Самарқанд шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари ўртасида савдо ва инвестиция бўйича Ҳадли битим (TIFA) Кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбир Америка Қўшма Штатлари Савдо вакили идораси (USTR) ва Тижорат ҳуқуқини ривожлантириш дастури (CLDP) Департаменти кўмагида ташкил қилинди.
Ўзбекистон, АҚШ, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Покистоннинг тегишли вазирлик, идоралари делегациялари иштирок этган йиғилишда мамлакатимизда инвестициявий муҳитни яхшилаш, жаҳон иқтисодиётига интеграциялашиш, инвесторлар ҳуқуқини ва хусусий мулкни ҳимоя қилиш, коррупцияга қарши кураш ва эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ҳақида сўз юритилди. Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилиш учун имконият кенгайиб бораётгани таъкидланди.

Шу нуқтаи назардан ишга солинмаган ресурс ва имкониятлардан фойдаланган ҳолда биргаликда чора-тадбирлар кўриш, жумладан, Марказий Осиё давлатлари электрон тижоратга оид қонун ҳужжатларини бир-бирига мослаштириш, умумий мустақил арбитраж тизимини яратиш таклиф этилди. Шунингдек, ягона тўлов тизимига эга товар етказиб берувчи ва хизмат кўрсатувчилар учун минтақавий платформа яратиш, хавфни олдиндан аниқлаш ва бошқариш мақсадида сана маркази ҳамда экспорт ва импорт қилувчилар базасини яратиш, санитария-эпидемиология осойишталигини таъминлаш муҳимлиги қайд этилди.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сертификатлаш электрон тизимини, “CLDP” тавсиясига асосланган божхона қоида ва тартиботини жорий этиш ташаббуси ўртага ташланди. Қолаверса, фитосанитария талабини уйғунлаштириш, илғор тажриба алмашиш, минтақада хотин-қизлар иқтисодий имкониятини кенгайтириш таклифи билдирилди.
АҚШ Савдо вакилининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ўринбосари Брендан Линч мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ривожланиш суръатини эътироф этди, минтақа мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бир-бирини тўлдириш тамойили асосида сезиларли даражада яхшиланганини юқори баҳолади. АҚШ мамлакатларимиз билан иқтисодий шерикликни янада мустаҳкамлаш, минтақага савдо, сармоявий ва маслаҳат ёрдами кўрсатишда давом этишга тайёрлигини билдирди.

Йиғилиш рақамли савдо, санитария, фитосанитария чоралари, интеллектуал мулк ҳуқуқи, божхона масаласи, аёллар иқтисодий имкониятини кенгайтириш бўйича ишчи гуруҳлар тавсиялари муҳокама қилинди. Шунингдек, бир қатор икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказилди.
ЎзА