2022 йилнинг 9 ойи мобайнида мамлакатимизда давлат бюджетидан фан соҳасига 1 390,7 миллиард сўм ёки фанни ривожлантириш учун кўзда тутилган маблағларнинг 89,6 фоизи ўзлаштирилган. 2022 йилдан бошлаб илмий лойиҳаларни молиялаштириш Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармаси орқали молиялаштиришга ўтказилди ва жамғарма томонидан 2022 йилнинг 9 ойлик якунига кўра 409,1 миллиард сўм маблағ илмий лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилди.
Ноёб илмий объектлар ва илмий муассасаларни сақлаш билан боғлиқ харажатлар учун кўзда тутилган 495,1 миллиард сўм маблағнинг 82,7 фоизи ўзлаштирилган. Илмий-тадқиқот институтлари қайта ташкил топиши ҳамда бюджет ҳисобига молиялаштириш учун 2022 йилдан бошлаб ўтказилиши ва шу муносабат билан бўш турган иш ўринлари ўз вақтида тўлдирилмагани сабабли тўлиқ ўзлаштирилмаган.
9 ой давомида соғлиқни сақлаш соҳасига Давлат бюджетидан йўналтирилган маблағлар миқдори 18 триллион 930,8 миллиард сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 триллион 803,7 миллиард сўмга ёхуд 18,3 фоизга кўп маблағлар ажратилган.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг йиғилишида қайд этиб ўтилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2022 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисида ҳисобот қизғин муҳокама қилинди.

Фракция аъзолари амалга оширилган ишлар билан бирга, айрим камчилик ва муаммоларга алоҳида эътибор қаратдилар. Жумладан, болалар, туғиш ёшидаги, ҳомиладор ва бола эмизувчи аёлларни профилактик махсус препаратлар билан бепул таъминлаш дастури учун 82,5 миллиард режалаштирилган бўлиб, амалда 7,3 миллиард сўми ишлатилган, қолган қисми ўзлаштирилмагани депутатларнинг эътирозига сабаб бўлди. Фракция аъзолари бу борада ўз фикрларини, таклиф-тавсияларини билдирдилар.
Шунингдек, йиғилишда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига бола ҳуқуқлари ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Қайд этилганидек, мамлакатимизда ҳар бир бола ҳеч кимдан кам бўлмай таълим-тарбия олиши учун зарур шароитлар яратилган. Уларни ижтимоий, иқтисодий ва маънавий жиҳатдан ҳимоя қилиш, айниқса, қизиқишлари бўйича тўғри йўналтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Фракция аъзолари қонун лойиҳасини муҳокама қилиш жараёнида унинг бугунги кундаги аҳамияти ва заруратига алоҳида эътибор қаратди. Ушбу ҳужжатни такомиллаштириш бўйича асосли таклифлар илгари сурилди.
М.Комилова,
ЎзА