English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тиббиётимиз тарихида яна бир муҳим амалиёт самарали ўтказилди
17:56 / 2025-09-08

Миллий тиббиёт маркази мутахассислари томонидан мамлакатимизда илк бор гонaд веналарининг эмболизацияси амалиёти муваффақиятли бажарилди.

Гап шундаки, Қозоғистон фуқароси бўлган аёл бемор Марказга қуйи қорин соҳасидаги доимий оғриқ ва ноқулайликлардан шикоят қилиб мурожаат қилган. Унга қон томирлардаги муаммо – гонaд веналарида рефлюкс ташхиси қўйилди. Бу ҳолат одатда, қондаги оқимнинг нормал йўналишга эмас, аксинча, орқага қайтиши билан тавсифланади ва аёлларда сурункали қорин оғриғига сабаб бўлади ҳамда ҳаёт сифатига салбий таъсир кўрсатади.

Беморга Марказнинг қон томир жарроҳлари ва эндоваскуляр хирурглари томонидан замонавий усул – эмболизация амалиёти амалга оширилди. Бу жараёнда муаммоли вена махсус модда ёрдамида ёпилади ва қон оқими соғлом томирларга йўналтирилади. Шу тариқа, қон айланиши тикланади ва асоратларнинг олди олинади.

– Айнан шу тиббий ёндашув беморнинг ҳолатини енгиллаштиришга, оғриқни камайтиришга ва операциясиз даволанишга имкон берди. Муҳими шундаки, мазкур амалиёт юртимизда илк бор амалга оширилди ва муваффақиятли бажарилди, – дейди Марказ матбуот хизмати раҳбари Зулайҳо Мусурмонова.

Дарҳақиқат, Миллий тиббиёт маркази мутахассислари таъкидлаганидек, бу каби юқори технологияли амалиётларнинг юртимизда татбиқ этила бошланиши соҳадаги илғор ютуқлар сари ташланган яна бир қадам бўлди.

Ўзбекистонда биринчи марта ўтказилган гонaд веналари эмболизацияси амалиёти нафақат миллий тиббиётимизнинг ривожланаётганини, балки юртимиз фуқаролари ва хорижлик беморлар учун ҳам юқори малакали тиббий хизмат кўрсатилаётганини кўрсатади. Бу амалиёт келгусида ҳам юртимизда қўлланилиши ва кўплаб беморларнинг чет элга чиқмасдан шу ернинг ўзида даволанишига туртки бўлади.

Моҳигул Қосимова, ЎзА