Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“TIHE 2023”: 13 мамлакатдан 250 дан ортиқ компания маҳсулотларини намойиш этмоқда
20:25 / 2023-04-13

Халқимизнинг фаровонлиги йўлида соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш муҳим масалалардан. Шу сабабли, кейинги пайтда соҳани такомиллаштириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кадрлар салоҳиятини янада оширишга катта эътибор қаратилмоқда.

Ўз навбатида, соҳа ривожида ташкил этилаётган халқаро кўргазмалар ҳам муҳим аҳамият касб этаётир. Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ“ марказий кўргазмалар мажмуида ўз ишини бошлаган "Соғлиқни сақлаш – TIHE 2023” халқаро тиббиёт кўргазмаси бу борада амалга оширилаётган  чора-тадбирлар билан ҳамоҳангдир.

“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси бош директори Нигора Ҳасанова таъкидлаб ўтганидек, ушбу тадбир 1995 йилдан буён ўтказилмоқда ва у йилдан-йилга маҳаллий ва хорижий иштирокчиларни фаол мулоқот ҳамда ҳамкорликка ундамоқда.

– “TIHE 2023” Бутунжаҳон кўргазма саноати уюшмаси (UFI) томонидан тасдиқланган тадбир мақомига эга бўлган Ўзбекистондаги ягона тиббий кўргазма ҳисобланади. У тиббиёт ҳамжамияти мутахассисларини "сўнгги авлод" тиббий технологиялари билан танишиш имкониятини яратаётган ноёб платформадир. Шу боис маҳаллий ва хорижий компаниялар томонидан ушбу тадбирга қизиқиши ортиб бормоқда. Айни чоғда кўргазма павильонларида 13 мамлакатдан 250 дан ортиқ компаниялар ўз маҳсулотларини тақдим этаяпти. Улар орасида Ўзбекистон, Бангладеш, Беларусь Республикаси, Германия, Дания, Италия, Қозоғистон, Корея Республикаси, Россия каби давлатлардан вакиллар бор. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, тиббий, фармацевтик, лаборатория, стоматология ускуналари, сарф материалларининг кенг ассортиментини намойиш этадиган кўплаб маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ушбу тадбирдаги иштироки янада эътиборлидир,  – деди Н.Ҳасанова.

[gallery-11430]

“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазма компанияси ва унинг ҳамкори “ICA Eurasia” гуруҳи томонидан ташкил этилган мазкур кўргазмада Хитой компаниялари соғлиқни сақлаш муассасалари учун ускуналар, тиббий буюмлар, стоматологик амалиёт ускуналари, фармацевтика саноати учун замонавий технологияларни тақдим этмоқда. Немис ишлаб чиқарувчилари «Made in Germany» бренди остида лаборатория жиҳозлари,  янги маҳсулотлар орасида MIKRO 185 микролитр центрифугаси, сарф материаллари, дастурий таъминот билан бошқариладиган тиббий технологиялари маҳсулотларини иштирокчилар эътиборига ҳавола этмоқда. Россия Федерациясини “Made in Russia миллий бренди” билан  теле-тиббиёт соҳасидаги ноёб ечимларни, шифокорларнинг кундалик иши учун ахборот технологияларини, реабилитация ускуналарини тақдим қилаётир.

Москва шаҳридаги “Медитек" акциядорлик жамияти бош директори Максим Бороздин ушбу халқаро тиббиёт кўргазмасида илк бор қатнашаётгани ва унинг ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик қилишга қулай имконият эканини таъкидлади.

– Қарийб 30 йиллик фаолиятига эга компаниямиз кардиологик профилдаги тиббий асбоб-ускуналарни яратиш, ишлаб чиқариш ва клиник амалиётга жорий этиш билан шуғулланади. Европа давлатларида ташкил этилган кўплаб халқаро кўргазмаларда қатнашганмиз. Бу гал эса мамлакатингизда ўтказилаётган намойишда иштирок этяпмиз ва ҳамкорлар излаяпмиз, – деди М.Бороздин.

Шунингдек, Германиянинг “Harro Höfliger” компанияси ҳам илк тақдимотини намоён этмоқда.  Штутгард шаҳрида жойлашган компания 40 йилдан ортиқ фаолияти давомида ўз маҳсулотлари билан мижозларга хизмат қилиб келади.

– Ўзбекистонда тиббиёт равнақи йўлида эътиборли ишлар амалга оширилмоқда, – деди ушбу компания вакили Алекс Бруев. – Бу эса бизга кўпгина янги имкониятларни очади. Шу мақсадда биз Ўзбекистон бозори билан танишяпмиз. Компаниямиз турли саноат тармоқлари, хусусан, фармацевтика учун қадоқлаш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Кўргазмада асосан фармацевтика соҳасида қадоқлаш бўйича имкониятимизни намойиш этиш баробарида, компаниямиз фаолияти ҳақида атрофлича маълумот беряпмиз.

Кўргазма доирасида анъанавий илмий-амалий семинарлар ўтказилади.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири