз, сув йўлига қувурлар ва сув тўсқичлар ўрнатяпмиз.  

Ҳа, энди тилимиздаги “сувтекин” ибораси муомаладан чиқди. Энди ҳар бир нарсанинг, айниқса, сувнинг қадри баланд. Чунки яшил водий Фарғонада ҳам сув тақчиллиги сезила бошлади. Айниқса, бу йил табиат қуруқ келди. Баҳор, ёз, кузнинг шу кунигача ҳам деярли ёмғир ёғмади. Тоғларда эса қор жуда кам. Қолаверса, ер ости сувларининг сатҳи сўнгги ўн йилда 2 метрга пасайгани кузатилди.  

– Ҳар бир фермер ишлатган сувидан самарали фойданиши ҳамда исрофгарчиликка йўл қўймаслик учун ақлли сув ўлчагичлар қўйилмоқда, – дейди Фарғона вилоят насос станциялари бошқармаси мутахассиси Ҳалимиддин Қулпиддинов. – Шу кунгача 16 та тик қудуққа ўрнатилган бўлса, йил охиригача 100 та тик қудуққа ақлли сув ўлчагичлар ўрнатилади.

Деҳқон энди фақат сувнигина эмас, электр қувватини ҳам тежаши керак. Бунинг самарали йўли тик қудуқ ёнида муқобил энергия ишлаб чиқариш эди. Ҳозир Фарғона вилоятидаги ўнлаб қудуқ сув тортқич насослари қуёш батареяларидан олинаётган электр қуввати билан ишлашга ўтди.

Фарғона туманининг Оқбилол қишлоғида 8 минг аҳоли яшайди. Уларнинг ҳар бири узумчилик билан машғул. Ҳудуддаги тик қудуқлар пахта, ғалла, бошқа деҳқончилик қатори хонадонлардаги томорқаларга ҳам хизмат кўрсатади.

– 700 га яқин хонадон бор. Уларнинг ҳаммаси томорқасини оқин сув йўқлиги туфайли тик қудуқдан суғоради, – дейди “Орзу” сувдан фойдаланиш жамоа уюшмаси раиси Аҳмаджон Мадраҳимов. – Биз хонадонларга соатбай сув берамиз. Улар эса ишлатилган сув ва электр энергия тўловини амалга оширади.  

Сув ва уни етказиш учун сарфланадиган электр қуввати ҳақини истеъмолчи тўлайдиган бўлганидан кейин томорқачилар ҳам тежамкорликка ўтдилар.

– Хонадонларга сув тежаш технологиялари жорий этилмоқда. 30 дан ортиқ хонадонлар томчилатиб суғориш усулига ўтди. Илгари ариқдан 3 соат суғорган томорқасини ҳозир ўша сувнинг 10 фоизи билан суғоряпти, – дейди Аҳмаджон Мадраҳимов.

Шундай қилиб, Фарғона вилоятида тик қудуқларга ақлли ҳисоблагичлар ўрнатилиши таъминотчи ва истеъмолчи ўртасида бозор қонуниятларини қарор топтирмоқда.  

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/4sa7kj-1ajY" title="Tik quduqlarga aqlli hisoblagichlar o‘rnatilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов(видео, сурат), ЎзА