Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тиббиётдаги ўзгаришлардан аҳоли мамнун
14:31 / 2025-09-09

Фарғона вилояти Қува туманидаги “Пастки Хўжаҳасан” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 82 - оилавий поликлиника 12 минг 500 нафар аҳолига хизмат кўрсатади. Ҳашар асосида қурилган бирламчи тиббиёт бўғини йиллар давомида эътибордан четда қолганди.

Қишда совуқ, ёзда иссиқ хоналарда шифокор ва беморлар учун оддий шарт-шароитлар етишмасди. Имкон топган беморлар туман, вилоят марказидаги шифохоналарга мурожаат қилишга мажбур бўлган.

Эндиликда бу ерда иш тизими, ҳолат ўзгарди, сарсонгарчиликлар барҳам топмоқда. “Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар” дастури ижроси доирасида бу ерда кенг кўламли қурилиш, бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Аҳолига намунали тиббий хизмат кўрсатиш, моддий- техника базасини мустаҳкамлаш, шифокор ва ўрта тиббиёт ҳамширалар малака, маҳоратини ошириш, рағбатлантириш, касалликни эрта аниқлаш билан боғлиқ зарур шароитлар яратилди.

– Чекка қишлоқ оилавий поликлиникасида бу қадар катта ўзгаришлар амалга оширилмаган эди, – дейди поликлиника мудири Маъруфжон  Эгалиев. – Ёмғир ёғса томдан чакки ўтарди, тиббий хизмат хоналари тор, қоронғи, қиш мавсумида етарли даражада иситилмагани беморларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлган. Таъмирлаш жараёнида муолажа хоналар кенгайтирилди, қўшимча бинолар қурилди. Беморлар учун кутиш жойлари, она ва бола хонаси, имконияти чекланганлар ҳаракатини қулайлаштириш, иссиқ ва совуқ сув таъминоти, санитар- гигиена ҳолатларини яхшилаш билан боғлиқ ишлар амалга оширилди. Барча хизматлар рақамлаштирилмоқда. Электрон тиббий карта, телемедицина ва онлайн навбатга ёзилиш каби хизматлар йўлга қўйилди. Бу беморларни ортиқча вақт йўқотмай белгиланган ва ўзи учун қулай бўлган соатларда тиббий кўрикдан ўтиш, муолажа олиш имкониятини беради.     Қишлоқ оилавий поликлиникасига яқин ҳудудда туман юқумли касалликлар шифохонаси жойлашган. 1957 йилда қурилган ва узоқ йиллар давомида таъмирталаб ҳолатда бўлган шифохона энди замонавий кўринишда фойдаланишга топширилди. 60 ўринга мўлжалланган тиббиёт муассасаси санитария қоидалари ва меъёрларига тўлиқ жавоб беради. Янгиланиш доирасида шифохона ҳудудида қўшимча икки қаватли бино қурилди. Қабул бўлими, реанимация, даволаш, лаборатория, автоклав бўлимлари, дори-дармон омборлари тўлиқ таъмирланди ва замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланди.

– Шифохонамиз шу кунга қадар ўз номига муносиб тарзда фаолият олиб боролмаган, – дейди бош шифокор Мавлудахон Мамарасулова. – Тиббий жиҳозлар, зарур имконият, шароитларнинг йўқлиги сабаб баъзан беморлар олдида хижолат бўлардик. Энди ҳамма нарса ўзгарди. Бу ерда марказлашган лаборатория ташкил этилди. Фуқаролар  бир турдаги таҳлилларни турли муассасаларда қайта-қайта топширишдан озод бўлади. Маълумотлар ягона электрон базага киритилиб, барча даражадаги тиббиёт муассасалари томонидан кўрилади ва фойдаланилади. Бу эса вақт ва маблағни тежаб, беморларни оворагарчиликлардан халос этади.

“Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар” дастури доирасида тумандаги мавжуд тиббиёт муассасалари бино ҳолати, мавжуд жиҳозлар, ходимлар таркиби шакллантирилди. Хатлов натижасига мувофиқ, бешта йўналиш бўйича амалга оширилиши керак бўлган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб тасдиқланди. Белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш учун вилоят маҳаллий бюджетидан 10 миллиард сўм маблағ ажратилди.

– Бу дастур айнан инсон учун қулай ва муносиб муҳит яратишга қаратилгани билан эътиборни тортади, – дейди Қува туман тиббиёт бўлими бошлиғи Равшанбек Исоқов. – Бугунги кунда тумандаги 21 та тиббиёт муассасаларида тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида таъмирлаш, бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. 

Тиббиёт муассасаларини рақамлаштириш, соҳа ходимлари малака ва маҳоратини ошириш, рағбатлантириш тартибини жорий этиш ишларига ҳам муҳим эътибор қаратилмоқда.

М.Сулаймонов,ЎзА