Наманганда Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳи навбатдаги йиғилишида Президент фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган “Аҳолига бирламчи тиббиётни яқинлаштириш ва поликлиникаларни рақамлаш” ташаббуси доирасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Йиғилишда Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси, вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси раҳбарлари ўтган йил ва жорий йилнинг биринчи чораги якунлари юзасидан ахборот берди.
Таъкидланишича, Наманган вилоятидаги тиббиёт муассасаларига 2023-2025 йилларда жами 2 минг 829 дона оргтехника жиҳози харид қилиниб, тиббий хизматни рақамлаш бўйича жиддий қадамлар қўйилган. Шу йилнинг ўтган даврида 878 дона оргтехника учун 6 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилган.
Бугунги кунда вилоятда иш олиб бораётган 786 тиббиёт муассасасининг 197 таси бирламчи тиббий-санитария ёрдам муассасалари ҳисобланади. Скрининг дастурлари орқали аҳоли саломатлигини эрта босқичда назорат қилиш ишлари йўлга қўйилган. Масалан, 2024 йилда 853 мингдан ортиқ киши скрининг текширувларидан ўтказилди ва минглаб юрак-қон томир, қандли диабет ҳамда саратон касалликлари эрта босқичда аниқланиб, даволаш чораларига ўтилган.
Бирламчи тиббий ёрдамни аҳолига яқинлаштириш мақсадида жами қиймати 24 миллиард сўм бўлган янги оилавий поликлиникалар Наманган шаҳри, Давлатобод, Чуст, Поп ва Янги Наманган туманларида фойдаланишга топширилди. Бу эса 100 мингдан ортиқ аҳолига қулай тиббий хизмат кўрсатиш имконини яратди.
Тиббиёт муассасаларини рақамлаш доирасида 29 шифохона 1 минг 400 дона компьютер ва оргтехника билан таъминланди, 15 минг нафар ходим махсус дастурлар асосида ўқитилди, 208 нафар ахборот технологиялари мутахассиси ишга қабул қилинди. Шунингдек, вилоятдаги 197 та бирламчи тиббий тизим муассасалари “Электрон поликлиника” тизимига уланди.
Мазкур йўналишдаги ишлар натижасида 2025 йилнинг биринчи чорагида 180 нафар имтиёзли тоифадаги беморга юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари ўтказилиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 66 фоизга ошган.
Йиғилишда, Президент томонидан жорий йил 7 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижроси доирасида Чортоқ туманида ташкил этилган 90 кунлик штаб фаолияти, тиббий инфратузилмани мақбуллаштириш ва рақамлаш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан ҳам ахборот берилди.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал демократик партияси депутатлари томонидан соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар партиянинг сайловолди дастурий ғояларига тўлиқ мос келишини, аҳоли саломатлиги ва ҳаёт сифати яхшиланишига ижобий таъсир кўрсатаётгани алоҳида таъкидланди. Йиғилиш якунида, мутасадди ташкилотларга тегишли тавсиялар ва таклифлар билдирилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА