Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тиббиётдаги ислоҳотларнинг Қашқадарё вилоятидаги самаралари
11:46 / 2021-12-09

Ўтган икки йиллик пандемия даври нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунё тиббиётини оғир синовлардан ўтказди ва айни кунларга қадар шундай таҳликали вазиятда давом этмоқда. Мана шундай синовли давр бўлишига қарамай мамлакатимизда бошқа соҳалар қатори тиббиёт соҳасида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Буни Қашқадарё вилоятида амалга оширилаётган ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин. 
– Тиббиёт тизимида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – дейди  вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Равшан Тўлаков. – Президентимиз қайд этганидек, соғлиқни сақлаш тизими давлат ва халқ ўртасида кўприк бўлиб, аҳоли тизимдаги ўзгаришларга қараб давлатнинг фаолиятига баҳо беради. Шунинг учун ҳам бу синовли кунларда тиббиёт ходимлари қасамёдларига содиқ қолган ҳолда кучли фуқаролик позициясини намоён этиб, миллат соғлиғи йўлида фидойилик билан меҳнат қилишлари  ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.
Жорий йилнинг 2 ноябрь куни 2022 йил учун солиқ тушумлари ва бюджет параметрлари юзасидан ўтказилган йиғилишда давлатимиз раҳбари таълим ва тиббиёт тизимига 58 триллион сўм ажратилиши кўзда тутилганлигини маълум қилди. Жумладан, тиббиётнинг бирламчи бўғинини ривожлантириш ҳамда ҳудудларда юқори технологик тиббий хизматларни жорий этишга келгуси йилда жами 8 триллион сўм ажратилиши мўлжалланмоқда. Коронавирусга қарши эмланганлар сонини 17 миллион нафарга етказиш, эҳтиёжманд аҳолига ихтисослашган тиббий хизматлар кўрсатиш учун ҳам зарур маблағ берилиши режалаштирилган. Шунингдек, йиғилишда халқ таълими ва тиббиёт ходимлари иш ҳақини босқичма-босқич ошириш бўйича қўшимча маблағ йўналтирилиши алоҳида таъкидланди.  
Президент ва ҳукумат эътибори туфайли вилоят соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган бир қатор ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Хусусан, ўтган йилнинг декабрь ойида айни қиш-қировли кунларда 25 кунлик ўта қисқа муддат давомида вилоятнинг барча туманларида аҳоли тиббий хатловдан ўтказилди. Саломатлик ва касалланиш кўрсаткичларига асосан вилоятда аҳолининг 1 413 009 нафари (42,9 фоиз) соғлом деб топилди. 1 105 468 нафари (33,6 фоиз) паст, 692 533 нафари (21 фоиз) ўрта, 77 569 нафари (2,2 фоиз) юқори хавф гуруҳларига ажратилди. Шу асосда ҳудудларнинг саломатлик профиллари яратилиб, галдаги вазифалар белгилаб олинди. 
Жорий йилда 8 та маҳаллада оилавий шифокорлик пунктлари, 1 та маҳаллада оилавий поликлиника ташкил этилди. Келгуси икки йил давомида 17 та оилавий шифокорлик пункти ҳамда 4 та оилавий поликлиника фаолияти йўлга қўйилади. Вилоятнинг чекка ва олис ҳудудларида яшовчи аҳолини тиббий хизмат билан қамраб олиш мақсадида 12 та ҳудуд шифокорлар билан таъминланди.  Уларга берилган имтиёзлардан тўлиқ фойдаланиш имконияти яратилди. Чекка ва олис худудлар аҳолиси ҳам тиббий хизмат билан тўлиқ қамраб олинди.
2017-2021 йилларда тизимга 118 та махсус автотранспорт воситаси сотиб олинди. Узоқ ҳудудлар учун 3 та “Соболь”, 9 та “УАЗ” тез тиббий ёрдам автомашинаси ажратилди. Яқинда тизимга 10 та “Wolksvagen” русумли замонавий махсус автотранспорт воситаси берилди. Шунингдек, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 2 та “Исузу” автомашинаси ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мобиль поликлиникаси учун тўлиқ тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган 1 та махсус “Исузу” автобуси харид қилинди. Айни пайтда мазкур кўчма поликлиника олис ҳудудлар аҳолисининг узоғини яқин, мушкулини осон қилмоқда, бу техника орқали “маҳаллабай” тизимда тиббий кўрик ташкил этилаётир.
Туман ва шаҳар тез тиббий ёрдам бўлимларида 218 та “Дамас” русумли автотранспорт воситаси мавжуд. Келгуси уч йилда вилоятдаги барча тез ёрдам машиналари замонавий, барча қулайликларга эга бўлган техникаларга алмаштирилади. 2019 йилда вилоятда кардиология, эндокринология ва юқумли касалликлар ихтисосликлари буйича замонавий тиббиёт муассасалари бинолари барпо этилди. Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиалида жорий йилнинг 9 ойида 2 минг 500 нафардан зиёд беморда юқори технологияли кардиожарроҳлик амалиёти ўтказилди.

[gallery-5007]
Натижада пойтахтдаги ва хорижий давлатлардаги клиникаларга бўлган мурожаатлар сони 80 фоизга камайди. Филиалда айни пайтгача республикамизнинг бошқа вилоятлари аҳолисидан ташқари, Тожикистон, Афғонистон ва Туркия фуқаролари ҳам дардларига даво топди. Шу тариқа бу ерда ички ва ташқи тиббий туризм бўлими фаолиятига асос солинди. Швейцария, Россия, Германия, Польша ва Грузия давлатларининг нуфузли клиникалари билан ҳамкорликда мунтазам равишда юқори технологияли кардиожарроҳлик амалиётлари, маҳорат дарслари йўлга қўйилди. Филиал поликлиникаси бугунги кунда тўлиқ электрон поликлиника шаклида фаолият юритмоқда.
Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиалида “Диабет-тўпиғ” бўлими янгидан барпо этилди. Бу ерда 1725 нафар бемор тўпиғида ва 305 нафар бемор қалқонсимон безида   жарроҳлик амалиётлари бажарилди. Шунингдек, марказнинг 10 ўринли гемодиализ бўлимида 15501та гемодиализ сеанси ўтказилди.
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиали биноларини таъмирлаш, беморларга ва уларнинг яқинларига қўшимча қулайликлар яратиш учун жами 800 миллион сўм маблағ сарфланди. Мобиль маммограф, тегишли реактивлар тўплами ва бошқа бир қатор ускуна ва дори-дармонлар учун маҳаллий бюджетдан жами 6 миллиард 705 миллион сўм ажратилди. Жорий йилда шифохона ҳаётида ўта муҳим янгилик содир бўлди. Ислом тараққиёт банки инвестицияси асосида онкологияда ноёб ҳисобланган масофавий нур-терапия ва брахиотерапия ускуналари олиб келиниб, ўрнатилди. 
Вилоятнинг Ғузор, Касби туманлари ва Шаҳрисабз шаҳрида туманлараро қўшма шикастланиш ва ўткир юрак-қон томир касалликлари марказлари ташкил этилмоқда. Ушбу марказлар 34 хил турдаги, жами қиймати 4,3 миллион долларлик тиббий асбоб-ускуналар ва жиҳозлар билан таъминланиши, шунингдек, мазкур муассасаларда гемодиализ хизмати йўлга қўйилиши кўзда тутилган. Вилоятда республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларининг 6 та минтақавий филиали ташкил этилган. 2022 йилда яна 5 та шундай филиал очилиши мўлжалланмоқда.
2022 йилда вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази негизида Оналар ва болалар репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш кластери ташкил этилади. Мазкур кластер замонавий ва юқори технологияли асбоб-ускуналар билан тўлиқ жиҳозланади. Унда ҳомиладор ва фертил ёшидаги аёлларга, 18 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларга барча йўналишлар бўйича замонавий ихтисослашган ва юқори малакали тиббий хизматлар кўрсатилади. Хусусан, эҳтиёждан келиб чиқиб мавжуд имкониятларни инобатга олган ҳолда неонатал кардиохирургия, болалар онкогематология  бўлимлари ташкил этилади.
2017-2021 йилларда вилоят бўйича 312 янги хусусий тиббиёт муассасаси очилиб, уларнинг сони 558 тага етказилди. Айни пайтда мазкур муассасалардаги ўринлар сони 2885 тани ташкил этади. Уларда 1142 нафар шифокор, 1676 нафар ўрта тиббиёт ходими ва 640 нафар бошқа ходимлар фаолият юритиб келмоқда.
Хусусий сектор билан ҳамкорликни ривожлантириш учун 3 та давлат- хусусий шерикчилик лойиҳаси амалга оширилиб, 35 та аутсорсинг ва 73 та ижара шартномаси имзоланди. 2022 йилда хусусий тиббиёт муассасаларининг сони 580 тага етказилиб, 451 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган. 2026 йилнинг охиригача бундай шифо масканларининг сони 700 тадан ошиши, уларда фаолият юритаётган тиббиёт ходимлари сони 5000 нафардан ортиқ бўлиши кутилмоқда. Вилоят ҳудудида юрак-қон томир, нафас ва сийдик йўллари касалликлари сони юқорилиги сабабли кейинги 5 йилда айнан ушбу йўналишларда 7 та хусусий тиббиёт муассасаси ташкил этиш кўзда тутилган.
Хулоса қилиб айтганда тизимда амалга оширилаётган бу каби ислоҳотлар замирида халқимизга юқори савияда, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсади мужассам.

Ўлмас Баротов, 
Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.